ДХХ: Гулистонда электр тармоқлари корхонаси бошлиғи, Кармана ва Янгиерда ИИБ ходимлари пора билан ушланди

Гулистон шаҳар электр тармоқлари корхонаси бошлиғи савдо фаолиятини олиб боришга ихтисослашган МЧЖнинг электр энергиясидан қарздорлигини танишлари орқали ҳисобдан чиқартириб бериш эвазига 78 миллион сўм пора олган. Аммо қарзни ўчиро олмасдан, пулнинг бир қисмини қайтариш чоғида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Навоий вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизматининг Киберхавфсизлик бўлинмаси катта тезкор ходими Кармана туманида яшовчи фуқаронинг пластик картасидан 62 млн. сўм пул ноқонуний ечиб олган шахсларни аниқлаб бериш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган. Бундай ҳолатларни фош этиш катта тезкор ходимнинг бевосита хизмат вазифасига кирса-да, у жабрланувчидан сўралган пул маблағини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинган.

Сирдарё вилоятида ИИБ ходими қўлга олинган. Янгиер шаҳар ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи катта инспектори пробация назоратида турган, шу йилнинг февраль ойида суд ҳукмига асосан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган шахсни жазони Янгиер шаҳрида ўтамаслик, Тошкент шаҳрида эркин тадбиркорлик фаолиятини олиб бориши учун ёрдам бериш, яшаш манзилини текширмаслик ҳамда чора кўрмаслик эвазига Янгиер шаҳридан 2 хонали уйни сотиб олиб, унинг номига расмийлаштириб беришини ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи беришини талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан прокуратура ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда катта инспектор 400 АҚШ доллари ҳамда 1 млн. 260 минг сўмни ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.