Самарқандда 500 гектардан ортиқ ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллангани маълум бўлди

Самарқанд вилояти ҳудудида ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилишлар қурилганлик ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан назорат тадбирлари олиб бориляпти. Бу ҳақда Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ахборот хизмати ходими А.Ҳайитов Zarnews.uz' га маълум қилди.

Унга кўра, ер муносабатлари билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2022 йил давомида туманларда жами 1753 ҳолатда 509 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ва ер қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, 1195 ҳолатда 282 гектар ер уй-жой қуриш мақсадида, шундан 387 ҳолатда 156,6 гектар ер томорқа сифатида, 347 ҳолатда 20,7 гектар ер нотурар жой қуриш мақсадида ва 210 ҳолатда 205,4 гектар ер майдони бошқа мақсадларда фойдаланиш учун эгаллаб олинган.

- Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ер қонун бузилишини содир этган шахсларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, 518 ҳолатда 255 гектар ер майдони ихтиёрий равишда бартараф этилган, - дейди А.Ҳайитов. - Белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этилмаган 981 ҳолатда 214 гектар ер майдони фуқаролик ишлари бўйича суд идораларига ноқонуний қурилмани буздириш ва ер майдонини асл ҳолатига келтириш юзасидан даъво аризалар ва прокуратура органларига 207 ҳолатда 34 гектар майдондаги қонунбузилишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилган.

Бундан ташқари, 61 ҳолатда 624,7 гектар ер майдонида ердан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган ва туман, шаҳар ҳокимликларига тақдимномалар киритилган, 16 ҳолатда 481,3 гектар ер майдонлари қайтарилган.