Бешёғочликлар қачон тоза ичимлик суви билан таъминланади?
Ургут туманидаги маҳаллалар фаолияти, моддий-техник базаси ҳолатини ўрганиш чоғида Бешёғоч маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб, раис ва фаоллар билан суҳбатлашдик.
Ишлаш, аҳолини қабул қилиш учун керакли шароит яратилган маҳалла марказига борганимизда бу ерда “Агробанк” туман филиали ходими келиб, кредит олиш ниятида бўлган бешёғочликларга маълумот бераётгани устидан чиқдик.
Маҳалланинг Файзиобод ҳудудида яшовчи Қиёмиддин Примов кредит олиб, ўз оиласи ва қўни-қўшнилар учун артезиан қудуғи ковлатмоқчи эканлигини билдирди. Бунинг сабабини сўраганимизда хонадони томон бошлади.
Бешёғоч маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фаррух Мелибоевнинг айтишича, маҳалла аҳолиси ичимлик сувини ҳам, экинларни суғориш учун сувни ҳам қўшни қишлоқлар билан навбат асосида олар экан. Тоғдаги булоқдан ва “Дарғом-1” насос станциясидан сув чиқариб берилади. Лекин бу тармоқни ҳам аҳоли, фермерлар кўп жойидан тешиб олгани сабабли қишлоқнинг охирги томорқаларигача сув етиб бормайди.
Кўп идораларга мурожаатлардан кейин ўтган йил маҳаллада иккита артезиан қудуғи қазилган. Сув чиқарилган, аммо иш якунига етказилмаган. Натижада ҳозир артезиан ярим соат сув чиқаради-ю тўхтаб қолади. Юздан ортиқ хонадонга шу сувдан боради. Қолган 600 дан кўпроқ хонадон ариқ ва ҳовуздан сув ичади.
Бугун барча ҳудудларда маҳаллабай ишлаш, хонадонма-хонадон юриш амалиёти жорий этилган пайтда жойларда сув билан боғлиқ шундай муаммолар борлиги айтилса, ишонишингиз қийин, аммо кўрганимиз ҳақиқат. Бу суратларда ҳам акс этган. Фақат бу ҳақиқатни масъуллар ҳам кўриб, тегишли хулоса чиқаришса бўлгани.
Ҳусан Ҳушёр.