Болаларни кундузги оромгоҳларга жалб қилиб, уларнинг вақтини ўғирламаяпмизми?
Жорий йилги ёзги таътилда вилоятимизда 56 та кундузги оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилди. Мавсум якунигача уларда навбати билан 11 минг 370 нафар боланинг дам олишини ташкил этиш режалаштирилган. Хўш, бу оромгоҳларда болалар вақтини қандай ўтказмоқда?
Ушбу саволга Пайариқ тумани мисолида жавоб топишга ҳаракат қилдик.
Тумандаги 6-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Келажак” кундузги соғломлаштириш оромгоҳида 200 нафар бола 10 кундан уч навбатда ҳордиқ чиқариши кўзда тутилган. Ҳозирда Фаровон, Алишер Навоий, Тоҳир Шайх, Гўзал ва Мустақиллик маҳаллаларидан 70 нафар 2 ва 3-синф ўқувчилари оромгоҳга қабул қилинган.
- Машғулотлар самарадорлигини ошириш мақсадида болаларни ёшига қараб тақсимладик, - дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жасур Менглиев. – Энг кичиклари биринчи навбатда, каттароқлари кейинги навбатларда соғломлаштирилади. Бундан ташқари, бир навбатдаги болалар яна 4 гуруҳга бўлиниб, ҳар бирига раҳбар тайинланган. Умумий жараёнга 20 нафар тажрибали педагог, психолог, ҳамшира ва спорт мураббийлари жалб қилинди.
Оромгоҳ 8:30 дан 12:00 га қадар фаолият кўрсатади. Бу вақт ичида гуруҳларга бўлинган болажонлар “Соғ танда соғлом ақл”, “Китобим – офтобим”, “Болалигим – пошшолигим”, “Мусиқий психологик амалиёт”, “Компьютер саводхонлиги” сингари қизиқарли машғулотларда қатнашади.
— Албатта, болалар ёзги таътилни ўз хоҳишича, имкон қадар мактабдан, ўқиш-чизишдан йироқда ўтказишга ҳаракат қилади, - дейди гуруҳ раҳбари Чарос Тоҳирова. – Шу сабабли аввал бошида мактабда ташкил этилган оромгоҳга қизиқувчилар кам бўлди. Аммо бир нечта машғулотдан сўнг барчанинг фикри ўзгарди. Бунда бизнинг анъанавий усуллардан воз кечиб, соғломлаштириш тадбирларини болаларнинг қизиқиши, истагига мослаганимиз қўл келмоқда. Бундан нафақат ўқувчилар, балки уларнинг ота-онаси ҳам хурсанд.
Навбатдаги манзилимиз тумандаги 71-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган “Қалдирғоч” кундузги соғломлаштириш оромгоҳи бўлди. Очиғи, бу ерда биз мактаб ҳовлисида турган стол теннисидан бўлак на бир кўргазма восита ва на бирор оила кўрдик.
Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Феруз Турсунов бизни машғулот ўтказилаётган хонага бошлади. Хонада 10 нафар бола ўтирибди, шундан беш нафари бошланғич, қолган бештаси юқори синф ўқувчиси. Машғулот номи ҳам қизиқ – “Натурал сонларни бўлиш ва кўпайтириш”. Дарс эрталаб соат 9:00 да бошланган экан. Биз тушга яқин борганлигимизни инобатга олсак, болалар математика “дарс”ининг ўзида 2 соатдан буён ўтирган бўлиб чиқяпти.
Бошқа гуруҳларда вазият яхшироқдир деб ўйладик. Аммо маъмурият кутубхонада ўтирган 5 нафар, спорт залида ўйнаётган 4 нафар боладан бошқа ҳеч кимни топа олмади. Ҳолбуки, режага асосан оромгоҳда биринчи навбатда 60 нафар ўқувчи соғломлаштирилиши керак. Ҳолатни Феруз Турсунов қуйидагича изоҳлади:
- Ҳаво жуда иссиқ. Шу сабабли болалар эртароқ келиб, эртароқ кетишяпти. Машғулотлар вақти ҳам кўчирилган.
Хўп, машғулотлар эртароқ бошланаётган экан, режа, дастур борми? Машғулотлар тури, номи қанақа? Қайси ёшдаги болалар жалб қилинган? Бу саволларимиз жавобсиз қолди.
Мақсадимиз қайсидир оромгоҳдаги камчиликларни ошкор қилиб, шов-шув кўтариш эмас. Қошида кундузги оромгоҳ ташкил этилган мактаб жамоалари ҳам ўқув йилини яқинда якунлаб, ҳориб-толиб янги вазифага киришди. Буни инкор этиб бўлмайди. Лекин болалар билан ишлашда масъулиятсизлик ҳам кетмайди. “Қалдирғоч”дагилар аниқланган камчиликларни қисқа фурсатда бартараф этиб, номигагина эмас, ҳақиқий машғулотларни, соғломлаштирувчи тадбирларни бошлайди, деган умиддамиз.
Шу ўринда кишини ўйга толдирадиган яна бир нечта масалага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Биринчидан, кундузги оромгоҳлар номига “соғломлаштирувчи” сўзини қўшиб ишлатиш қанчалар тўғри? Одатда, соғломлаштириш деганда кўз олдимизга тоғ бағрида жойлашган соя-салқин оромгоҳлар, чўмилиш ҳавзалари, спорт мажмуалари келади. Кундузги оромгоҳ-чи? Асосан мактабларда ташкил этилган бу масканларда на чўмилиш, на табиат бағрида сайр қилиш имкони бор. Шусиз ҳам мактабдан зериккан болаларни яна мактабга чақириб, “соғломлаштириб” бўладими?
Оромгоҳларга жалб қилинган ходимлар масаласида. Пайариқдаги ўрганишимиз вақтида масъуллар ходимларга қўшимча ойлик тўланмаслигини, бунинг ўрнига, ишлаган кунлари асосий меҳнат таътилига қўшиб берилишини айтишди. Бу меҳнат қонунчилигига тўғри келадими? Қолаверса, ўзи маънан чарчаган ўқитувчилар болаларни қандай соғломлаштиради? Жараёнда камчилик чиқса, яна балогардон ўқитувчими?
Гапнинг индаллосини айтганда, кундузги оромгоҳлар шунчаки ҳисобот учун хизмат қилаётгандек таассурот қолдирди бизда. Унинг ўрнига болаларни спорт тўгаракларига жалб қилиш, ҳунарга йўналтириш мақсадга мувофиқ эмасми? Масъуллар масаланинг бу жиҳатларини ҳам ўйлаб кўрса, яхши бўларди. Зеро, болаларнинг вақтини, у ёзги таътилда бўлса ҳам, “ўғирлаш”га ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ,
Асқар БАРОТОВ.