Маҳалла раислари ҳокимларнинг "зуғумидан" қачон қутулади?
Тизим фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқарма мутасаддисининг бу ҳақдаги фикрлари
Яқин яқинларгача маҳалла раиси ёки бошқа ходим асосан пенсия ёшидаги кишилар бўларди. Негаки, бу лавозим эгаси арзимаган маош эвазига фаолият юритарди. Қолаверса, пенсиядаги одам маҳаллий ҳокимлик уни вазифасидан озод қилса ҳеч нарса йўқотмаслигини яхши биларди.
Бугун эса вазият ўзгарди. Маҳалла раиси ҳудуднинг том маънодаги бошқарувчисига айланди. Хўш, бунинг учун жойларда етарли шароит яратилдими?
Шу ва бошқа саволлар юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Асқар Умаров билан суҳбатлашдик.
- Асқар Нарзиевич, айрим вақтларда маҳалла фаоллари оқсоқол туман ёки шаҳар ҳокими томонидан ишдан олинганидан нолиб қолади. Ваҳоланки, маҳаллий ҳокимлар жамоат ташкилоти ҳисобланган маҳалла фуқаролар йиғини раисини вазифасидан озод қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳокимликлар босимидан қачон озод бўлади, деб ўйлайсиз?
- Маҳалла фуқаролар йиғини – бу ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. У ерда фаолият олиб бораётган маҳалла раисларини ишдан бўшатишга на туман (шаҳар) ҳокимлари, на бизнинг ваколатимиз бор. Юқорида айтганимдай, уларни халқ сайлайди. Маҳаллий ҳокимликлардаги бўлимларимиз маҳалла фуқаролари йиғинларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Сиз айтган масала, бутун республика учун оғриқли масалалардан бири. Шу боис, ҳукумат, ҳатто давлат раҳбари даражасида кўриб чиқилмоқда. Жумладан, шу пайтгача маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларига ойлик маош ҳокимликлар томонидан бериларди. Бу қайсидир маънода фуқаролар йиғинига хўжайинлик туйғусини уйғотарди. Энди, ҳокимликлардан бу ваколат олиб ташланди. Яъни, Президент томонидан имзоланган фармон билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифаси туман (шаҳар) ҳокимликларидан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилди.
Шу ўринда яна бир гап. Жорий йил 18 октябрь куни Президентимизнинг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Фармонга кўра, жорий йил 1 ноябридан ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилди. Айтиш мумкинки, вилоятимизда бундай маҳаллалар сони 299 тани ташкил қилади. Шу пайтгача, шунча маҳалла раиси ва ходимлари бошқа ҳамкасбларидан кўпроқ юкламага эга бўлгани ҳолда улар билан тенг миқдорда ҳақ олишган. Бу ўзгартиш табиийки, уларга қўшимча рағбат бўлиб, ўз ишга масъулият билан ёндошишига хизмат қилади.
- Умуман, кейинги йилларда кўрсатилаётган эътиборга қарамасдан ҳамон айрим маҳалла раиси ёки фаолларининг ҳудуддаги обрў-эътибори ва ўрни деярли йўқ. Бунга сабаб нима?
- Бугун вилоятдаги 1117 та маҳалла фуқаролар йиғинларида профилактика инспекторлари билан қўшиб ҳисобласак қарийб 4500 нафар ходим фаолият юритмоқда. Улар орасида обрў-эътиборга эга, маҳалла раиси деган юксак номни оқлаб келаётган, маҳалласига катта хизмати сингган, ҳудуд равнақи учун жон куйдириб хизмат қилаётган кўплаб раис ва ходимлар бор.
Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, маҳаллада обрў-эътибори ҳам, ўрни ҳам йўқ раис ёки фуқаролар йиғини ходимлари бор. Бунинг биринчи ва асл сабаби ўша ҳудудда муҳит яхши эмаслигидир. Чунки, маҳалла раисини ҳам, унинг ходимларини ҳам маҳалла аҳли сайлайди. Аҳолининг бирлиги йўқ, гуруҳбозлик, қариндош-оғайнигарчилик ва “ёзув-чизув” авж олган маҳаллада ўз ўзидан кўпчиликнинг ҳурматини қозонган киши эмас, қайсидир гуруҳлар манфаатига хизмат қилувчи шахс раис бўлади.
Албатта, қонунчилигимизда бу масалада ҳам оқилона ечим кўрсатилган. Жумладан, маҳалла раислари ва ходимлари ҳар чорак якуни билан фуқаролар йиғинига ҳисобот бериб бориши, халқ уларнинг фаолиятига баҳо бериши, агар фаолияти қониқарсиз бўлса, вакиллар йиғилиши қарори билан вазифасидан озод этилиши белгилаб қўйилган.
