Эрон орбитага сунъий йўлдош чиқарди: Ғарб нимадан хавфсирамоқда?

Яқин Шарқда кескинлик кучайган бир пайтда Эрон коинотга навбатдаги муваффақиятли қадам ташлади.

«Qaem 100» ракетаси «Surayya» йўлдошини орбитага муваффақиятли олиб чиқди. 

Янги космик муваффақият Яқин Шарқда кескинлик кучайган бир пайтда ва Эрон ва Покистон ҳаво ҳужумларини алмашганидан бир неча кун ўтиб эълон қилинди.

Қўшма Штатлар аввалроқ Эрон сунъий йўлдоши учирилиши БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига зид эканини айтган ва Теҳронни ядровий баллистик ракеталар билан боғлиқ ҳеч қандай чора кўрмасликка чақирган эди. Эроннинг баллистик ракета дастури билан боғлиқ БМТ санкциялари ўтган йилнинг октябрида тугаган.

Қитъалараро баллистик ракеталар ядро қуролини етказиб бериш учун ишлатилиши мумкин. Жаҳон кучлари билан ядровий келишув бузилганидан кейин Эрон қурол даражасига яқин уран ишлаб чиқаришни бошлади. Агар Теҳрон ишлаб чиқаришга қарор қилса, “бир нечта” ядровий қурол яратиш учун етарли даражада бойитилган уранга эга, дея огоҳлантирган Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари.

Аммо Эрон ҳар доим ядровий қуролга интилаётганини рад этиб келади ва ядровий фаолияти каби космик дастури ҳам фақат фуқаролик мақсадларида эканлигини таъкидлаб келади.

Бироқ, АҚШ разведка идоралари ва МАГАТЭ Эроннинг уюшган ҳарбий ядро дастурига эга эканлигини даъво қилмоқда.

2019 йил февраль ойида Имом Ҳумайний космодромидаги ёнғинда уч тадқиқотчи ҳалок бўлган эди. Ўша йил охирида учириш майдончасида ракета портлаши АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Доналд Трампнинг эътиборини тортди ва у АҚШ кузатув сайтидан олинган фотосуратни кўриб твит орқали Эронни масхара қилган.

Декабрь ойида Эрон ҳайвонларни орбитага олиб чиқишга қодир капсулани юборди ва яқин йилларда одамларни коинотга юборишга тайёрланмоқда.