АҚШ тарихда биринчи марта нефть бозори етакчилигини йўқотиши мумкин

Келгуси йилда АҚШ нефтни қайта ишлаш бозорида қувватини тезлик билан ошираётган Хитойга йўл бериб, тарихда биринчи бор етакчиликни қўлдан бой бериши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg Халқаро энергетика агентлиги маълумотига асосланиб маълум қилди.

Нашрда таъкидланганидек, Қўшма штатлар нефть қазиб олиш даврининг боши - XIX аср ўрталаридан буён нефтни қайта ишлаш бўйича етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бироқ 2021 йилда ушбу позицияни Хитой эгаллайди, дея тахмин қилмоқда экспертлар. Ҳозирги кунда Хитойда камида тўртта нефтни қайта ишлаш заводи қурилаётган бир пайтда АҚШда шу каби заводлар ёпилиши сабаб раҳбарият алмашиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Агентлик маълумотларига кўра, Хитой нефтни қайта ишлаш корхоналарининг умумий қиймати бир суткада 1,2 миллион баррелгачани ташкил этиши мумкин. Буни таққослаганда Буюк Британиянинг жами нефтни қайта ишлаш ҳажмига тенг. Шу билан бирга, коронавирус пандемияси сабаб юзага келган инқироз туфайли ёқилғига бўлган жаҳон миқёсидаги талаб  камайганлиги нефть қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмини қисқаришига олиб келди. Ушбу қисқартириш рекорд даражада - суткада 1,7 миллион баррелни ташкил этди ва бунинг ярмидан кўпи асосан Америка корхоналарига тўғри келди.

Хитой божхона бошқармасининг статистик маълумотларига кўра, мамлакат 2020 йил январидан октябригача бўлган даврда нефть импортини 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 10,6 фоизга, газ импорти эса 4,7 фоизга оширди. Энергия нархларининг кескин қулашидан фойдаланган Хитой бир йил олдингига қараганда 24,5 фоизга арзон нархга, яъни атиги 150,17 миллиард доллар сарфлаган ҳолда нефть ва газ сотиб ола бошлади.

Айтиб ўтиш жойизки, жорий йилнинг январидан сентябригача бўлган даврда Хитой иқтисодиёти 0,7 фоизга ўсди. 2020 йил якуний кўрсаткичлари бўйича Хитой дунёдаги иқтисодий ўсган энг йирик мамлакатлардан бўлади, дея таъкидлашмоқда халқаро валюта жамғармаси экспертлари.

Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.