Эртага тест синовлари бошланади: Самарқандда имтиҳонга тайёргарлик қандай?
Бугун вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ҳамда Давлат тест маркази вакили, Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказиладиган тест синовларига умумий раҳбар Фарҳод Мирзаев тест синовларига бириктирилган масъуллар билан учрашди.
Суҳбатда тест синовларининг шаффоф ва адолатли ўтиши учун имтиҳонга масъул бўлган ҳар бир киши виждонан ва масъулият билан ёндашиши кераклиги эслатилди. Бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларига ҳар хил адолатсизликларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслик ҳамда унинг олдини олиш учун назоратни кучайтириш бўйича тушунчалар берилди.
Шундан сўнг назоратчилар ўзлари бириктирилган хоналар билан танишди.
***
Самарқанд шаҳар ҳокимининг фармойишига кўра, олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказиладиган тест синовлари тугагунига қадар Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасининг Бўстонсарой кўчаси билан кесишган қисмидан Даҳбед кўчаси билан кесишган чорраҳасигача бўлган қисмида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилади.
Имтиҳонга келган фуқаролар ўз автоуловларини Бўстонсарой кўчасидаги СамМИ клиникасининг ён томонидаги майдонда қўйишлари мумкин.
***
29 июлдан 13 августга қадар ўтказиладиган тест синовларида иштирок этувчи абитуриентларнинг ота-оналари ва уларнинг яқинлари учун СамМИ клиникаси ва Сиёб тиббиёт коллежида кутиш жойи тайёрланди.
Ота-оналар СамМИ клиникаси ҳовлисидаги иккита ва Сиёб тиббиёт коллежи дала майдонидаги битта монитордан имтиҳон жараёнини онлайн кузатиб боради.
***
Ота-оналарнинг энди фарзанди ортидан тест ўтказиладиган (бошқа вилоят)жойда соатлаб кутишига ҳожат қолмади. Чунки test 2019.uz сайтидан Самарқанд шаҳридаги ҳамда республикамизнинг барча вилоятларидаги тест жараёнларини онлайн кузатиб бориши мумкин.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ.