Бугун депутатларнинг муҳокама марказида қайси масалалар турибди?

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўқсон биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни Кенгаш котибияти мудири С.Усмонов бошқарди.

Дастлаб Президент топшириғига асосан, вилоятда “Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг хулосалари депутатлар томонидан маълумот учун қабул қилинди.

Шундан сўнг вилоят маъмурий суди раисининг жорий йил 9 ой давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлар юзасидан ахбороти тингланди.

- Вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлар томонидан 9 ойда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 979 та маъмурий иш кўриб, тамомланган, - деди вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев. - Шундан 464 таси қаноатлантирилди, 320 таси рад қилинди, 93 таси иш юритишдан тугатилди, 102 таси кўрмасдан қолдирилди.

Депутатлар давлат идораларидаги юридик хизматлар фаолиятининг сустлиги, маъмурий судларнинг аҳоли ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларига эътиборсиз муносабатда бўлаётгани танқид қилинди.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи С.Жабборовнинг Президентимизнинг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ҳисоботи депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижроси юзасидан вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи А.Ашуровнинг ҳисоботи ҳам бир нечта саволларни юзага чиқарди.

- Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича зарур чораларни кўрган ҳолда мутасадди ташкилотлар билан тизимли ишлар олиб борилиши зарур, - деди А.Ашуров. - Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Спитаменшох, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Беруний, Университет хиёбони, Мотрид, Панжакент, М-378 автомобиль йўлининг Тойлоқ марказигача бўлган кўчалари бўйлаб алоҳида автобус йўлакларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Буни “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш мумкин.

Иккинчидан, шаҳардаги мавжуд 198 та автобус бекатини (99 таси хусусий тадбиркорларга тегишли) тартибга солиш ва келгусида қуриладиган янги автобус бекатларида савдо нуқталарини жойлаштирмаслик шарти билан хусусий тадбиркорларга ажратиш чораларини кўриш керак.

Сессияда 2023 йил учинчи чорак якунлари бўйича вилоят ҳокими ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши натижаларини тасдиқлаш ҳамда Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон ва Нуробод туманларининг мавжуд маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар вилоятда ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифлари миқдорини белгилаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, маъқулладилар.

Унга кўра, вилоятимизда ичимлик суви учун тарифлар миқдори аҳоли учун (1 метр кубга) – 2500 сўм, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун (1 метр кубга) – 5700 (ҚҚСсиз) сўм. Оқова сув аҳоли учун (1 метр кубга) – 1600 сўм, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун (1 метр кубга) – 4300 (ҚҚСсиз) сўм этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, сессия давомида вилоят ҳокимлигининг янгиланган ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишига рухсат бериш, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси балансидаги фойдаланилмасдан турган “Асфальт-бетон ишлаб чиқариш цехи” бино ва иншоотларини аукцион савдоларига чиқариш тўғрисидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, Кенгаш қарорлари қабул қилинди.