Оширилган солиқлар, тугатилган имтиёзлар
Бу йил солиқ маъмурчилигида нималар ўзгарди?
Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳам шулар жумласидан. Қуйида уларнинг асосийлари билан танишишингиз мумкин.
Жумладан, Солиқ кодексининг 17-моддасида кўрсатилган йиғимларнинг турларига юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган автотранспорт воситалари ва тиркамаларнинг автомобил йўллари бўйлаб ҳаракатланиш ҳуқуқи учун йиғим киритилди.
Унга кўра, 2024 йилда мазкур турдаги транспорт воситалари учун йиғимлар ставкалари қуйидагича:
- юк кўтариш қуввати 10 тоннадан 25 тоннагача бўлган Н2, Н3 тоифасидаги автотранспорт воситалари ва О4 тоифасидаги тиркамалар учун йиғим базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари, яъни 1700 минг сўм;
- юк кўтариш қуввати 25 тоннадан 35 тоннагача бўлган Н2, Н3 тоифасидаги автотранспорт воситалари ва О4 тоифасидаги тиркамалар учун йиғим базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баробари, яъни 2720 минг;
- юк кўтариш қуввати 35 тонна ва ундан юқори бўлган Н2, Н3 тоифасидаги автотранспорт воситалари ва О4 тоифасидаги тиркамалар учун йиғим базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари, яъни 3400 минг сўм қилиб белгиланди.
Солиқ кодексининг 22-, 84-, 88-, 104-, 105-, 194-, 195-, 217-, 359-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар бўйича сақлаш, даъво қилиш ва ариза бериш муддатлари беш йилдан уч йилга қисқартирилди.
Солиқ кодексининг 100-моддасида камерал солиқ текширув натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаларини солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор кучга кирган кундан эътиборан олти ой мобайнида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилди.
Кодекснинг 138-моддаси қуйидаги таҳрирда иккинчи қисм билан тўлдирилди:
Камерал солиқ текширувида қуйидаги солиқ назорати ҳаракатларини ўтказиш таъқиқланади (бундан қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) мақсадида ўтказиладиган камерал солиқ текшируви мустасно):
1) солиқ тўловчининг ҳудудига кириш;
2) солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш;
3) солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш;
4) солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш.
Мазкур модданинг ўн биринчи ва ўн иккинчи қисмларидан “Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек, солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни сўраб олиши мумкин” ҳамда “Сўралган ҳужжатлар ва тушунтиришлар солиқ органига тегишли сўров олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилиши керак”, деган қисмлар чиқариб ташланди.
Солиқ кодексининг 237-моддасига мувофиқ, чет давлатларида тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолиятини Ўзбекистонда амалга оширувчи жисмоний шахслар ҳам қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлди.
Кодекснинг 243-моддасидан 11-,12-,13-бандлар, яъни тиббий хизматлар, ветеринария хизматлари ва дори воситаларини сотиш бўйича айланмалар чиқариб ташланди. Бунда “Ижтимоий реестр”га киритилган фуқароларга ҚҚС суммаси “кэшбек” сифатида қайтариш механизми яратилиши кўзда тутилган.
Қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган импорт қилинадиган маҳсулотлар рўйхатидан дори воситалари, ветеринария дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмлар, шунингдек, уларни ишлаб чиқариш учун қонунчиликда белгиланадиган рўйхат бўйича олиб кириладиган хомашёлар чиқариб ташланди.
2024 йил 1 январдан тамаки маҳсулотлари акциз солиғи ставкаси 12 фоизга, этил спирти ишлаб чиқариш акциз солиғи ставкаси 2 баробарга оширилди.
2024 йил 1 апрелдан эса нефть маҳсулотлари ва бошқа акциз тўланадиган товарлар ва хизматларга доир солиқ ставкалари ўртача 12 фоизга индексация қилиниши белгиланган. Шунингдек, мазкур санадан бошлаб таркибида шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи ва хушбўйлаштирувчи қўшимчалари бўлган минерал ва газланган ичимликларга 1 литр учун 500 сўм, шунингдек, энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликларга 1 литр учун 2000 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилмоқда.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун сув солиғи ставкалари ўртача 30 фоизга индексация қилинди. Бунда энг кўп солиқ алкоголсиз ичимликларни ҳамда пиво ва винодан ташқари, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сув ҳажми учун (1 куб метрга 34160 сўм) ва автотранспорт воситаларини ювиш учун ишлатилган сув учун (1 куб метрга 2700 сўм) белгиланган.
Вазирлар Мағкамасининг тегишли қарорига киритилган ўзгартиришга кўра, қўшимча даромад олаётган бюджет ташкилотлари 2027 йил 1 январгача давлат бюджетига ундириладиган солиқлар, республика йўл жамғармасига йиғимлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинди. Мазкур имтиёз 2024 йилнинг 1 январига қадар эди.
Мактаб ва мактабгача таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 2030 йил 1 январга қадар 1 фоиз миқдорида белгиланди.
***
Ўзини ўзи банд қилганлар
Солиқ кодексининг 369-моддаси тўлдирилди. Унга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнат фаолияти натижасида ёки товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида юз миллион сўмдан ошган кундан эътиборан тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиққа тортилади. Мазкур ўзгартириш якка тартибдаги тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун солиқ солишда тенг шароитлар яратиш мақсадида киритилганлиги айтилмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига вилоятимизда ўзини ўзи банд қилганлар 339 минг нафардан ортди. Ҳудудлар кесимида ўзини ўзи банд қилган сони бўйича Самарқанд шаҳри биринчи ўринда (43 минг нафарга яқин). Ундан кейин Ургут (28 минг нафардан зиёд) ва Паст Дарғом туманлари (27 минг нафарга яқин) турибди. Йўналишлар бўйича энг кўп аҳоли банд бўлган соҳа (48 минг нафарга яқин) маиший буюмларни ижарага бериш хизмати ҳисобланади. Шунингдек, парда тикиш, каштачилик (32 минг нафар), буюртма асосида товарларни етказиб бериш (30 минг нафарга яқин), томорқада ер чопиш (27 минг нафарга яқин) хизматларини кўрсатувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда.
2023 йилда ўзини ўзи банд қилганлар томонидан 4 миллиардга яқин ижтимоий солиқ тўланган.
Асқар БАРОТОВ тайёрлади.