Бозорлардаги нарх-наво департамент назоратида
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси ва туман-шаҳар бўлимлари томонидан аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини узлуксиз таъминлаш ҳамда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бозорларда тегишли маҳсулотлар захираси ўрганилиб, ҳисоботларга нисбатан кам жамғарилганлиги учун 41 та бозор ва улар ҳузуридаги 38 та тайёрлов харид корхоналари раҳбарлари ёзма равишда огоҳлантирилди.
Ўрнатилган назорат тадбирлари натижасида деҳқон бозорлари қошида ташкил этилган арзонлаштирилган маҳсулотлар сотишга мўлжалланган 38 та харид савдо корхонаси томонидан аҳолига 2 миллиард 351 миллион сўмлик маҳсулотлар арзон нархларда сотилди.
2020 йилнинг октябрь-декабрь ойларида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳридаги ҳамда туманлар марказий деҳқон бозорларига 9 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш бўйича тасдиқланган режа-график ижроси юзасидан кунлик назорат ўрнатилди.
Самарқанд, Жомбой ва Тойлоқ туманларида фаолият юритувчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналар томонидан “Сиёб деҳқон бозори”, “Темирйўл деҳқон бозори” ва “Дамариқ деҳқон бозори”га мол гўшти, товуқ гўшти, тухум, балиқ ва ўсимлик ёғи арзонлаштирилган нархларда олиб келиниб сотилди.
Аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида бозорлар ва аҳоли гавжум жойларда 73 та “Янги йил” (46 та муқобил ва 27 та кўчма) ярмаркалари ташкил этилиб, 41 турдаги 514 тонна маҳсулот сотувга чиқарилди.
Бошқармамиз ташаббуси билан “Даладан дастурхонга” тамойили асосида чорва моллари етиштириш ва сўйиш фаолияти билан шуғулланувчи жамият Самарқанд шаҳар аҳолисига сифатли ва арзон гўшт маҳсулотлари етказиб беришга жалб қилинди. Шу орқали Сиёб ва Темирйўл деҳқон бозорларидаги муқим нуқталарда ҳамда бозорлардан узоқ масофада жойлашган аҳоли гавжум ҳудудларга 10 та махсус жиҳозланган кўчма дўконлар орқали бир кунда ўртача 2,5-3 тонна миқдорида 50-53 минг сўмдан гўшт етказиб берилиши йўлга қўйилди.
Деҳқон бозорларида нархлар барқарорлигини сақлаш ва маҳсулотларни аҳолига узлуксиз етказиб бериш мақсадида бошқа ҳудудлардан асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари интервенция қилинди. Яъни, 298,9 тонна картошка, 198,1 тонна пиёз, 207,1 тонна сабзи, 196,9 тонна ўсимлик ёғи, 283,4 тонна шакар, 91,2 тонна гўшт, 34,3 тонна ун ва 135,5 тонна бошқа маҳсулотлар интервенцияси амалга оширилиб, аҳолига етказиб берилган.
Бугунги кунда 147 та “Яшил дўкон” ва “Кичик экобозор” ташкил қилиш борасида 143 та ташаббускор тадбиркор аниқланган. Уларнинг 105 нафарига ҳокимликлар қарорлари билан ер ажратиб берилди, 59 тасида енгил конструкцияли савдо нуқталарини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Енгил конструкцияли савдо нуқталарининг 15 таси фаолият бошлади.
Умуман, деҳқон бозорлари фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ҳудудий бўлимлар томонидан 13 та тақдимнома, 76 та огоҳлантирув киритилди. Мазкур назорат тадбирлари натижасида 21 та бозор мутасаддиларига интизомий жазо чоралари қўлланилган ва 1 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган.
М.Рўзматов,
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи.