Фуқаролар ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, бугун ҳис этиши зарур

Ҳуқуқий ҳолат бевосита фуқароларга тегишли бўлган ва бўлмаган ижтимоий муносабатларнинг қонун жиҳатидан тартибга солиниши асосида вужудга келади. Мазкур ижтимоий муносабатларни тартибга солиш бўйича доминантлик Конституция билан амалга ошади. Конституциянинг мавжудлиги жамиятда шакллантирилган илғор ҳуқуқий тизим ҳамда давлатнинг демократик йўлдан ривожланишининг кафолатидир. Чунки Конституция фуқароларнинг, давлат органлари, сиёсий ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функцияларини белгилаб беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишида Конституциянинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти, мазмун-моҳияти, халқ оммаси, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги, тафаккури, маданиятига сингдирилиши белгиланган. Бундан келиб чиқадики, Конституцияни ўрганиш жамият аъзоларининг сиёсий фаоллигини оширишга, давлатни бошқаришда уларнинг фаол иштирокини таъминлашга кўмаклашади. Aлбатта, вақт ўтгани сари ижтимоий муносабатлар ҳам ўзгариб боради, ўз навбатида, уларни тартибга солувчи ҳуқуқ нормаларининг ҳам янгиланишига сабабчи бўлади.

2021 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қасамёд қилар экан, Бош қомусимизни ислоҳ қилиш зарурияти мавжудлигини таъкидлади. Конституциянинг 29 йиллигига бағишланган нутқида эса давлат раҳбари унга киритилиши лозим бўлган 9 та йўналишни белгилаб берди. Шунингдек, асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида ҳали олдимизда улкан вазифалар борлиги, халқимиз ҳаёти даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича ҳали кўплаб ишлар қилиниши лозимлиги айтилди. Чунки фуқаролар ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур.

Жаҳон мамлакатларининг конституцияларига юзланар эканмиз, улар ҳам ўз вақтида давр ва ижтимоий муҳит тақозосида асосий қонуннинг ўзгариши ва янада такомиллашиши учун ислоҳотларни амалга оширганликларига гувоҳ бўламиз. Жумладан, Aмерика Қўшма Штатлари 1789 йилдан бугунга қадар ўз конституциясига 33 марта қўшимча ва ўзгартиришлар киритган. Деярли 3 асрлик муддат учун бу камлик қилиши мумкин. Лекин AҚШ конституциясига ўзгартириш киритишда мамлакатдаги штатларнинг тўртдан уч қисми мазкур ўзгартиришни маъқуллаши зарур. Дунёдаги энг катта конституция ҳисобланган Ҳиндистон конституцияси ҳам 1950 йилдан бошлаб ҳозирги даврга қадар 105 та ўзгартирилган ва қўшимчалар киритилган.

Шундай экан, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни ўта долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилаётгани жамиятимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяётганидан далолатдир.

Мақсад - Бош қомусимизнинг шунчаки айрим моддаларига ўзгартириш киритиш эмас, балки бутунлай янгилашни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳисобланади. Зеро, Конституциямизни барқарор, замон билан ҳамнафас шаклга келтириш унга келажакда тез-тез ўзгартириш киритилишини тақозо қилмайди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда “Ҳар бир фуқаронинг онги ва шууридан жой олган, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлаган Конституциямиз чинакам қомусга айланиши керак”.

Шунинг учун ҳам ҳозирда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш учун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил қилинган. Комиссия аъзолари фаол фуқароларимиз томонидан тушаётган таклифларни умумлаштириб, таҳлил қилмоқда, ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда.


Улфат Шоназаров,
Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири.