Каттақўрғондаги маданий мерос объектлари қачон таъмирланади?
Каттақўрғон шаҳрида XIX-XX асрларга тегишли 23 та архитектура маданий мерос объекти бўлиб, 15 тасининг ҳолати қониқарсиз, 8 таси эса авария ҳолатида.
Жумладан, Меҳржон маҳалласидаги XIX аср охири XX аср бошларида қурилган “Кичик Арабхона” масжиди муҳофазага муҳтож.
- Олдин бу жой масжид бўлган, кейинчалик ундан омборхона ва савдо дўкони сифатида фойдаланилган, - дейди шу маҳаллада яшовчи Абдулла Жўраев. – 1993-1994 йилларда бино қисман таъмирлангач, бу ердан яна масжид сифатида фойдаландик. Аммо кейинги 10-15 йилда обида харобага айланди. Тўрт йил олдин республикадан келган ишчи гуруҳ бинони ўрганиб, таъмирлаш чоралари кўрилишини айтган эди, лекин натижа бўлмади.
Зарифобод маҳалласидаги Каттақўрғон шаҳар тарихий ўлкашунослик музейи ҳам капитал таъмирга муҳтож. Музей директори Дилобар Тоированинг айтишича, ушбу музей 1974 йил октябрь ойида жамоатчилик асосида Муҳаммад Аминхўжа Нақиббек томонидан 1804 йилда қурилган мадраса биносида ташкил этилган. 1976 йил май ойида тўртинчи тоифадаги шаҳар тарихий ўлкашунослик давлат музейига айлантирилиб, 1980 йилда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфига киритилган. 1992 йил бошида бино Мовароуннаҳр диний бош бошқармаси тасарруфига олингач, жоме масжидига айлантирилган ва ўша йили тарихий ўлкашунослик музейи шаҳарнинг Ўзбекистон кўчаси 105-уй манзилига кўчирилган. Айни пайтда музейда 6161 та экспонат бўлиб, асосий фондда 3841 та, ёрдамчи фондда эса 2320 та ашё бор ва 262 та экспонат экспозиция залларига қўйилган.
Музейга кирар эканмиз, экспозиция хоналари ва залларининг аксариятида электр йўқлиги, иситиш тизимига уланмагани ва хоналардаги полларнинг чириганига гувоҳ бўлдик. Бинонинг фасади ва том қисми ҳам таъмирталаб ҳолатда.
Шаҳарнинг Очилдимурод Мирий маҳалласидаги “Қаландархона” масжидини таъмирлаш-тиклаш ишлари учун эса 950 миллион сўм маблағ ажратилган, бироқ ишлар тўхтаб қолган. Шаҳардаги иккита маданий мерос объекти Х.Қурбон маҳалласи ҳудудидаги Янги масжид ва Кўчасихур маҳалласидаги ХХ асрда қурилган 8-умумтаълим мактаби биноси (аввалги тиббиёт билим юрти) авария ҳолатида ва биноларни қайта тиклаш имкони бўлмагани боис моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқариш бўйича Маданий мерос агентлигига таклиф берилган.
Айни пайтда шаҳардаги “Саримозор гузар”, “Муҳаммад Нақиббек”, “Тегирмонбоши” масжидлари, Эшон мозор мақбараси ва Арабхона маҳалласидаги фуқаролик иншооти ҳам йўқолиб кетиш хавфи остида турибди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.