Ҳадемай тест синовлари бошланади, "таниш-билиш"чиликка дадил қарши турайлик
Ушбу сайтда шу йилнинг 11 июлида “Товламачига эмас, тестга ишонинг” мақоласи қўйилди. Унда юритилган мулоҳаза ва таклифларни ўқиб, ўз фикрларимни билдириш учун қоғоз қораладим. Зеро, айни пайтда абитуриентларнинг тест синовлари жараёнлари бошланадиган кунлар олдида турибмиз. Шу жиҳатдан бу долзарб мавзу.
Гап фарзандларимизнинг олий даргоҳларга кириб ўқиши, бунинг учун тест синовларининг адолатли бўлиши зарурлиги ҳақида борар экан, ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталарида биз, абитуриентларнинг ўқишга кириш учун имтиҳон топширганимиз кўз олдимдан ўтди. Ўшанда мен 12 баҳо (у пайтда баҳо қўйиларди) билан, кўпчилик эса 19-20 баҳо билан ўқишга киргандик. Ўзимча «Олис қишлоқлик, оддий бола бўлсам, менинг билимим бошқаларникидан паст-да, имтиҳонлар ҳаққоний ўтди», деб ўйлаганман. Лекин вақт ўтиб, курсдошларимнинг баъзилари ўқиш учун эмас, Тошкент давлат университетининг студенти деган ном учун талаба бўлгани аён бўлди, яъни лекцияларга қатнашмас, дарсларга тайёрланмас, ўқишни бир четга йиғиштиришганди.
Хўш, улар ўқишга қандай кирган? Совет даврида коррупция йўқ эди дейсизми? Ҳамма ҳалол-покиза эдими? Афсуски, йўқ: олийгоҳда ҳам, унинг ташқарисида ҳам коррупционерлар бор эди.
Минг афсуски, бугунги кунда ҳам бундай ҳолат йўқ эмас. Олий ўқув юртига киришни хоҳлаган абитуриентларнинг айримлари шаҳарда юриш ёки диплом олиш учун тест синовларида иштирок этади. Табиийки, уларнинг ортида «меҳрибон ота-она»лари бор. Улар фарзандининг билимига ишонмай, чор атрофга чопади: «Пул кетса кетсин, обрў кетмасин, ўғлим (қизим) ўқишга кирсин!». Мана шу оддий ният кўпчиликни порахўрликка, жиноятга етаклайди. Оқибатда ота-она олийгоҳларда ишлаб танилган, қўлидан оз-моз иш келадиган «домла»ларга мурожаат қилади, ўз мақсадини, ўқишга кириш ставкасини белгилайди. Йўл-йўлакай билимгоҳнинг чаққон катта-кичиклари ҳам бу «иш»га бош қўшади, эҳтиёжманд ота-онани ишонтириб, катта ваъдалар беради. Хўш, айтингчи, бу ерда ҳақиқий товламачи ким? Сохта домлами ёки ота-она?
Дарвоқе, газетанинг кейинги сонларида ҳам шу мавзуга оид “Ўқитувчи ўқувчига етарли билим бера олдими?”, “Қонунлар ижроси тўлиқ таъминланса, коррупция йўқолади” каби мақолалар берилди. Уларда билимсизлик жамиятни бошқара олмаслиги, коррупцияга қарши курашни ҳар бир ректор ўзи раҳбарлик қилаётган олийгоҳда дадил амал ошириши самара бериши каби фикрлар юритилди, таклифлар илгари сурилди.
Шу ўринда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, етук олим Ғайбулла ас-Саломнинг бир гапи ёдимга келди: “Тошкентни орқамга ташлаб, Самарқанд университетига ишга келдим, мени ўқитган аллома, университет ректори Воҳид Абдуллаевдан (у ёқдан катта ишни ташлаб келганман-ку) юқори лавозимлардан бирини кутяпман. Шу умид билан бир йилгача оддий ўқувчи бўлиб ишлаб юрдим. Ректор сўрамайди, мен жим. Бир маъракада домла билан кўришиб қолдик. «Ғайбуллажон, ҳаммасини биламан, аммо бу жойни Самарқанд дейдилар. Кўриб турибсиз, барча лавозимда ўтирган кишиларнинг билими, нуфузи меникидан кам эмас» деганларида яна кўрпамни орқамга ортиб, Тошкентга, ўша катта ишимга қайтиб кетганман”.
Демоқчиманки, Самарқандда билимлилар, зукко инсонлар, ақл-заковатли ёшлар кўп. Шу боис азалдан Самарқанд ана шундай мутахассислар билан таъминланган, унинг келажаги қалби тоза, дили пок инсонлар билан ардоқланган. Ўзбекистоннинг қайси бурчагидан бўлмасин Самарқандда ўқишга интилувчиларнинг кўплиги шундан.
Ҳадемай тест синовлари бошланади. Ота-онасининг пули билан номига талаба бўлишни истаётганлар ёнида ўн минглаб билимга чанқоқ ўғил-қизларимиз бор. Улар ўз билими билан ўқишга киришга отланган. Уларнинг ёруғ истаги, ёниб турган кўзларига теран боқайлик, улар тақдирига бефарқ бўлмайлик, коррупцияга йўл қўймайлик. Зеро, бугунги янгилик, замонавий техникалашган тараққиётни, кўп тилни билувчи, ақлли, дунёқараши кенг, илғор фикрловчи ёшларгина бошқара олади.
Жумақул Карим.