Ёшлар жинояти нега кўпаймоқда?

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 4 ойида вилоятимизда қайд этилган 2242 та жиноятнинг 508 таси 661 нафар ёш томонидан содир қилинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 61,8 фоизга ёки 194 тага ортган.

Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев билан суҳбатимиз ушбу рақамлар, бу ҳолатнинг сабаби, оқибатлари, ечимлари ҳақида бўлди.

- Ҳусан ака, таҳлиллар вилоятда содир этилган ҳар тўртинчи жиноятда ёшларнинг қўли борлигини кўрсатмоқда. Самарқанд ёшларининг етакчиси сифатида буни қандай изоҳлайсиз?

- Албатта, бу жуда ёмон кўрсаткич. Лекин у бугунги ёки кечаги муаммо эмас. Ёшлар ўртасида жиноятчилик йиллар давомида ортиб келмоқда ва бунга турли омиллар сабаб бўлмоқда. Мисол учун, ёшларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги бугунги талабга жавоб бермайди. Қонунни бузаётганларнинг аксарияти ҳаракатининг оқибатини ўйлаб ҳам кўрмаган, бунинг учун қонунчилигимизда қандай жазо чораси белгиланганлигини билмайди. Бунга кузатувларим давомида кўп амин бўлганман.

Иккинчидан, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни тўлиқ иш билан таъминлай олмаяпмиз. Бугун Самарқандда расмий ишсиз ёшлар бор-йўғи 2542 нафар бўлса, меҳнатга лаёқатсизлар 16304 нафар, ўз ихтиёрига кўра ишламайдиганлар 17515 нафар ва умуман ишлаш нияти йўқлар 274 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Булар даромад манбаи йўқ ёшлардир. Хўш, ишсиз, даромадсиз ёшлар пул топишнинг муқобил йўлини излаб кўрмайди, деб ўйлайсизми? Халқаро тажрибадан маълум, ёшлар иложсизликда ўз иқтидорини ёмон мақсадда ишлатиши мумкин. Фикрларимга исботни жиноятчилик таҳлилида ҳам кўришингиз мумкин. Ўтган даврда ёшлар ўртасида асосан фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари кўпайган.

Яна бир аччиқ ҳақиқат шуки, уюшмаган ёшлар билан ишлаш масаласига узоқ йиллар давомида эътибор қаратилмади. Маҳаллалардаги асл ҳолатни билмадик. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, вақтини тўғри йўналтириш, ижтимоийлашувига эришиш, деган тушунчалар эндигина ишлай бошлади. Табиийки, ўртадаги бўшлиқда униб-улғайган ниҳол ўз “ҳосил”ини бермай қўймайди. Буни англашимиз, хулоса қилишимиз керак.

- Айрим мутахассислар жамиятимизда ижтимоий меъёрлар аниқ белгиланмаганлиги сабабли ҳам ёшлар жиноятчилиги ортяпти, дейишмоқда. Сиз бунга қандай қарайсиз?

- Бу фикрда ҳам жон бордир, бироқ назоратнинг кучайтирилиши ёшларни “қолип”га солиб қўймайдими? Улар эркин фикрлаши керак, шу билан бирга, қадриятларимиз, қонунларимизга итоат қилишни мажбурият эмас, бурч, шараф деб билиши лозим. Биз тарбияни шундай мукаммал қилишимиз керакки, ижтимоий меъёрларни қоғозга тушириш, тасдиқлашга ҳожат қолмасин. Агар гап фақат меъёрда бўлса, ҳозир бор меъёрларимизга амал қилинганда ҳам жиноятчилик бу қадар кўпаймаган бўларди. Бундан келиб чиқадики, биз назорат механизмини кучайтиришни эмас, борини ишлатишни ўрганишимиз керак.

- Бугун ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси бор. Уларнинг асосий вазифаларидан бири ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ёшлар билан тизимли ишлаш ҳисобланади. Хўш, нега бу йўналишдаги ишлар кутилган самарани бермаяпти?

- Маҳаллалардаги ёшлар етакчилари фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлмади. Уларнинг биринчи иши маҳалласида “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиш бўлди. Ўтган қисқа вақтда бу вазифалар якунланиб, ким билан, қандай ишлашимиз кераклигини билиб олдик.

Етакчилар салоҳиятига келсак, уларнинг ўзи ёш, тажриба тўплаши керак. Ўзингиз ўйланг, 22 га кирган қиз бола етакчимиз жазони ижро этиш муассасасидан қайтган 29 ёшли маҳалла зўравонига гап уқтира оладими? Барча муаммони етакчилар гарданига юклаб бўлмайди. Уларни тадбирлар, ҳисоботлар билан кўмиб ташлаш, қўлидан келмайдиган ишга жўнатиб, томошабин бўлиб туриш тизимни ишдан чиқаради. Ёшлар масаласи умуммиллий масала. Унга нафақат ота-она, таълим муассасаси, етакчилар, балки ҳар бир фуқаро масъул эканлигини унутмаслигимиз керак.

