Аввал ўзбек тилини, кейин бошқа тилларни ўрганишимиз керак
Ўзбек адабий тилининг ҳозирги ҳолати, унинг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш, тилимизда ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар ҳамда ўзбек тилининг халқаро миқёсда ўрганилиши тилшуносликда долзарб масалалардан бири саналади. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Ўзбекистон–Финландия педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири Шерзод Нормўминов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
- Маълумотларга кўра, дунёда 6 мингдан ортиқ тил бўлиб, фақатгина 100 га яқини адабий ва миллий тил мақомига эга. Сизнингча, ўзбек адабий тилининг бугунги ҳолати қандай?
- Ўзбек адабий тилининг бугунги ҳолати ҳақида гап кетганда, адабий ва миллий тил мақомига эга ана шу тиллар орасида ўзбек тилининг ҳам борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу албатта, ўзбек тилининг бой, пурмаъно ва жозибадорлиги кўрсатади. Аммо тилимиздаги айрим камчиликлар борки, бунга кўз юмиб бўлмайди. Маълумотларга кўра, Корея, Япония, Испания, Россия ва шу каби қатор давлатлар фуқароларининг қарийб 100 фоизи давлат тилини билар экан. Лекин бизда бундай деб айта олмаймиз. Биргина мисол, дўконлар, салонлар, фирмалар, ресторан ва ошхоналар пешлавҳаларидаги аксарият сўзлар чет тилларида номланган. Афсуски, Ўзбекистонда яшаб, жой номларини, ишлаб чиқараётган маҳсулотимизни хориж тилларида ёзишимиз жуда ачинарли ҳолат. Тўғри, кейинги пайтда бу муаммони бартараф этиш мақсадида амалий ишлар олиб бориляпти, лекин кутилган натижага эришилгани йўқ.
Яна бир гап. Кейинги пайтда чет тилларига талаб кучли, деб фарзандларимизга хориж тилларини пул тўлаб ўргатяпмиз. Албатта, ўзга тилларини ўрганиш давр талаби дейишингиз мумкин. Лекин нега она тилимизни мукаммал ўрганмасдан чет тилини ўрганишимиз керак? Ўйлашимча, аввало, ҳар бир инсон она тилини оилада, таълим даргоҳларида, жамоада мукаммал ўрганиши, кейин эса бошқа тилларни билиши керак. Бунинг учун ўзбек тилини она тили ва давлат тили сифатида ўқитишда фақат дарс жараёни билан чекланмасдан турли клублар, тўгараклар ва ўзбек тили курслари ташкил этиш ҳамда барча соҳаларда изоҳли луғатлар яратиш зарур.
- Мутахассис сифатида бугунги кунда ўзбек тилининг қайси жиҳати тадқиқ қилиниши лозим, деб ўйлайсиз?
- Кейинги йилларда ўзбек тилшунослигида самарали ислоҳотларга қўл уриляпти. Бироқ тан олиш керакки, оғриқли масалалар ҳам йўқ эмас. Жумладан, улардан бири грамматика. Ўзбек тилида грамматиканинг ичига кирган сари мураккаблаштириб бориляпти. Аксарият ҳолларда дарсликлардаги пуч маълумотлар ўқувчиларни чалғитаётганини кўриш мумкин.
Мазкур муаммони бартараф этиш учун аввало, дарсликларда ўзбек тили грамматикасини соддалаштириб, кўпроқ ўқувчиларнинг имло саводхонлиги ва нотиқлигига эътибор қаратиш лозим. Масалан, фақат юқори синф она тили дарслигида нутқ маданияти, нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги ва жозибадорлиги мавзулари берилган. Қуйи синфларда эса йўқ. Ахир ўқувчиларга ёшлигидан тўғри гапиришни, сўзни ўз ўрнида қўллашни ўргатишимиз керак эмасми? Шунингдек, кейинги йилларда прагмалингвистика, компьютер лингвистикаси, лингвокултурология, психолингвистика ва терминология соҳалари ривожланиб боряпти. Лекин бу тушунчаларнинг ҳеч бири дарсликларда учрамайди. Мазкур соҳаларнинг моҳияти ва йўналишларини ўқувчиларга англатиш фурсати етди назаримда.
- Ислоҳ қилинаётган алифбонинг тилимизга қандай таъсири бор?
- Кузатишлардан маълумки, дунёнинг бирон-бир мамлакатида мукаммал алифбо яратилган эмас. Зеро, товушнинг турли вариантлари мавжуд. Бу эса товуш ва ҳарф ўртасидаги муайян тафовутларни ҳам келтириб чиқаради. Алифбонинг ислоҳ қилинишига келсак, ундаги 29 та ҳарфдан учтаси (sh, ch, ng) жузъий ўзгартирилмоқда. Иккитаси эса (Оʻ ва Gʻ) ёзма кўринишга мослаштириляпти. Албатта, бу ислоҳда ижтимой-иқтисодий, маънавий-маърифий жиҳатлар ҳисобга олиниши керак. Лекин ислоҳ қилинган алифбо тилимизнинг ёзувда акс эттирилишини янада қулайлаштиради.
- Ўзбек тилининг халқаро миқёсда тутган ўрни ҳақида нималар дея оласиз?
- Маълумки, ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан бири саналади. Дунё бўйича 50 миллионга яқин киши шу тилда сўзлашади.
Масалан, кейинги йилларда Япониядаги Осака, Токио чет тиллар университети, Жанубий Кореядаги Конкук, Пусан, Берлинда Хумболдт университетларида ҳамда Хитой, Туркия, Америка давлатлари олийгоҳларида ўзбек тили курслари ташкил этилгани тилимизнинг нуфузи ошаётганлигини кўрсатади. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлагани, яқинда Европа ва АҚШда "Ўзбек тили дўстлари" клубининг ташкил этилгани ҳамда кўпгина давлатларда Алишер Навоий номидаги турли халқаро марказлар фаолиятининг йўлга қўйилиши дунёда ўзбек тилининг обрўси мустаҳкамланаётганлигидан дарак беради.
Фазлиддин Рўзибоев суҳбатлашди.