Таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш юзасидан ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 25 май куни Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисига киритилган масалалар кўриб чиқилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил якунлари ва 2021 йилнинг биринчи чораги якунлари юзасидан Молия вазирлиги масъулларининг ҳисоботи эштилди.

Тадбирда таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги долзарб муаммолар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш сенаторлар диққат марказида бўлди.

Қўмита томонидан таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида ўтказилган ўрганишлар ҳозирда нафақат ўрта, балки олий маълумотли ёшлар бандлигини таъминлашда ҳам ҳал қилиниши зарур бўлган айрим масалалар борлгини кўрсатди.

Республикамизда 2021 йил 1 январь ҳолатига мавжуд бўлган 19,1 млн нафар меҳнат ресурсининг 14,8 млн нафари иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Шундан 13,2 млн нафари ўз иш-жойига эга, 1,6 млн аҳоли бандлигини таъминлаш талаб этилади. Улардан  805,2 минг кишидан ортиғи 16-30 ёшдаги ишсизлардир.

Шунингдек, меҳнат бозорига 2021 йилда жами 560 минг битирувчи кириб келади. Яъни, олий таълим муассасаларини 103,1 мингдан ортиқ, умумтаълим мактабларини 440 мингга яқин, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини 18 мингдан зиёд ёшлар тамомлайди. Натижада 2021 йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1 365,2 минг нафарни ташкил қилади.

Республикада 131 та ОТМда бакалавриатда 134 та таълим йўналиши, магистратурада 147 та мутахассислик янгидан ташкил қилинган. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга етказиш белгиланган.

2020 йилда республикада жами банд бўлганларнинг 82 фоизи ёки 11,1 млн. нафар аҳоли хусусий секторда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектлари ва олий таълим муассасалари ўртасида мақсадли кадрлар тайёрлаш, кадрларга буюртма бериш тизимида бевосита тўғридан-тўғри ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини англатади.

Сенаторлар битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласида илғор хорижий давлатлардаги ижобий тажрибаларни ҳам ўрганиш зарурлигини ҳам таъкидладилар. Хусусан АҚШ университетларидаги “Рекрутинг марказлари”, Япониядаги “умрбод бандлик тизими”, Финляндиянинг ҳар бир олий таълим муассасаси таркибидаги махсус бандлик хизмати, Қозоғистондаги “Диплом билан қишлоққа” каби дастурларни ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.

Юқоридагиларни инобатга олиб, таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласида ҳукуматга Парламент сўрови киритиш юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари мажлисда Жорий йил оромгоҳларда болалар дам олишини мазмунли ташкил қилиш, у ерда болаларни беш муҳим ташаббусга ҳамда чет тилларни ўрганишга кенг жалб этиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Бу йилги ёз мавсуми давомида 1 минг 545  та стационар турдаги оромгоҳлар ва соғломлаштириш майдончаларида жами 261  минг 608  нафар болани дам олдириш режалаштирилган.

Оромгоҳларда болалар дам олишини мазмунли ташкил қилиш, у ерда ўғил-қизларни бешта муҳим ташаббусга кенг жалб этиш, хорижий тилларни ўргатиш каби масалалари юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, ижрочиларга етказиш белгиланди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.