Ибратли воқеа: Нон орасидаги тилла
Подшоҳлардан бирининг шаҳар кўчаларини айланиб юриш одати бор эди. Аравада кетаётган подшоҳнинг эътиборини икки тиланчининг овози тортди. Улардан биринчиси шоҳ араваси томон қўлини чўзиб, уни мадҳ этиб ҳайқирди: «Фақат шоҳим менга бахтимни ҳадя этади!».
Подшоҳ нарироқдаги иккинчи тиланчи, гўё бунга қасд қилгандек: «Фақат Аллоҳ марҳаматли Зот, фақат Аллоҳдан бахт тилайман!», дер эди.
Саройга қайтган шоҳ иккита нон пишириб, улардан бирига каттагина тилла ёмби қўшишларини буюрди. Эртасига яна шу жойдан ўтган шоҳ тилла қўшилган нонни ўзини мақтаган тиланчига беришларини тайинлади. Нариги нон эса Аллоҳдан бахт сўраган гадойга насиб қилди.
Орадан неча вақтлар ўтиб, ўша жойдан ўтган подшоҳнинг кўзи яна ўша тиланчига тушди. Тиланчи ҳали-ҳамон ўша жойида ўтириб, бақириб, одамлардан хайр сўрарди. Подшоҳ аравасидан тушиб тиланчига юзланди ва сўради:
— Нега яна тиланиб ўтирибсан? Мен сенга ичида тилла бўлган нон бермаганмидим?
Тиланчи ҳайрон бўлди:
— Қанақа олтин ҳақида сўзлаяпсиз, шоҳим. Менга берган нонингиз жуда оғир эканлигидан уни хом гумон қилиб, анави ерда ўтирадиган тиланчига 10 чақага сотиб юбордим.
Иккинчи тиланчи кўринмасди. Сўраб-суриштиришни буюрган шоҳ, гадойнинг хотини тиллани топиб олгани, улар бойиб кетиб ҳозир тўкин яшаётганини эшитди. Шоҳ тиланчига ҳеч қачон Аллоҳни қўйиб, бошқага сиғинмасликни, бахт-саодат ҳам фақат Парвардигордан сўралишини айтиб саройига равона бўлди.
Ёқуб УМАР таржимаси.