Вилоят прокурори ва ИИБ бошлиғи Кенгашга ҳисобот берди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саксон биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб, вилоят маҳаллий буджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисидаги ҳамда ташкилий масалалар кўрилиб, тасдиқланди.

Сўнгра вилоят прокурори Ж.Ҳотамовнинг вилоят прокуратура органлари томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланишича, 2022 йилда вилоятда прокурор назоратининг барча соҳаларида ўтказилган тадбирлар натижаси бўйича 9937 та прокурор назорати ҳужжатлари  қўлланилган. Прокурорлар протестига асосан 2915 та ноқонуний ҳужжатлар қонунга мослаштирилди, 6964 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Қонун талабларини бузган 5110 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонун бузилишлар юзасидан 488 та жиноят иши  қўзғатилди.

Мисол учун, «Мароқанд нефть базаси» МЧЖ Булунғур ва Нуробод филиаллари мансабдор ва моддий жавобгар шахслари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 4 миллиард 32 миллион сўмлик нефть маҳсулотларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. Мазкур ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, 8 нафар шахс айбли деб топилди ва давлат манфаатларига етказилган зарарнинг тўлиқ ундирилиши ҳамда жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан 412 нафар шахсга нисбатан 259 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Коррупцион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига етказилган 55 миллиард 600 миллион сўм зарардан 49 миллиард 300 миллион сўми тергов давомида ундирилди.

Коррупцияга оид жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 264 нафари бюджет маблағларини ўзлаштирган, 15 нафари пора олган ёки берган, 42 нафари фирибгарлик жиноятини содир этган.

Халқ таълими бўлимлари томонидан Пайариқ туманида 729 миллион сўм, Паст Дарғомда 393,3 миллион сўм, Каттақўрғон туманида 288,6 миллион сўм бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланиб, ўтказилган тергов натижасида 10 нафар шахсга нисбатан тегишли айбловлар эълон қилиниб, маблағлар бюджетга қайтарилди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилган назорат тадбирларида ишбилармонларнинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ 214 та ҳолат аниқланиб, 61 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Шунингдек, туман ва шаҳар прокуратуралари томонидан 470 маротаба сайёр учрашувлар ўтказилиб, 3136 та мурожаатлар жойида ҳал  қилинди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан 646 та жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тергов якунига кўра, 956 нафар шахсга нисбатан 588 та жиноят иши айблов хулосалари билан судларга юборилди. 

Вилоят прокурори, шунингдек, қурилиш соҳасидаги қонунбузарликлар ҳақида сўз юритиб, ўтган йил 9 ҳолатда кўп қаватли уйлар қурилишида шаҳарсозлик меъёрларига риоя этилмаганини таъкидлади. Энг ёмони, бундай ҳолатларга қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг айрим мансабдорлари эътиборсиз қараган.

Ушбу йўналишда 500 га яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, масъулларнинг 302 нафари маъмурий ва интизомий жавобгарликга тортилган. 304 нафари расман огоҳлантирилган, ноқонуний қурилишларни буздириш ҳақида судларга 19 та даъво аризалари киритилган. Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 23 та жиноят иши қўзғатилган.

Сессияда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Маматовнинг 2022 йил давомида вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида олиб борилган ишлар юзасидан ҳисоботи ҳам эшитилди.

– Ўтган йил вилоятда 7727 та жиноятлар қайд этилган бўлиб, уларнинг 2865 таси ходимларимиз ташаббуси билан аниқланди, 7083 таси фош этилди, олдинги йилларда фош этилмасдан турган 285 та жиноят очилди, – деди Р.Маматов. – Жиноят содир этиб, суд ва тергов идораларидан яширинган қидирувдаги шахсларнинг 349 нафари ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш борасида 685 та жиноий ҳолат аниқланиб, 148 килограмдан ортиқ гиёҳванд моддалар далилий ашё тариқасида расмийлаштириб олинди.

669 та ўғирлик, 1282 та фирибгарлик ва 1154 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилдики бу нафақат орган ходимларидан, балки барчамиздан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни, жиноятчиликка қарши ҳамжиҳатликда курашишни тақозо этади.

Вилоят ИИБ бошлиғи давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 20 январда қабул қилинган «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ички ишлар органларини аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлайдиган халқчил профессионал тузилмага айлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Вилоятда 2022 йилда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати юзасидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевнинг ахбороти тингланди.

Қайд этилишича, ўтган йил вилоят адлия бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимлари томонидан вилоят ҳамда туман (шаҳар) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 555 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 455 тасига ижобий хулоса берилган. 100 та қарор лойиҳаси белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим этилгани сабабли қайтарилган.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 15640 та қарор ва фармойишлари «E-qaror» электрон тизими орқали қабул қилинган.

Туман ва шаҳар юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан мактаб, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасаларига, давлат органлари ва ташкилотларга 2334 та юридик хизмат кўрсатилган.

Бошқарма бошлиғи, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш, давлат хизматлари кўрсатиш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш, ҳуқуқий тарғибот соҳаларида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.