Ака-ука фирибгарлар ҳамтовоқлари билан 200 кишини 7 миллиард сўмга чув туширди

Амалдаги Жиноят кодексининг «Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш» деб номланган Х бобидан жой олган 6 та жиноят орасида, айниқса, фирибгарлик одамлар ўртасидаги энг муқаддас ришталардан бири — ишончни суиистеъмол қилиш орқали содир этилиши билан ўта хавфли. Ачинарлиси, сўнгги пайтда фирибгарликнинг кўлами кенгайиб бормоқда. Осон йўл билан мўмай даромад топиш ҳамда тез орада бойиб кетишни хоҳловчи нафс бандалари фирибгарликни ўзларига касб этишмоқда.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида яшовчи ака-ука Ўктам ва Рустам Қўчқоровлар ҳам осонгина бойиб кетишни кўзлаб, фирибгарликка қўл уришди. Гап шундаки, Ў.Қўчқоров дастлаб Акмал Тўлаганов раҳбарлик қилган жиноий гуруҳ таркибида Эркин Қосимов ва Гулноза Ўралова (жиноят ишининг уларга оид қисми жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судида кўриб чиқилган)лар билан бирга турли хил жиноий қилмишларга қўл урган. Яъни, А.Тўлаганов аввалига аҳолига транспорт воситаларини ижара ва лизинг асосида бериш ниқоби остида «Jasmina Biznes», «Prime Invest Leasing», «Prime Avto Leasing», «Mubina avto trans biznes» масъулияти чекланган жамиятларини ташкил этган. Аввалига, у ушбу масъулияти чекланган жамиятларига ўзи раҳбарлик қилган. Кейин эса ўрнини Ўктам Қўчқоровга бўшатиб берган.

Оқибатда жиноий гуруҳ аъзолари 2016 йил декабрь ойидан бошлаб лизинг шартномаси асосида автомашина олиш истагида юрган фуқароларнинг миллиардлаб маблағини юқорида номи қайд этилган масъулияти чекланган жамиятларига жалб қилиб, уларни боплаб «чув» туширишган. Масалан, «Jasmina Biznes» масъулияти чекланган жамиятига «Спарк» русумли автомашина сотиб олиш юзасидан мурожаат қилган Умидахон Фатхудиновага қуюқ ваъда беришади.

— Сизга 3-4 ой ичида ўзингиз хоҳлаган рангдаги «Спарк»ни олиб берамиз. Фақат шартномага кўра, автомашина нархининг ўттиз фоизи ва ҳужжатларни расмийлаштириш харажатларини олдиндан тўлашингиз керак, — дея мижозга 2016/01-сонли шартномани тақдим қилишади.

Шунга биноан, У.Фатхудинова дастлабки тўлов сифатида 13 200 000 сўм тўлайди. Аммо фирибгарлар белгиланган муддат ўтиб кетса-да, ваъдаларини қасддан бажармай, олинган маблағни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишади. Шунингдек, «Каптива» русумли автомашина сотиб олиш ниятида юрган Шароф Жиянов ҳам 2017 йил 10 март куни 2017/23-сонли лизинг шартномасига имзо чекиб, 65 000 000 сўм нақд пул тўлайди-ю, бироқ орзуси амалга ошмайди. Чунки фирибгарлар ваъдаларига вафо қилмай, маблағни аллақачон ҳазм қилиб юборишганди.

Буни қарангки, «ҳожатбарор»лар Дониёр Зинатуллаевни сал бошқачароқ тарзда алдашади. Ўшанда уларнинг қуюқ ваъдасига ишонган Дониёр 2017 йил 11 майдаги 2017/23-сонли лизинг шартномасига мувофиқ «Спарк» автомашинасини сотиб олиш учун «Prime Invest Leasing» масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига 19 812 000 сўм миқдорида нақд пул топширади. Бироқ ваъда қилинган 3-4 ой муддатда автомашина етиб келмайди. Шунда жиноят ишининг унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахс «Арт техно трейдинг» масъулияти чекланган жамиятидан вақтинчалик ижарага олинган, давлат рақами «01 954 ТЕА» бўлган «Спарк» русумли автомашинани ишонч-нома орқали Д.Зинатуллаевга топширади. Орадан кўп ўтмай Дониёр ЙҲХБ ходимлари автоуловни жарима майдонига киритиб қўйишгач, алданганини тушуниб етади.

Шу тариқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Ҳамтовоқлар эса жиноят изларини яшириш мақсадида, «Jasmina Biznes», «Prime Invest Leasing», «Prime Avto Leasing» масъулияти чекланган жамиятларнинг 2016 йил декабрдан 2017 йил май ойигача бўлган даврдаги бирламчи бухгалтерия ва молиявий хўжалик фаолиятига доир ҳужжатларини, муҳр ва штампларини, мижозлар билан тузилган лизинг шартномаларини, мазкур шартномалар асосида қабул қилинган дастлабки тўловлар ҳақидаги квитанцияларни қасддан йўқ қилишади. Ўктам Қўчқоров эса терговдан қочиб, яширинади. Бу ҳам етмагандек, бу фирибгар кимса «Prime Avto Leasing» масъулияти чекланган жамиятига қўшимча равишда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида «Nukus auto leasing», «Хorazm auto leasing», «Laziza avto kredit plyus», «Anastasiya Avto Servis», «Turon trans avto kredit», «Buhara biznes trans plyus» масъулияти чекланган жамиятлари, «Buhara biznes trans plyus» масъулияти чекланган жамиятининг «Бухоро-1» ва «Ғиждувон» филиалларини ташкил қилиб, жиноий фаолиятини давом эттиради.