Айтмоқчи бўлганим, бугун халқимиз маҳалла раиси ёки ходими қандай бўлиши кераклигини яхши билади. Яъни, сиёсатни тушунмайдиган, ўз ҳудудида обрўйи йўқ, ишни тўғри ташкиллаштира билмайдиган, энг асосийси, одамларни бирлаштира олмайдиган раислар вакиллар йиғилишининг қарори билан ўз ўрнини бошқа номзодга бўшатади.
- Йиллар давомида турли дастурлар қабул қилинишига қарамасдан ҳамон вилоятдаги айрим маҳалла фуқаролар йиғинларининг хизмат хоналари йўқ. Борларида ҳам моддий-техник база ночор аҳволда.
Бу борада аҳвол энг қийин бўлган туман сифатида қайсиларни мисол келтириш мумкин? Яхши ҳудудлар қайсилар?
- Маҳалла фуқаролар йиғинларида ишлаётган ходимларга қулайликлар яратиш мақсадида 2021 йил дастурига 165 та маҳалла учун бино қурилиши киритилган бўлиб, шундан 159 таси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурида белгиланган 21 та маҳалла биноларидан 13 тасида таъмирлаш ишлари якунланди. Бундан ташқари, 166 та маҳалла бинолари реконструкция қилиниб, 259 таси жорий таъмирланди. 600 га яқин маҳаллаларимиз компьютер техникаси ва мебель жиҳозлари билан таъминланди. Энг муҳими, 1000 дан ортиқ маҳалла интернет тармоғига уланди.
Шунга қарамасдан, энг кўп маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлган Самарқанд шаҳри (215 та) ва Паст Дарғом туманида (107) маҳаллаларнинг бинолари ва моддий техник базаси етарли даражада эмас. Бу каби камчиликларни бартараф этиш борасида маҳаллий ҳокимликлар билан режали ишлар амалга оширилмоқда.
Энг яхши ҳудуд сифатида Каттақўрғон шаҳри ва Иштихон туманини мисол келтириш мумкин. Чунки улардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари тўлиқ ўз биносига эга бўлган ва моддий-техник база билан етарли даражада таъминланган.
Бугунги кунда вилоятдаги ўзини ўзи бошқариш органларининг 1082 таси, яъни 97 фоизи ўз биносига эга. Қолган 35 та маҳалла фуқаролар йиғинлари жорий йилнинг якунига қадар бино билан тўлиқ таъминланиши режалаштирилганди. Аммо шаҳар, туман ҳокимликлари томонидан ер ажратиш қарори бекор қилинганлиги сабабли бу иш бироз кечикяпти.
- Умуман, маҳалла раиси ва бошқа ходимлар фаолиятини жонлантириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ё қўшимча киритиш бўйича вилоятдан қандайдир аниқ таклифлар берилганми? Агар бўлса, улар тегишли ҳужжатда ўз аксини топгач қандай самара беради, деб ўйлайсиз?
- “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонун 2013 йил 22 апрелда қабул қилинган. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 февралдаги фармони билан янги - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари ташкил этилди. Натижада қонуннинг аксар моддалари эскирди. Хоҳлаймизми, йўқми, янги таҳрирдаги қонун қабул қилиниши шарт. Бу бўйича ишлар олиб борилмоқда ва вилоят бошқармаси янги қонун лойиҳасига бир қатор таклифлар берди. Хусусан, “фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қарори билан ишчи гуруҳ тузилади”, деган норма киритиш таклифи берилган.
Сабаби, аксарият фуқаролар йиғинларида маҳалла раиси янги муддатга сайланиш учун ишчи гуруҳ таркибига ўзига таниш инсонларни киритиш ҳоллари учрамоқда. Ишчи гуруҳлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қарори билан шакллантирилиши ушбу ҳолатнинг олдини олади.
Бундан ташқари, фуқаролар йиғини кенгаши таркибига йиғин раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосарлари (фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар, ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари ўринбосарлари) ва маслаҳатчилари (фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари), оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис, кўчабоши, уйбоши, шунингдек, ҳудуддаги мактабгача таълим ва таълим муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг раҳбарлари, маҳалла раисининг таклифига биноан бошқа фаол фуқаролар ёки ҳудудда фаолият юритаётган бошқа ташкилот, корхона раҳбарлари киради, деб қўшимча киритиш зарур.
Бу янгилик маҳалла раиси сайловини биринчидан, демокрактия тамойилларига мос ўтишини таъминласа, бошқа томондан ҳудуддаги барча давлат ва жамоат ташкилотларига маҳалла равнақи учун масъул бўлиш вазифасини юклайди.
Шунингдек, “Фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарининг ваколатлари”га “Аёллар дафтари” мониторингини юритади, деган жумлани киритиш таклиф қилинмоқда.
Албатта, бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Асосийси, мақсадимиз маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятни давр руҳи, ислоҳотлар шиддатига мос бўлишига кўмаклашишдан иборат.
Ё.Марқаев суҳбатлашди.