Ким Чен Ин ким ўзи?
Ким Чен Ин – Корея Халқ Демократик Республикаси Давлат кенгаши раиси, буюк Корея доҳийси Ким Ир Сеннинг набираси ва Ким Чен Ирнинг учинчи ўғли. Хуллас, эгаллаган лавозими бобо мерос. Зиддиятлар янги ҳукмдор туғилганидан бошланади. Негаки, бу қачон рўй берганлиги номаълум. Ишончлироқ сана – 1982 йил 8 январь. Бироқ шимолий кореялик разведкачилар уни икки йил кейин, январдан эмас, июлда туғилганини таъкидлайдилар. Паспортни эса ёши катта ва ақлли кўриниш учун тўғрилаб олган экан.
Ким Чен Ин 2011 йилда отаси Ким Чен Ир вафотидан кейин КХДР бошлиғи бўлди. Ўсмир ҳукмдорликни ўз амакиси Чан Сон ТХЭКО билан баҳам кўради, деб тахмин қилинганди. Аммо ундай бўлмади. Бир неча йилдан кейин нафақат амакиси, балки мамлакатда иккинчи одамни давлатга хиёнатда айблаб қатл эттирди. Унинг айби нима эди? Сон-саноғи йўқ: ахлоқсизлик, чет эллик тадбиркорларга ер сотиш, мол-мулкни ўғирлаш ва ҳатто давлат тўнтаришига тайёргарлик… Хуллас, у отиб ташланди.
Шундай қилиб Ким Чен Ин мамлакатда ҳокимиятни ўз қўлига олди. У бобоси, буюк доҳий Ким Ир Сенга ташқи кўринишидан ўхшашлиги билан халқда хайрихоҳлик уйғотди. 2013 йилда Малайзия хусусий университетида иқтисодиёт бўйича докторлик даражасини олди. Унинг яна иккита «илмий» даражаси бор – «Ажойиб ўртоқ, Янги юлдуз», «Даҳолар ичра даҳо». Ҳа, КХДР халқи уни худди шундай атайди.
Расмий тасдиқланишича, Ким Чен Ин ёшлигида Шимолий Кореяда эмас, жаҳоннинг энг яхши ўқув юртларида, жумладан, Швейцарияда таҳсил олган. Бўлажак КХДР доҳийси Пак Ин номи билан ўқиган, курсдошлари айнан у эканлигини таъкидлашади.
Ким Чен Ин ҳукмронлиги ракета ва ядро қуроли ишланмаларини давом эттириш, фазовий йўлдошлар учириш, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, XXP билан дўстона муносабатлар ўрнатиш, Шимолий Корея ва Ғарб мамлакатлари билан муносабатларда 2015-2017 йилларда кескин ёмонлашишдан 2018 йилда юмшашгача ўзгариб турди. Унинг даврида КХДР Жанубий Кореяни ортда қолдириб, космик қудратли давлатлар клубига кирди. Шимолий Корея ўз тарихида учинчи маротаба ядро синови ўтказиб, халқаро можарога сабаб бўлгани маълум. Бунга БМТ қатъий норозилик билдириб, КХДРга қарши санкция эълон қилган эди. Ким Чен Ин эса АҚШга ядро зарбалари бериш билан таҳдид қилганди.
Ўшанда, 2013 йилда КХДР 1953 йилда ҳужум қилмоқлик тўғрисида Жанубий Корея билан тузилган шартномани бекор қилди.
- Аммо, - деди доҳий, - ядро қуроли мудофаа сифатида қўлланади. Шуни таъкидлаш керакки, КХДР ядро зарядини 13 минг километр узоқликка, яъни Ер шарининг исталган нуқтасига етказадиган ракеталарга эга.
Бу халқаро кўламда Ким Чен Иннинг сиёсий мавқеини анча кўтарди. У чет элларга сафарга чиқа бошлади, мухолифларини ўзи билан ҳисоблашишга мажбур этди. Пекинда, Владивостокда бўлди, Дональд Трамп билан Сингапурда учрашди. АҚШ Президенти Корея ярим оролини тўлиқ ядро қуролидан холи қилишни талаб қилди. Аммо Ким Чен Ин бунга рози бўлармиди? Албатта, йўқ!
КХДР ХХР даги сингари иқтисодий ислоҳотларга қўл урди. Давлатнинг хусусий бизнесга муносабати яхшиланди, хорижий сармояларни жалб қилиб, иқтисодий зоналар яратишга кенг имкониятлар очилди. Оилавий пудратга ўтиш аграр сиёсатда бош роль ўйнади. Ахборот технологиялари ривожлана бошлади. Хитойда 83 миллион долларлик смартфон ва мобиль телефонлар импорт қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ким Чен Ин Жанубий Корея билан муносабатларни яхшилади. Икки мамлакатнинг бирлашишига узоқ вақтдан кейин бўлса-да, биринчи қадам ташланди.
«Мир новостей» (2020 й, 18-сон)дан қисқартириб олинди.
Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.