Аҳмаджон Бобожонов қандай қилиб "Ковид-марказ"га раҳбар бўлганини айтиб берди

Самарқандликлар яхши хабардор, коронавирусга чалинганларни даволаш учун шаҳарда ташкил этилган "Ковид-марказ"га кетма-кет икки йил давомида тажрибали шифокор, тиббиёт фанлари номзоди, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов раҳбарлик қилди.

Бобожонов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шаҳарда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун олиб борилган ишлар ҳақида маълумот бериш баробарида коронавирусни даволашда ўтган йил ҳамда бу йилги фарқли ва умумий жиҳатлар, мураккабликлар маълум қилинди.

- Ўтган йили коронавирусга чалинганларни даволаш учун ташкил қилинган тақсимлаш маркази олти ой фаолият юритган бўлса, бу йил уч ой етарли бўлди. Бу биринчи навбатда вакцинация натижаси. 2021 йил марказга келганларнинг аксарияти вакцина олмаган ёки вакцинациянинг барча босқичларидан ўтмаган аҳоли бўлди.

Аммо афсуски, ҳамон аҳоли орасида вакцинага ишонмаган, унга бефарқ қараётганлар учраб турибди.
Айтишим керакки, коронавирус ҳамон орамизда юрибди, гарчи даволаш тартиблари мукаммаллашиб бораётган бўлса-да, аммо эътиборсизлик, соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик кабилар бу хасталикни оғирроқ ўтказишга сабаб бўлмоқда. Бу йил ҳам ўтган йилгидаги сингари даволаш жараёни касаллик белгиларига қараб ўзгариб, такомиллашиб борди, дори-дармонлардан тортиб, озиқ-овқатгача ҳаммаси бепул тарзда давлат томонидан ажратилди.

Айни кунларда тақсимлаш маркази ёпилган бўлса-да, Самарқанд шаҳридаги Узоқ лагерда жойлашган 175 ўринли шифохонада оғир аҳволдаги беморлар даволаниши йўлга қўйилган, - деди А.Бобожонов.

"Ковид-марказ"га раҳбар бўлиб келиш жараёни ҳақидаги саволга Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари қуйидагича жавоб берди:

- Тўғриси, ўтган йили пандемия бошланишида одамлар орасидаги ваҳима шифокорлар ўртасида ҳам бўлган. Аввалига, барча ўзи учун қўрқиб қолганди. Мен ҳам гарчи раҳбар бўлсам-да, биринчи навбатда барча инсонлар қатори оддий одамман. Ўтган йили турмуш ўртоғим иккимиз касалликни бошимиздан ўтказдик. Рафиқам кома ҳолатида қолганда, жуда қаттиқ хавотирга тушдик, таъсирландик. Шукрки, рафиқам соғайиб, ҳолати яхшиланди. Шундай кунларнинг бирида шаҳарда тақсимлаш маркази очилиши ҳақида топшириқ бўлди. Унга мени раҳбар этиб тайинлаши ҳақида айтишди. Ўзим яқиндагина шу хасталикни бошимдан ўтказганим учун, бироз хавотирга тушдим. Аммо врачлик мажбуриятимни бажаришим керак, қолаверса турмуш ўртоғим оғир ҳолатдан соғайиб кетгани учун, эҳтимол буям Яратганнинг бир марҳамати, деб қабул қилиб, бунинг эвазига одамларга яхшилик қилишим керак, деган тўхтамга келдим ва рози бўлдим.

Эслатиб ўтишни жоиз деб биламан, ўша пайтлар ҳали "Ковид-марказ"да ишлайдиган шифокорларга қўшимча моддий рағбатлар белгиланмаган, шифокор, ҳамшираларни бу марказга жалб қилиш анча мураккаб жараёндаги пайтлар эди. Ўнлаб касалларга битта шифокор қараган вазиятлар ҳам бўлган. Кейинчалик, давлатимиз томонидан катта миқдордаги моддий рағбат ажратилгач, шифокорларни танлаб олиш имкони пайдо бўлди, қайсидир маънода қийинчиликлар ортда қолди.

Мен бу марказни бошқаргандан, минглаб одамларга ёрдам бериш имконияти пайдо бўлгандан шукур қиламан, тўғриси.

Гулруҳ МЎМИНОВА.