Етакчиларимиз ёш бўлса-да, ҳаракат қиляпти, тажриба тўплаяпти. Албатта, маҳалласидаги ёшларни бирлаштира олмаган, етакчилик қилолмаганлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинади. Уларнинг ўрнини муносиб ёшлар эгаллаши керак. Саралаш ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Ишончим комил, бу босқичлардан ўтиб олсак, етакчилар ҳудудларда ёшлар сиёсатини амалга оширишда энг муҳим бўғинга айланади.

- Етакчилар томонидан тарбияси оғир, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг оилалари ўрганилганми? Бундай ёшлар билан қай тартибда ишланмоқда?

- Айни кунда вилоятимизда алоҳида назоратда турувчи ёшлар 697 нафар, пробация ҳисобидагилар 155 нафар, жазони ижро этиш муассасасидан қайтганлар 79 нафар, нотинч оилалардаги ёшлар 164 нафарни ташкил этади. Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганлиги сабабли “ҳимоя ордери” олган, ўз жонига қасд қилишга мойил ёшлар ҳам бор. Уларнинг ҳар бири алоҳида ёндашув, муносабатни талаб қилади. Бу йўналишда етакчиларимиз маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда ишламоқда. Шу кунгача тегишли рўйхатга киритилган ҳар бир ёш ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбат ўтказилиб, оилалардаги ижтимоий, психологик муҳит портрети шакллантирилган. Шу асосда бундай ёшларни қизиқишига қараб таълим, касб ёки спортга йўналтириш, бўш вақтини мақсадли ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Ўйлайманки, тез орада саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини беради.

- ИИБ маълумотига кўра, ўтган тўрт ойда олий таълим муассасалари талабалари томонидан 30 та жиноят содир этилган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 4 та бўлган. Табиий савол туғилади: ёшлар етакчиларининг маҳаллага “кўчирилиши” таълим муассасалари билан алоқанинг узилишига олиб келмадими?

- Олий таълим муассасаларида ёшлар етакчиси лавозими тугатилиши баробарида тюторлик фаолияти йўлга қўйилди. Илгари бутун бошли институтда битта етакчи бўлган бўлса, энди ҳар 100 талабага битта тютор, ҳар бир факультетга битта етакчи бириктирилган. Тўғри, энди мактабларда ёшлар етакчиси штати йўқ. Лекин мактаб директорининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, психолог, тарғиботчилар бор. Бу жиҳатдан биз ютдик. Негаки, ёшлар етакчиси энди икки орада сарсон бўлмай, мутахассислар билан ҳамкорлик қилади. Жараённи янада самарали ташкил этиш мақсадида таълим муассасалари билан тегишли меморандумларни имзоланганмиз.

Масаланинг яна бир тарафи бор. Талабалар ўртасида жиноятчилик ортяпти, деяпмиз. Лекин негадир олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталарини инобатга олмаяпмиз. 2016 йилда республикамизда фақат 9 фоиз ёшлар олий таълимга қамраб олинган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 28 фоиздан ортди. Вилоятимизда 2016 йилда 20 мингга яқин талаба бўлган, бугун-чи, улар 70 мингдан кўп. Бундан ташқари, олий таълимда кечки, сиртқи таълим йўналишлари очилди. Ўқишини хориждан кўчириб келган талабалар кўпайди. Биз унинг ким эканлиги, мақсади, хулқи, дунёқарашини қаердан биламиз? Бир йилда 7-8 минг талаба ўқишини Самарқанддаги ОТМларга кўчирмоқда. Буни ҳам ҳисобга олиш керак.

- Вилоятимизда ёшлар билан ишлаш тизимини қандай баҳолайсиз? Масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорлик фақат қоғозда бўлмаяптими?

- Самарқандда ёшлар сиёсати вилоят ҳокими даражасида муҳокама қилинади. Ҳар ҳафта ўтказиладиган ҳокимлик соатининг асосий қисми айнан шу масалага бағишланади. Ҳозир маҳаллаларни ёшлар жинояти сонига қараб, яшил, сариқ ва қизил тоифага ажратган ҳолда ишлаяпмиз. Шунингдек, бошқарма ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Айни вазифалар доирасида маҳаллалардаги фаол, етакчилик қобилиятига эга ёшлардан иборат “Қалқон” гуруҳларини ташкил этдик. Бу гуруҳлар “эгри” йўлга кирган ёки шунга мойиллиги бор тенгдошлари билан ишлайди. Бундан ташқари, профилактика инспектори билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Агар барчамиз бир ёқадан бош чиқарсак, ёшлар жинояти деган муаммодан қутуламиз. Айни вақтда шунинг устида ишлаяпмиз ва тез орада натижага эришамиз.

Асқар Баротов суҳбатлашди.