Иштихон туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди
2019 йилда Нуробод, Пахтачи, Қўшработ ва Самарқанд туманларида бир пайтнинг ўзида 20 дан зиёд мижозларга тез ва сифатли хизмат кўрсата оладиган, замонавий, ҳар томонлама қулай Давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилганди. Бугун Иштихон туманида худди шундай марказнинг янги биносини очиш маросими бўлиб ўтди.
Марказ биноси давлат-хусусий шериклик асосида қурилган бўлиб, энг замонавий ахборот технология воситалари билан жиҳозланган.
- Марказимиз шу пайтга қадар 3 хонали тор, кўримсиз эски бинода фаолият кўрсатиб келарди, - дейди марказ раҳбари Жамшид Умаров. - Энди бизга мурожаат қилувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хоналарда қулай шароитларда хизмат кўрсатиладиган бўлди.
Зал бўйлаб ўрнатилган белгилар давлат хизмати кўрсатилиши учун қадамма-қадам йўналтиради. Фуқаролар электрон навбат олиши учун инфокиоск ишлаб турибди. Талонни олгач, кутиш залидаги шинам ўриндиқларга жойлашиши мумкин. Мониторлар орқали эса мурожаатчи навбати келгани ҳақида хабардор қилиниб, қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатилади.
Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида бу ерда болалар ўйин бурчаги, давлат божини тўлаш учун махсус касса, бепул WiFi хизмати ташкил этилган.
Янги иншоотда адлия ва ФҲДЁ бўлимлари, нотариус ва Бош вазирнинг тадбиркорлар қабулхонаси жойлашганлиги аҳолига яна бир қўлайлик яратиб, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилади, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади.
Шу билан бир қаторда, бинода кафе, тиббиёт хонаси, инвесторлар хонаси мавжуд. Марказ бир вақтнинг ўзида 25 (биринчи қаватда 15, иккинчи қаватда эса 10)та қабул ойнасида мурожаатчиларга хизмат кўрсатади.
Замон андазаларига мос равишда жиҳозланган бинода 6 та мониторда 130 дан ортиқ давлат хизмати турлари юзасидан маълумотлар бериб борилади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.