Мўминободдаги бунёдкорлик ишлари нега тўхтаб қолди?

Уч ой илгари Ургут туманининг чекка ва тоғли ҳудудида жойлашган Мўминобод маҳалласида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” тамойиллари асосида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бошланган эди. Маҳаллада инфратузилмани яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинганди.
Ўтган даврда ҳудуддаги Қуйи Мўминобод маҳалласининг йўллари шағаллаштирилиб, ариқ ва зовурлар ковланди. Мактаб спорт майдончаси 320 метр девор билан ўралди. 685 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Қатағон қишлоғида одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида талай ишлар амалга оширилди. Жумладан, мактаб ўйингоҳи ёнида усти ёпиқ айвон қад ростлади. Эски симёғочлар ўрнида 80 та бетон устун ўрнатилиб, 1200 метр ёпиқ электр кабель тортилди, 23 та тунги ёриткич маҳалла кўчаларини ёритиб турибди. Аҳоли гавжум бўладиган майдон ва марказий кўчаларда 19 та кузатув камераси қўйилди.
- Бугунга келиб, бунёдкорлик ишлари тўхтаб қолди, -дейди Қуйи Мўминобод маҳалласи раиси Шаҳбоз Расулов. – Режага киритилган 4 артезиан қудуғи, 3 та трансформатор ўрнатиш, болалар боғчаси қурилиши, маҳалла маркази биносини таъмирлаш ишлари охирига етмади. 7 та кўчадан 3730 метр қисми шағаллаштирилганича қолиб кетди. Тиббий контейнер олиб келишди-ю, жиҳозланмади.
Туман ва маҳалланинг саховатпеша ҳомийлар ёрдамида 112 та кам таъминланган оила хонадонларини намунали қилишга киришилган эди. Аммо бу иш ҳам чала қолиб кетибди. Юздан зиёд уйнинг девор ва томини таъмирлаш, ёрдамчи хўжалик бинолари, жумладан, ошхона, ҳожатхона, тандирхона, молхона ва товуқхоналарни қуриш ҳамда таъмирлаш, улардан белгиланган гигиена талаблари асосида фойдаланиш йўлга қўйилиши керак эди. Аммо бор-йўғи 2 та хонадон бироз тартибга келтирилибди, холос.
- Мана, бир ойдан буён қурилиш-таъмирлаш ишлари “тақа-тақ” тўхтади, - дейди нафақахўр Ўктам Шодиев. - Ичимлик суви артезиан қудуқлари, 3900 метр сув қувурлари ўрнатилмади. Мактаб ўйингоҳига чим ётқизилмай, югуриш йўлаклари қуриш ҳам тўхтаб қолди. Кўчамизга тош тўкилди, лекин туман автомобиль йўлларидан фойдаланиш бошқармаси томонидан ваъда қилинган бетон йўл қурилмади. Туман ободонлаштириш бўлими томонидан бешта ўрнига учта чиқинди қутиси олиб келинди.
Бу каби ҳолатни Мўминобод маҳалласи ҳудудида ҳам кўриш мумкин. Ободонлаштириш ишлари бошлангач, қўшимча 160 кВт қувватга эга бўлган 4 та трансформатор, эски симёғочлар ўрнига 276 та темир-бетон устунлари ўрнатиш керак эди. Афсуски, 50 тагина темир-бетон устун келтирилиб, ишлар тўхтади. 6 километр ўрнига 1200 метр узунликда ёпиқ кабеллар тортилди. 10 та трансформатор пунктлари таъмирланиб, янги 3 та трансформатор ўрнатиш режалари ҳам амалга оширилмай қолди. Белгиланган 76 та ўрнига 8 та хонадон ободонлаштирилди. Пиёдалар йўлаклари қурилиши ҳам бўлмади.
Чумчуқли қишлоғидаги яроқсиз симёғочлар темир-бетон устунларга алмаштирилиб, 13,3 километр масофада турли даражадаги ёпиқ кабеллардан иборат тармоқ охиригача етказилмаган. Зўриқиш билан ишлаб турган 6 та трансформатор пунктлари эҳтиёт қисмлари етишмаганлиги сабабли таъмирланмади. Шунингдек, маҳалладаги 2 та ичимлик суви минораси ҳам таъмирталаб аҳволда.
Ҳудуддан ўтувчи 4К-520 “Мўминобод-Жарқишлоқ” автомобиль йўлининг 2,5 километр қисми, 15,3 километр ички хўжалик йўллари тўлиқ жорий таъмирдан чиқарилмаган. Жумладан, дастур режасидан ўрин олган Мўминобод, Хўжаобдол, Амир Темур номли кўчалар, маҳаллани Терак қишлоғи билан боғловчи йўлнинг 2,5 километр қисми асфальтлаштирилмаган. Қатновни тартибга соладиган йўл белгилари ва кўрсаткичлари етишмайди.
- Дастур асосида 11 километр узунликдаги оптик толали интернет алоқа тармоғи тортилиб, ҳудуддаги барча маҳалла ва қишлоқлар қамраб олинди, - дейди Ахборот технологиялари ва коммуникatsiяларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев. - Маҳалла аҳолисини барқарор алоқа, юқори тезликдаги симли ва мобиль интернет билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Ҳозирча бу ҳудудда истеъмолчилар сони кам, лекин энг чекка ва тоғли қишлоқларни ҳам тўлиқ алоқа билан қамраб олиб, интернет тезлигини оширишга ҳаракат қиляпмиз.
Дастур асосида маҳалла учун замонавий бино, хотин-қизлар учун бандлик ва саломатлик маркази қурилиши “Ургут деҳқон бозори” МЧЖ ҳомийлигида амалга ошириляпти. Ўтган уч ой ичида режалаштирилган 92- умумтаълим мактабининг қўшимча бинолари қурилиши давом эттирилмоқда. 160-умумтаълим мактабида кутубхона, Қатағон қишлоғида 90 ўринли боғча, Чумчуқли қишлоғида 480 ўринли мактаб ва 90 ўринли болалар боғчаси, барча қишлоқларда контейнер тиббий пунктлар ўрнатиш ишлари ўлда-жўлда қолиб кетган.
Бугун Мўминобод маҳалласида дастур асосида амалга оширилиши керак бўлган бунёдкорлик ишлари тўхтаб қолган. Аҳамият берсак, қурилиш-таъмирлаш ишлари вилоят 3-сектор назоратида бўлган вақтдагина бажарилган. Прокуратура, ички ишлар ва солиқ идоралари секторлар масъуллигидан олингач, ишлар сусайган. Энди Мўминободда тўхтаб қолган бунёдкорлик ишларини туман ҳокими ўринбосарлари давом эттириши керак.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
“Зарафшон”мухбири.