Иштихондаги 15 йиллик ер можароси қачон барҳам топади?
Халқимизда “Ҳовли олма, қўшни ол”, “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, деган нақллар бор. Аҳил қўшничилик умрни узайтиради. Аммо акси бўлса, бундан ёмони йўқ. Айниқса, ер талашсанг.
Иштихон тумани Ўзбекистон маҳалласида яшовчи Муаззам Саидова кўп йиллардан бери шу муаммо гирдобида юрибди. Унга ечим излаб, бормаган жойи қолмади. Аммо натижа йўқ. Ниҳоят шу йилнинг 28 февралида давлат раҳбари ва вилоят ҳокимига мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Бир масалада 360 марта мурожаат
М.Саидова 2004 йилда туманнинг Бўронхўжа қишлоғидаги 470-контурдан 10 та ер участкаси бўйича ўтказилган кимошди савдосида қатнашиб, ғолиб бўлган ва бу ҳақда давлат ордерларини олган. Аммо дастлабки ажратилган йўл 12 метр кенгликда уларнинг томорқа майдонига кўчирилгач, аукционда берилган 6 сотихли ер участкалари камайиб кетган. Бундан ташқари, шу контурда жойлашган уларга тегишли ер майдони туман ҳокимлиги томонидан фуқароларга уй-жой қуриш учун бўлиб берилган. Бу масалада 15 йилдан буён қилинган 360 дан ортиқ мурожаатларнинг аксарияти юқори органлар томонидан келиб ўрганиш ўрнига айнан шикоят қилинган ташкилотларга юборилаверган, муаммо эса ечимсиз қолаверган.
Шикоят хатини ўрганиш учун 7 март куни вилоят телерадиокомпанияси ходимлари билан биргаликда Иштихон туманига йўл олдик. Кўрсатилган манзилга етиб борганимизда Муаззам Саидованинг соғлиғи ёмонлашгани боис тез тиббий ёрдам ходимлари муолажа ўтказаётган экан: М.Саидова инсультга чалиниб, 20 февралдан 4 мартгача касалхонада даволанган, кейинги муолажалар эса уй шароитида кўрсатилмоқда. Шу куни қон босимининг тушиб кетиши оқибатида шифокорлар чақирилган. М.Саидова касалхонада бўлганлиги боис унинг номидан қайниси Исомиддин Саидов мурожаат йўллаган.
- Туман ҳокимининг 2003 йил 27 мартдаги 253-Қ-сонли қарори билан Равот маҳалласи Бўронхўжа-1 қишлоғидаги 448-контурдан 12 та ва 470-контурдан 10 та 6 сотихли 22 та ер участкасини фуқароларга уй-жой қуриш учун кимошди савдоси орқали сотиш эълон қилинди, - дейди Исомиддин Саидов. - 2004 йил 20 январда ўтказилган савдоларда Сайфиддин Саидов, Моҳира Баҳодирова, Дилсора Бозорова, Гулруҳ Саидова ва мен 470-контурдаги 2, 4, 6, 8, 10-сонли ер майдонлари бўйича 92 минг сўмдан 105 минг сўмгача пул тўлаб, аукционда ғолиб бўлдик. Бизга туман ҳокимлиги томонидан давлат ордерлари берилди. Кимошди савдосида 448-контурдаги участкалар бўйича ғолиб бўлган фуқаролар белгиланган суммани тўлай олмади, шундай бўлса-да, ерни эгаллаб олди. Қўшимчасига биз ютиб олган ерларнинг ҳам катта қисмини ўзлаштиришди. Бунга барҳам берилишини сўраб судга мурожаат қилдик ва бизнинг фойдамизга қарор чиқарилди. Аммо 2010 йилга келибгина суд қарори қисман ижро этилиб, ерга ноқонуний уй қурганлар ўз ҳисобидан уйини бузиб, ер участкаларидан чиқарилди. Шундан сўнг улар кимошди савдосига қўйилган ер участкалари ёнида жойлашган, отам Тожи Саидовга тегишли қурилиши тугалланмаган бино атрофидаги ер майдонларини эгаллаб олиб, расмийлаштириб беришни талаб қилишди. Туман ҳокимлиги эса отамга қарашли бино атрофида жойлашган ерларни беш нафар фуқарога уй-жой қуриш учун бериб юборди.
Аниқланишича, И.Саидов айтган қурилиши тугалланмаган бино - “Ишонч” ҳиссадорлик жамиятига қарашли собиқ гилам цехини Т.Саидов 1997 йил 24 сентябрда кимошди савдоси орқали 113 минг сўмга сотиб олган. Унга кўчмас мулк биржаси вилоят филиали томонидан 73-сонли гувоҳнома берилган.
2000 йил 5 февралда Иштихон туман иншоотлар ва ер кадастри хизмати бўлимидан берилган 0008725-рақамли гувоҳномада Тожи Саидовга қарашли маъмурий бино 0,72 гектар эканлиги белгиланган. 2000 йил 19 майда эса Т.Саидов ўғли И.Саидовга ушбу бинони ҳадя қилади. Қурилиши тугалланмаган маъмурий бино ер участкалари кимошди савдосига қўйилган 470-контур билан туташиб кетган.
Уй-жойлар муаммосини ўрганиш учун маҳалла фаоллари, тумандаги масалага дахлдор ташкилот раҳбарлари ва шу ерда яшовчи аҳоли бир жойга жам бўлди.
