Бозорда савдо қилишнинг ҳам қоидалари бор

Бугун бутун дунё аҳолисини хавотирга солаётган коронавирус инфекцияси халқимизни янада ҳамжиҳат бўлишга ундамоқда. Оммавий ахборот воситаларида саховатпеша тадбиркорларнинг кам таъминланган оилаларга кўрсатаётган ёрдамлари, тарқатилаётган тиббий воситалар олқишга сазовор, албатта. Аммо баъзи “учар” тадбиркорлар тоифаси борки, синовли кунлардан фойдаланиб чўнтагини қаппайтириш пайига тушиб қолишган. Бу тўғрисида ҳам кўплаб маълумотлар бериб борилмоқда.

Нарпай тумани “Мирбозор деҳқон бозори”да туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида навбатдаги “учар” тадбиркорнинг фаолиятига чек қўйилди. Фуқаро С.М. ҳеч қандай ҳужжатларсиз 4500 сўмдан картошка пуллаётган экан. Унинг 3 миллион 600 минг сўмлик маҳсулотлари вақтинча олиб қўйилди. Албатта, у фаолиятини қонунийлаштириб фаолият бошласа, маҳсулоти тегишли тартибда қайтариб берилади.

Аҳолида “Ахир у деҳқон бўлиши мумкинку. Нимага деҳқон бозорда ўз маҳсулотларини сотиши учун ҳам ҳужжат расмийлаштириши керак”, деган ҳақли саволлар туғилиши мумкин. Ушбу саволга батафсил жавоб бериб ўтамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларининг 48-бандига асосан жисмоний шахслар – деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари, боғбонлар ва полизчилар, юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар жиҳозланган савдо ўринларида, бир марталик йиғимни мажбурий тўлаган ҳолда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиши мумкин.

Ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун жисмоний шахсларга ўринлар ушбу қоидалардаги иловага мувофиқ, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, боғдорчилик-узумчилик ёки полизчилик ширкати бошқаруви томонидан берилган, сотилаётган маҳсулот жисмоний шахс томонидан унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи, белгиланган шаклдаги ҳужжат (маълумотнома) тақдим этилган тақдирда берилади.

Маълумотномада жисмоний шахс доимий яшайдиган жойнинг манзили, ер участкасининг жойлашган жойи ва майдони, бир йилда ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотишнинг мумкин бўлган ҳажми мажбурий тартибда кўрсатилади.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.