Буюк Британия: Лиз Трасс кабинетидаги иккинчи истеъфо
Буюк Британия ички ишлар вазири Суэлла Браверман Бош вазир Лиз Трасс кабинетининг иқтисодий сиёсати, хусусан, даромад солиғини камайтириш бўйича кескин ўзгаришлари билан норози бўлгани учун истеъфога чиқди. Собиқ транспорт вазири Грант Шэппс ички ишлар вазирлигининг янги раҳбари этиб тайинланди.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг истеъфога чиқиши амалдаги ҳукумат таркибида иккинчисидир. Вазирлар маҳкамасидан биринчи бўлиб молия вазири – молия канцлери Квази Квартенг чиқиб кетди. Ҳукумат раҳбари биринчи навбатда, лейбористлар (икки етакчи сиёсий партиялардан бири) мухолифатининг қаттиқ танқидига учрамоқда. Унинг раҳбари Кир Стармер Британия парламенти Жамоатлар палатаси йиғилишида шундай деди:
"Мана менинг рўйхатим: 45 фоиз солиқ, корпоратив солиқ имтиёзлари ва солиқни 20 фоизга камайтириш бекор қилинди. Икки йиллик энергия нархини музлатиш, солиқсиз харидлар бекор қилинди. Энг яхши дўст дейилган собиқ канцлер, у ҳам йўқ. Ҳеч нарса йўқ. Нега у ҳали ҳам шу ерда?!".
“Мен жангчиман, қўрқоқ эмас. Иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун миллий манфаатлар учун ҳаракат қилдим” деб жавоб берди унга Лиз Трасс.
Аммо бош вазир танқидчиларининг айтишича, у эълон қилган сиёсат унинг шахсий қарори бўлган ва ҳатто Трасснинг баъзи тарафдорлари унинг мавқеини «бўш» деб билишади.
Ўтган ҳафта ҳукумат раҳбари молиялаштирилмаган солиқларни қисқартириш пакетини қайта кўриб чиқишни бошлади. Бу эса қарз олиш харажатларини оширди ва фунт стерлинг ва давлат облигациялари пасайиши фонида Англия банкини аралашишга мажбур қилди.