Булунғурда 2 минг гектар лалми ер майдони суғориладиган ерлар тоифасига ўзгартирилади
Ишсизликни қисқартириш ва аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида туманнинг Хўжамазгил маҳалласида шунча лалми майдонини суғориладиган ерлар тоифасига ўзгартириб, картошка етиштиришни йўлга қўйиш учун зарур ишлар олиб бориляпти.
Бунинг учун 2 та сув ҳайдаш насоси, 4 километр сув юриш қувури ва 1 дона трансформатор ўрнатилмоқда.
Лойиҳа “Туронбанк” АТБ таъсисчилигидаги “Turon Plaza Hotel” МЧЖ томонидан молиялаштирилиб, бугунгача 2 та йўналишда жами 4 километр труба учун котлован қазилиб, 2 километр масофадаги эски трубалар чиқариб олинган ва яроқлилиги бўйича экспертизадан ўтказилган. Шунингдек, 720 диаметрлик 2 минг метр янги трубалар олиб келинган, яроқли бўлган эски трубалар изоляция қилиниб, ўрнатилган.
Насос станция яқинидаги асосий ва дала ичидаги сувни қабул қилувчи ҳовузлар қуриб битказилган.
“To‘palang HPD Holding” МЧЖ ва “Сувмаш” АЖ ўртасида 2,5 млрд. сўмга имзоланган шартномага мувофиқ, “Сувмаш” АЖ томонидан электродвигателлар лаборатория ва экспертизадан ўтказиб, тайёр ҳолга келтирилган.
Бундан ташқари, “Самарқанд сув қурилиш инвест” давлат муассасаси буюртмаси асосида “Ўзсувлойиҳа” АЖ томонидан қўшимча лойиҳачи билан биргаликда электр энергияси тармоғини тортиш лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, “To‘palang HPD Holding” МЧЖ ва “Zavod NVA” МЧЖ билан 4,2 млрд. сўмга шартнома имзоланган. Бугунги кунда электр тармоғининг тайёрлов ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур насос станциялари 1 октябргача ишга туширилиши белгиланган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш мақсадида “Туронбанк” АТБ томонидан “Original Project” МЧЖ жалб этилиб, 2 минг гектар ер майдонида томчилатиб суғориш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ташкил этиш белгиланган. Бу мақсадда лойиҳа смета ҳужжатлари (ер тоифасига асосан лотларга бўлиш, тупроқ унумдорлиги аниқлаш, томчилатиш тизими, гидрантлар ва кичик ҳовуз ўрнатиш, экиладиган кўчат нави ва ҳосилдорлик) ишлаб чиқилган.
Туман ҳокимлигининг таклифига асосан 2 минг гектар ерни тадбиркор ва фермерларга аукцион орқали сотиш мақсадида ўртача 10 гектардан ер майдони 204 та лотга ажратиб чиқилган. Бугунги кунда мазкур лотларнинг 114 таси аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, 74 таси сотилган, 35 тасида жараён давом этмоқда, қолган лотларни аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳани иккинчи босқичи доирасида тадбиркор ва фермерларга суғориш учун “Туронбанк” АТБ томонидан “Ўзсувлойиҳа” АЖ жалб этилиб, асосий ҳовуздан 204 та лотларга сувни етказиш мақсадида лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Ҳудудда амалга оширилаётган ушбу йирик лойиҳа ишга тушиши натижасида янги ерлар ўзлаштирилиб, янги иш ўринлари яратилиши, маҳаллий аҳоли учун даромад манбаи яратилиши кутилмоқда, дея хабар беради Булунғур тумани ҳокимлиги.