Дарсга кирмаган «завуч» ўқитувчига нимани ўргатади?

Мактабда муассаса раҳбаридан кўра мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосаридан кўпроқ чўчирдик. Албатта, у бизни уриб, саваламаган, бироқ ўқитувчи ва ўқувчилар унинг оёқ товушидан сезиб, сергак тортарди. Ҳатто «Дарсга завучимиз – Тоҳиров кирар экан, ҳар доимги гап, болалар», деб гоҳида ўқитувчиларимиз ҳам сўзини йўқотиб қўярди.

Тоҳиров адабиёт ўқитувчиси бўлгани учун ўқувчиларни доимо бадиий китоб ҳамда газета ва журналларни ўқишга, мутолаа қилишга ундарди. Ўқувчиларни туман ва вилоят миқёсида ўтказиладиган мусобақа ва мушоираларга олиб борарди. Бир сўз билан айтганда талабчан, ташаббускор ва илмга ташна инсон эди...

10-синфда ўқиётган жияним имтиҳонларни аъло баҳолар билан топширганини ва мактабни олтин медал билан битириши мумкинлигини айтиб қолди. Бироқ рус тилидан бироз нўноқлиги боис, бундай мукофотни қўлга киритолмаслиги мумкин экан. Шунинг учун мендан бирорта репетитор топиб беришимни сўради. Унинг айтишича, фан ўқитувчиси кўп ҳолларда дарсга кирмайди. Дарсда бўлса ҳам асосий вақтини телефонда гаплашиш билан ўтказар эмиш.

Жиянимдан ўқитувчи шу тартибда дарс ўтишини муассаса раҳбарлари билмайдими, деб сўрадим. «Мактабимизда икки-уч марта зовуч ўзгарди, лекин бирортаси дарсимизга кириб ўтирмаган» деди у.

Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига ўқув жараёнини ташкил қилиш, давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув-тарбиявий режалар ва дастурларнинг бажарилишини таъминлаш вазифаси юклатилган. Шунингдек, унинг зиммасида ўқитувчиларнинг педагогик фаолиятини таҳлил қилиш, АРМларни журнал ва газеталар билан таъминлаш ҳамда ота-оналар билан ҳамкорликда ишлаш каби вазифалар бор.  

Хўш, завучлар бугун бу ишларнинг қай бирини уддалаяпти? Таълим сифати йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар уларнинг масъулиятини оширдими? Бугун қайси зовуч дарс жараёнларини кузатиб, ўқитувчилар фаолиятига баҳо беряпти? Бизнингча, директор ўқув ишлари бўйича ўринбосарларининг аксарияти ҳужжатбозликдан воз кечолмаяпти. Қолаверса, уларнинг “Вақт ўтса, маошимни олиб турсам бўлди”, қабилида иш тутаётганини таълим муассасаларида тез-тез дуч келинаётган камчиликлардан ҳам билишимиз мумкин. Зовучларнинг бундай ҳаракатлари эса афсуски, таълим ривожига тўсиқ бўлаётгани ҳақиқат.

Бизнингча, завучлар ўз вазифасини сидқидилдан, виждонан бажарса, таълим сифати сезиларли даражада ўзгаради. Қолаверса, кўзланган мақсадга эришиш ҳам мушкул бўлмайди.

Абдужаббор Пўлатов.