Ҳовлисидаги ҳовузда 6 тоннагача балиқ етиштираётганлар бор

Айрим фермер ва тадбиркорлар катта-катта сув ҳавзаларидан мақсадсиз, хўжасизларча фойдаланиб келаётган бир пайтда жомбойлик Юнусхон Нажмиддинов хонадонида, иккита кичик ҳовузчада тонналаб балиқ етиштириб, рўзғори ободлигини таъминлаяпти, бозор тўкинлигига ҳисса қўшяпти.

Жомбойлик тадбиркор Ю.Нажмиддинов икки йил аввал “Ҳасанхон тилла балиқлари” оилавий корхонасини ташкил қилиб уй шароитида, интенсив усулда балиқ парваришлай бошлади. Катта бир хонада иккита ҳовузча қуриб, ҳар бирига 1500 тадан Африка лаққа балиғи чавоқларини ташлаган эди. Бу ерда йилига уч марта, ҳар мавсумда 6 тоннагача балиқ етиштириш мумкинлигини биров эшитса, ишонмайди. Аммо бу уддаласа бўладиган юмуш экан.

– Бир неча йил аввал оилавий шароитимни яхшилаш мақсадида четга чиқиб ишладим, – дейди Сарой маҳалласида яшовчи Юнусхон Нажмиддинов. – Пул топдим-у лекин буниям ўзига яраша машаққати бор. 2017 йилда қишлоққа қайтганимда илгаригидек электр энергиясида узилиш камайганини кўриб, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун имкониятлар яратилаётганини эшитиб, таваккал қилиб оилавий корхона очишга киришдим. Икки йил аввал “Агробанк” туман филиалидан 3 йил муддатга 90 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, хона шароитида 3х4 метр бўлган 2 та ҳовузда балиқ парваришлай бошладим. Биринчи йил бироз қийин бўлди. Кейин тажриба тўпладик, ўргандик. Энди ҳар мавсумда 60 миллион сўмгача даромад қиляпмиз. Соҳага қизиққан қишлоқдошларимизга мен қилган хатоларга йўл қўймаслиги учун балиқ боқиш сирларини ўргатяпман. Уларга балиқ чавоқларини ҳам ўзим етказиб беряпман.

Юнусхон аканинг ўғли, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Хуршидхон Яҳёев  айни пайтда карантин сабаб ўқиш жараёнларида онлайн иштирок этиб, уйида отасига балиқ парваришлашда кўмаклашмоқда.

Бу оила кичик томорқадан ҳам унумли фойдаланар экан. Бир сотихли иссиқхонада қишда помидор, бодринг ва турли хил кўкатлар етиштирилади. Ёзда эса балиқ ҳовузлари учун зарур бўлган сувни илитиб бериш вазифасини бажаради. Натижада 3-4 ой давомида сув иситиш учун ишлатилиши лозим бўлган газ иқтисод қилинади.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.