Бунда унга укаси Рустам Қўчқоров, хоразмлик Дилмурод Алланазаров, Бекзод Ражабов, Хурсанд Собиров, Жалол Раҳимов, нукуслик Рустам Зулхандеров ва навоийлик Азиза Сафаровалар жиноий шерик бўлишади. Бу кимсалар автомашина олиш истагида юрган соддадил кишиларни лизинг шартномасига қизиқтириб, юқорида номи қайд этилган масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятини турли усулда реклама қилиш билан машғул бўлишган.

Ромитанлик Гулнора Ҳожиева ҳам фирибгар ҳамтовоқлардан жабрланганлардан биридир. Маълум бўлишича, Г.Ҳожиева «Жентра» автомашинасини сотиб олиш мақсадида туманнинг Амир Темур кўчасида жойлашган «Turon trans avto kredit» масъулияти чекланган жамиятига мурожаат қилади. Шундан сўнг Г. Ҳожиева билан масъулияти чекланган жамияти ўртасида 21/07-сонли лизинг шартномаси тузилади. Шартномага асосан аёл дастлабки бадал ва комиссион тўлов сифатида жами 59 280 000 сўм миқдоридаги маблағни жамиятга топширади. Бунга жавобан уддабуронлар автомашинани 3-4 ой ичида етказиб беришни айтишади. Аммо ваъда ваъдалигича қолиб кетади. Мижоз томонидан топширилган пуллар ака-уканинг кайфу сафосига сарфланади.

Қашқадарёлик Фарҳод Раҳимов эса 2018 йил август ойида «Қашқадарё» ва «Насаф» телеканалларида эфирга берилган реклама орқали тузоққа тушди. Яъни, маҳаллий телевидениеда «Laziza avto kredit plyus» масъулияти чекланган жамиятидан автомашина сотиб олиш имконияти борлиги хусусида реклама (эълон) берилади. Буни кўрган Фар-ҳоджон укаси Шерзод Мирзақулов билан «Кобальт» машинаси сотиб олиш ҳақида маслаҳатлашади. Шу мақсадда 2018 йил 17 август куни масъулияти чекланган жамиятига боришганда уларни Рустам Қўчқоров кутиб олади.

“Мен жамият директориман”, деб ўзини таништиради у. Сўнг ака-ука мижозларга лизинг шартномаси шартларини тушунтиради. Пировардида, шартнома расмийлаштирилгач, Ш.Мирзақулов автомашина учун аввал 43 700 000 сўм, кейин яна 5 700 000 сўм тўлайди. Бироқ Р.Қўчқоров бошқа мижозлар сингари уларнинг қўйнини ҳам пуч ёнғоққа тўлдириб, ваъдасининг устидан чиқмайди.

Шундай қилиб, «қаҳрамон»ларимиз 200 нафар кишини 7 миллиард сўмга чув туширишади. Лекин Шерзод Мирзақулов билан шартнома имзолангандан сўнг орадан 10 кун ўтиб, ИИБ ходимлари уларни қўлга олишди. Негаки, А.Тўлагановнинг жиноят иши бўйича, қолаверса, жабрланувчиларнинг мурожаатига асосан тезкор ходимлар аллақачон Ў.Қўчқоров бошчилигидаги жиноятчиларнинг изига тушишганди. Оқибатда уларнинг ҳар бирига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Яқинда ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида кўриб чиқилди. Устамонликни қарангки, судда гувоҳ сифатида сўралган Акмал Тўлаганов Ўктам Қўчқоровни 2016 йил ноябрь ойидан буён танишини, ўзи «Jasmina biznes» масъулияти чекланган жамиятида ҳисобчи бўлиб ишлагани, жамиятга қанча одам тўлов қилганлигини билмаслигини маълум қилди. Ваҳоланки, у аксарият мижозларга ўзини жамият раҳбари, деб таништирган.

Албатта, суд судланувчиларни қонуний жазога маҳкум этди.

Жумладан, Ўктам Қўчқоров 14 йил, Рустам Қўчқоров эса 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жабрланувчиларга етказилган зарарлар айбдорлардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.

Энди ҳақли савол туғилади. Хўш, Ўктам ва Рустам Қўчқоровлар шунча кишини алдаш эвазига миллиардлаб пул топиб нимага эришди? Уларнинг охир-оқибат топгани узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси бўлди, холос. Энг ачинарлиси, ота-онасини фарзанд доғида, гулдек фарзандларини ота меҳрига зор қилиб куйдирганлари қолди.

Мусо ЮСУПОВ,

жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди судьяси.