Буюк Британияга қимматга тушаётган "Brexit" ёхуд Тереза Мей истеъфога чиқишини эълон қилди
Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй бугун истеъфога чиқиши хусусида маълум қилди.
У ўз қарори ҳақида эълон қилар экан йиғлаб юборган.
Хўш, нега Мей истеъфога чиқаяпти?
Мейнинг истеъфога чиқишига сабаб, у на ҳукуматни ва на халқни Буюк Британия Евроиттифоқ таркибидан чиқиб кетса ҳозиргидан яхшироқ бўлишига ишонтира олмади.
Бир пайтлар, бундан уч йил олдин Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқариш тарафдори бўлиб ўртага чиққан ва ҳатто референдум ўтказиб, ўша ўтказилган умумхалқ референдумда ўзига керакли натижани қўлга киритган ҳам айнан Мейнинг партияси эди.
Референдумда Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқишини ёқлаб овоз берганлар ғолиб чиқишгач, ўша пайтда мамлакат бош вазири бўлиб турган Дэвид Кэмерон бу иш хато бўлганини ва мамлакат учун қимматга тушиши мумкинлигини башорат қилиб, "энди мамлакатга янги раҳбар керак" деб истеъфо берган эди.
Унинг ўрнига келган Тереза Мей орада ўтган йиллар мобайнида Буюк Британияни Евроиттифоқдан тезроқ ажратиб олишга роса уринди. Аммо, бу ишни уддалай олмади.
Сабаби, ўшанда унинг партияси "Буюк Британия Евроиттифоқдан ажралиб чиқса, унинг таркибида юрган ҳолатидан яхшироқ ҳолатда бўлади" деб ҳисоб-китобни нотўғри олган экан. Ўша референдум бўлиб ўтганидан сўнг Европа Иттифоқи раҳбарлари аксинча ҳисоб–китобни тўғри олишганми Буюк Британия халқининг Евроиттифоқдан чиқиш қарорини хотиржамлик билан қабул қилдилар. Буюк Британия эса референдумнинг эртасидан бошлаб катта миқдорда зарар қила бошлади.
Энг аввало, дунёнинг турли бурчакларидан келиб Евроиттифоқдаги бош офисларини Лондонда очган турли корпорация ва компаниялар ўз офисларини кўчира бошладилар. Шундан сўнг ишлаб чиқаришларини ҳам қитъага кўчира бошладилар.
Шунингдек, Буюк Британия фонд биржаларда кутилмаган пастлашлар содир бўлди ва мамлакатдаги йирик компаниялар қимматли қоғозларининг нархи пастлай бошлади. Оқибатда Буюк Британия иқтисодиёти катта зарар кўра бошлади. Зарар кўлами 2019 йилнинг бошигача қарийб 100 миллиардга етди.
Евроиттифоқдан чиқиш оқибати туфайли иқтисодиётга етаётган кунлик, ойлик, йиллик зарарлар қанча миқдорда бўлаётгани ҳақидаги ҳар бир хабар ОАВда ёритилиши ортидан бироз олдин Евроиттифоқдан чиқишни ёқлаб овоз берган аҳолининг ва унинг ташаббускори бўлган амалдорларнинг фикри ўзгариб бораверди. Оқибатда Мейга ўхшаб "Буюк Британия Евроиттифоқдан чиқиши керак ва бу учун охиригача туриб бераман" деганлар сони анча сийраклашиб қолди. Энди вазият ўзгариб, Евроиттифоқдан чиқишга қарши бўлганларга уларнинг "кучи" етмай қолди.
Буни устига охирги йилларда Буюк Британия таркибида омонат тургандай бўлиб қолган Шотландия ва Шимолий Ирландия аҳолиси ўша референдумда Буюк Британиянинг Евроиттифоқ таркибидан чиқиб кетишига қарши овоз беришган эди. Буюк Британия Евроиттифоқ таркибидан узил-кесил чиққан куннинг эртасига мустақиллик ҳақида референдум ўтказишлари ҳақида расмий Лондонга ультиматум қўйган эдилар.
22 май куни Буюк Британия парламентининг вакиллар палатаси етакчиси Андреа Лидсом бош вазир Тереза Мей билан "Brexit" масаласида келиша олмагани учун истеъфога чиқаётганини маълум қилганди.
Охирги умидидан айрилган Мей ўз рақиблари қаршисида ожиз ва ёлғиз қолди ва ўз истеъфосини эълон қилишга мажбур бўлди.
Мэй 7 июнда лавозимини тарк этади. Британия қироллига ташқи ишлар вазири Жереми Хантнинг айтишича, бунга қадар Мэй Лондонда Дональд Трампни қабул қилади.
Бош вазирликка бўлажак номзодлар сифатида собиқ ташқи ишлар вазири ва Лондон мэри Борис Жонсон, парламент умумпалаталари собиқ бошлиғи Андреа Лидс, ташқи ишлар вазири Хант, шунингдек, ички ишлар вазири Саждид Жавид кўрилмоқда.
Тереза Мэй ҳокимият тепасига 2016 йил 11 июль куни келганди. Мамлакатда "Brexit" бўйича реферерундум натижалари эълон қилингач, аввалги бош вазир Дэвид Кэмерон лавозимни тарк этганди.