Институт ҳудудида ноқонуний яшаётган оила “уйи”дан чиқмоқчи эмас
Мазкур видеолавҳадаги воқеалар 20 май куни Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳудудида тасвирга олинган. Институт ҳудудида молхона, емишхона ва чорва молларини боқиш ва парваришлаш учун мўлжалланган бир неча хоналар бўлиб, ушбу хоналарда уларга қарайдиган виварий ишчиси Акрам Гаимов оиласи билан истиқомат қилган. А.Гаимовнинг оиласи ҳеч қаерда рўйхатдан ўтказилмаган, коммунал ва бошқа тўловларни тўламасдан, ноқонуний тарзда яшаган.
Бино яроқсиз аҳволда бўлиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига ҳам жавоб бермайди. Айни кунда бу ерда уй эгасининг ўғли яшайди. Видеотасвирга олинаётган жараёнда қариндошлар бир жойга тўпланишган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги 3703-сонли “Самарқанд ветеринария медицинаси институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Самарқанд ветеринария медицинаси институтини ташкил этиш бўйича Йўл харитаси”нинг 11-бандида институт таълим йўналишлари (мутахассисликлари)га мос замонавий ветеринария клиникаси (виварий)ни қуриш ва уларни моддий техник базасини шакллантириш бўйича лойиҳа сметасини тайёрлаш белгиланган.
Бу ерда Президент қарори асосида давлат лойиҳаси бўйича виварийнинг “Стационар ҳайвонларни сақлаш мажмуаси” қурилиши назарда тутилган.
Масъул мутасадди ташкилотлар ва институт раҳбарияти томонидан хонадон эгалари бир неча марта огоҳлантирилган, тушунтириш ишлари олиб борилган. Аммо оила аъзолари уларнинг қонуний талабларини бажаришдан мунтазам бош тортиб келган.
2019 йил 24 октябрдаги фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан А.Гаимов ва унинг оила аъзолари институтга тегишли уй-жой биносидан чиқарилиши тўғрисида ҳал қилув қарори чиққан.
Шундан сўнг жавобгар А.Гаимов оила аъзолари томонидан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига кассация тартибидаги шикоят аризаси киритган. 2020 йилнинг 24 май куни бўлиб ўтган суд қарорига кўра, ариза қаноатлантирилмаган ва иш яна Самарқанд ветеринария медицинаси институти фойдасига ҳал этилган.
Бу орада институт раҳбарияти томонидан оила аъзоларига вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилинган. Улар яшаётган жойда замонавий виварий қурилиши лозимлиги айтилган, қолаверса, мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан ҳам муҳлат берилиб, огоҳлантирилган.
МИБ Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари томонидан ижро ҳаракатларини амалга оширмоқчи бўлишганда, видеода тасвирланган ўша вазият келиб чиққан. “Тез ёрдам” мутахассислари ҳушини йўқотган аёлга тегишли тартибда ёрдам кўрсатган ва бемор касалхонага олиб кетилган.
Бу воқеадан сўнг ижро ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.
Ижтимоий тармоқларда кейинги пайтларда тарқатилаётган бу каби “снос” можаролари асл вазиятни яхши англамаётган жамоатчиликда давлат ва ҳукуматимизга нисбатан айрим норозиликларни келтириб чиқармоқда. Вазият чуқурроқ таҳлил қилинса, унинг сабаблари тезда ойдинлашади.
Асл ҳақиқат шундан иборатки, ушбу оила истиқомат қилаётган бино институт ҳудудида жойлашган бўлиб, институтга қарашлидир.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати.