Қарийб 3 ой аввал йўқолган эркакнинг мурдаси каналдан машина рулига занжирбанд қилинган ҳолда топилди

Жорий йилнинг 17 апрель куни Хазорасп туманида истиқомат қилувчи фуқаро Т.Қ.нинг бедарак йўқолгани юзасидан Ж.К.нинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълум қилинишича, Хазорасп тумани Темирчи маҳалласи, Базм кўчаси, 15-уйда яшовчи, 1988 йилда туғилган Т.Қ. 27 март куни соат тахминан 10:00 ларда отасининг номида бўлган «Тико» автомашинасини бошқариб, яшаш уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмасдан бедарак йўқолган.

Мазкур жиноят иши бўйича олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар давомида тўпланган далилларга кўра, Т.Қ. 27 март куни бир неча маротаба «Тошсақа» каналининг Хазорасп тумани Амударё маҳалласи ҳудудидаги «Чап қирғоқ» сув тақсимлаш иншооти атрофида бўлганлиги аниқланган.

Шунингдек, Т.Қ. фойдаланувида бўлган телефон рақами сўнгги маротаба шу куни соат 21:41 да «Чап қирғоқ» сув тақсимлаш иншооти олдида бўлганлиги аниқланган.

Шу сабабли, Т.Қ. мазкур «Тошсақа» каналининг «Чап қирғоқ» сув тақсимлаш иншооти атрофида сувга чўкиб вафот этган бўлиши мумкинлиги инобатга олиниб, 4 июнь куни «Чап қирғоқ» сув тақсимлаш иншооти ҳудудида сув тўсилиб, ИИБ ва махсус қутқарув хизмати ходимларидан иборат гуруҳ томонидан каналда қидирув ишлари олиб борилган.

Натижада каналдаги сувдан «Тико» машинаси ва унинг ҳайдовчи ўриндиғида фуқаро Т.Қ. бўйнидан занжир билан автомашинанинг руль қисмига қулфланган ҳолдаги мурдаси топилган.

Ҳодиса жойига вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари О.Шамуратов ва вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Т.Казаковлар бошчилигидаги тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, видеотасвирга олинган ҳолда кўздан кечирган.

Мурда ташқи кўздан кечирилганда ва экспертизада унинг баданида бирон-бир жароҳат излари аниқланмаган.

Ҳозирда Т.Қ.нинг ўлим сабабларини аниқлаш бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.