Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича жойлар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудларга ажратилади

2020 йил 7 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилояти иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали турар жой фондини 2020/2021 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш ҳақида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов 2020 йил 10 октябрда қарор қабул қилди.

Унга кўра, вилоят иқтисодиёти тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали турар жой фондини 2020/2021 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ҳамда уни мувофиқлаштириш бўйича вилоят комиссияси тасдиқланди.

Энди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси вилоятдаги халқ қабулхонаси билан биргаликда жойлардаги уй-жой коммунал хўжалиги инфратузилмаси ва муҳандислик-коммуникация объектларининг ҳолати ва халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича жойларни “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудларга ажратади.

Шунингдек:

✅ Муҳандислик-коммуникация объектлари ва технологик ускуналарни мавсумга тайёрлаш ҳамда ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият ва спорт объектларини куз-қиш давридан беталафот ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштириш учун жорий йилда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан камида 23,6 миллиард сўм маблағ ажратади.

✅ Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда кўп квартирали турар жой фондини таъмирлаш жамғармаси ташкил этилади.

✅ Жойлардаги “темир дафтар”ларга киритилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар билан алоҳида ишлаш тизими яратилиб, ҳар бир сектор раҳбари томонидан сектор ва маҳаллалар кесимида куз-қиш бўйича “темир дафтар” шакллантирилади.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини амалга оширишда биринчи навбатда куз-қиш “темир дафтар”ига киритилган оилаларга кўмир, суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш, озиқ-овқат захираси ва болаларини иссиқ кийим-кечак билан таъминлаш эътиборга олинади.

✅ “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан оилаларни куз-қиш мавсуми учун зарур озиқ-овқат ва дори-дармон захиралари билан таъминлаш чоралари кўрилади.

✅ Олис ва бориш қийин бўлган ҳамда тоғли ҳудудларда жойлашган ва сел келиши оқибатида йўллари талафот кўриши эҳтимоли мавжуд қишлоқ (овул)ларда кўмир ва суюлтирилган газ ҳамда камида 15-20 кунга етадиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захираси яратилади.