Яна 2 минг нафар ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаймиз
Жорий йил 14 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар бугунги кунда кечиктириб бўлмайдиган ва жуда муҳим ишлардир.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, ишсизлик, бирор бир иш, машғулот билан шуғулланмаган одам вақтини беҳуда сарфлайди. Ўз навбатида ёшлар, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик каби иллатлар ортиб бораверади.
Бунинг олдини олиш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун
корхонамиз - Самарқанд туманидаги “Agromir group” масъулияти чекланган жамияти тасарруфида алоҳида боғдорчилик ассоциацияси ташкил этганмиз. Ассоциация ихтиёридаги 600 гектардан зиёд ерда янги токзор барпо этдик. Бунинг учун мингта оилани қарамоғимизга олиб, шундан 500 дан ортиқ камбағал оилани кооперативга доимий ишга олдик ва янги токзорлар орасини уларга бўлиб бердик. Айни кунларда улар бу майдонлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиштириб, бозорда сотишяпти, рўзғорларини анча яхши тебратишяпти.
Яна 500 оилага қирқ кунда ҳосил олса бўладиган бодринг уруғини тарқатгандик. Улар ҳам қилган меҳнатлари ҳузурини кўряпти. Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида барпо этилаётган кўп қаватли уйлар қурилишида 100 кишини ишга олганмиз.
Янги иш ўринлари яратиш учун яна бир неча истиқболли лойиҳа ҳам амалга оширяпмиз. Шулардан бири - Самарқанд туманининг тоғли ҳудудида 2 минг гектарлик интенсив боғ барпо этиш лойиҳасидир. Томчилатиб суғориш тизимида ташкил этиладиган боғ лойиҳаси шу йилнинг охиригача амалга оширилади ва бу ерда 2 минг киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Амалга ошираётган бу ишларимиз замирида ўткир муаммо - ишсизликка барҳам бериш ётибди. Бугун ҳар бир ташкилот, корхона ва тадбиркорлик субъекти, умуман, давлат ва нодавлат, жамоат ташкилотлари ишсизлик ва бандлик муаммоси билан шуғулланса, бу ижтимоий масала ижобий ечим топади. Ишсизлик ва бандлик муаммоси борасида эскича ёндашувлар бу муаммони ечишда самара бермайди. Чунки йиллар давомида олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришда мутасадди корхона ва ташкилотларнинг масъуллари томонидан юзаки ёндашувлар бўлган.Тизимда битирганлик тўғрисида ҳужжат олишлари учун таълим муассасаси корхона ташкилотлар ва битирувчи ўртасида уч томонлама тузилган шартнома асос бўлган. Шунга қарамасдан ишга жойлаштирилган ёшларнинг аксарияти 3 ой, ярим йил, узоғи билан бир йилдан сўнг турли сабабларга кўра ишдан бўшатиб юборилган. Айримлари ишламасдан ҳам қолиб кетган. Йиллар ўтиб бу ижтимоий муаммога айланди.
Агар мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларидан бошлаб ёшларни ўз қизиқишига қараб касб танлашга ўргатсак, ёшларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида малака ва кўникма шакллантирсак, уларнинг бизнес стартапларини қўллаб-қувватласак, маҳалла марказлари ва чекка қишлоқларда касаначилик, тўқимачиликни ривожлантирсак, ишсизлик ва бандлик муаммосини келиб чиқишининг олдини олган бўламиз.
Шавкат Жалолов,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.