Самарқандда “ДОКТОР КОБРА” туризм маскани бор
Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан 16-17 октябрь кунлари Самарқандга инфо-тур ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.
Инфо-тур қатнашчилари бугун Samarkand Half Marathon (яриммарафон)га тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжуманидан сўнг Нуробод туманига йўл олди ва Жом қишлоғидаги “Доктор кобра” туризм маскани фаолияти билан танишди.
Бугунга келиб, нафақат Самарқанд, балки республикамизга ҳам танилиб улгурган мазкур масканнинг ҳайвонот боғида кўплаб ёввойи ҳайвонлар ҳамда қушларнинг 20 дан ортиқ турини кўриш мумкин. Жумладан, чиябўри, эчкиэмар, олмахон, жайра, туяқуш, бургут, укки, лочин ва 30 дан ортиқ заҳарли илонлар мавжуд.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ушбу ҳайвонот боғи таниқли илон тутувчи, “Доктор Кобра” номи билан танилган Алишер Ёрматов томонидан ташкил қилинган. Масканнинг бугунгидек қиёфага келиши учун 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Шунингдек, ғаройиб илон томошаларини фақатгина шу ерда кўриш мумкин.
Ҳозирги кунда мазкур туризм маскани илонлар шоу дастури орқали “Ginnes rekordlar kitobi”га киритилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ҳудудда овқатланиш, илон заҳри билан даволаш, квадроциклда сайр қилиш каби қўшимча хизмат турлари ташкил этилган.
Алишер Ёрматов республика анъанавий тиббиёт ассоциациясига қабул қилинган. У қишлоқда тиббиётнинг асосий йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар ва шифокорлар ишлайдиган 50 ўринли касалхона қуришни режалаштирган. Таъкидланишича, соғлиқни сақлаш маркази беморларни анъанавий усуллар билан ҳам, анъанавий тиббиёт билан ҳам даволайди.