- Биз яшаётган ер участкасига даъво қилиб И.Саидов судга мурожаат қилди, - дейди Муборак Худоёрова. – Тўрт йиллик судлашувлардан сўнг биз уй қурган ер участкаси Д.Бозоровага тегишли, деб топилгач, уйимизни бузиб, туман ҳокими Ш.Негматов ажратиб берган ер майдонида кичикрок уй қурдик. Бизга берилган ер участкаси учун ҳоким қарори бор, кадастр ҳужжатлари тайёрланган. Аммо И.Саидов аукционда ютиб олган ер участкаларини кимларгадир сотиб юбориб, бизнинг ерларимизга даъво қилиб, тинч яшашга имкон бермаяпти.
Маҳалла раиси низолашувчилар билан фақат суҳбатлашса басми?
Маҳалла раиси Бахтиёр Ботировга бу масалани маҳаллада баҳамжиҳат, ўзаро келишган ҳолда ҳал этиш ва қонуний чорани ҳокимликдан сўраш мумкин эди-ку, дея юзландик. У қўшниларни муросага келтириш учун бир неча марта суҳбатлашгани, аммо низони бартараф этишнинг имкони бўлмаганини билдирди. Маҳалла раисининг ваколати фақат суҳбат ўтказиш эмаску. Бўронхўжада 15 йилдан буён бу можаро давом этмоқда. Агар халқ сайлаган раис ўз ҳудудидаги аҳиллик учун ҳам бу муаммога жиддий ёндашганида, масала ечими юзасидан тегишли ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликка мурожаат этганида, қўшнилар муросага келган бўлармиди?
Янгисини қурмасдан эскисини бузманг
Келинг, энди муаммо билан яқинроқ танишайлик.
Туман ҳокимининг 2016 йил 21 майдаги қарори билан 470-контурдаги кимошди савдосида ғолиб бўлган фуқаролар учун ажратилган йўл 470 ва 469-контурлар ўртасига кўчирилган. Уйнинг бир томонидаги йўлни бошқа томонига ўтказиш билан ҳокимнинг 687-Қ-сонли қарори асосида ер участкалари ажратилган фуқароларнинг ҳам йўл масаласи ҳал этилган. Аммо харитада бинойидек жойлаштирилган уйларнинг амалда ҳар бир қаторида йўл мавжуд. Кимошди савдосида ғолиб бўлган И.Саидов эса 0,06 гектар бўлган ер участкалари белгиланган йўл кўчирилгани боис уч сотихгача камайиб кетганидан норози.
- Кимошди савдоси орқали олинган участкалар учун биринчи чизмада ўртадан йўл қўйилган эди, - дейди туман бош архитектори Илҳом Азимов. – Кейинчалик нариги томонда ҳам йўл борлиги учун кўпчиликнинг розилиги ва аҳолига қулайлиги ҳисобга олиниб, бошқа томонга кўчирилди. Бунда ҳеч кимнинг ерига зиён етказилмайди. Йўл учун қанча ер майдони олинган бўлса, эски йўлнинг ўрни улар тасарруфига ўтади ва ер майдонлари белгиланганидан кам бўлса, ажратилган йўл қисмидан қўшиб 6 сотих қилиб ўлчаб берилади.
Йўл маҳалла фуқаролар йиғинининг хати ва умумий йиғилиш баёнига кўра туман ҳокимининг қарорига асосан кўчирилган бўлса, ўша пайтнинг ўзида кимошди савдосида 0,06 гектардан ер участкаси ютиб олган фуқароларнинг камайиб қолган ер майдони эски йўл ҳисобидан ва янги кўчирилган йўлнинг ортиқча қисмидан тўғрилаб берилмайдими? Ёки бунга ҳам туман ҳокими қарор чиқариши шартми?
И.Саидов эски йўлни ўз тасарруфига ўтказишга қўшнилари қаршилик қилаётганини, ҳар ким кимошди савдосида ютиб олган ер участкасида яшаши кераклигини билдирмоқда.
Шу ўринда бир фактга эътибор қаратсак. И.Саидов бизга кимошди савдосига қўйилган ер участкаларининг жуфт рақамлардаги бешта майдонни ютиб олганлиги тўғрисидаги ордерни кўрсатди. Аммо қурилган уйларда бирорта ҳам ғолиб бўлган фуқаро яшамаяпти. Умуман, тоқ сонлардаги участкаларда яшаётганлар орасидан ер участкасини кимошди савдосида ютиб, ордер олганларни топиш мушкул кечди.
- Биз кимошди савдосига қўйилган ер учун пул тўладик, лекин қайси контурдаги ерлигини аниқ билмасдик, - дейди шу ерда 10 йилдан буён яшаётган Суяр Бобоназаров. – Аукционда қайси участкани ютганимизни ҳам билмагандик, кейинроқ ордер берилди.
Туман ҳокимининг 2008 йил 20 сентябрдаги 687-Қ-сонли қарорига асосан 0,72 гектар ернинг 50 сотихи ҳокимлик ҳисобига қайтариб олинган. Суд қарори билан ноқонуний эгалик қилаётган фуқаролар уй-жойларидан чиқарилгач, кимошди савдосида ер олган фуқароларнинг ер майдони низоли ҳолатга келиб қолганлиги ва низони ҳал этиш мақсадида туман ҳокимининг 2009 йил 24 мартдаги 601-Қ-сонли қарорига асосан кимошди савдосида ер олган Б.Абралов, О.Икромов, Ў.Тўйчиев, М.Суюнов ва З.Аброловга 0,06 гектардан ер майдони ажратилган.
Биринчидан, қарорда ҳокимлик ҳисобига қайтарилган айнан қайси контурдан ер участкаси ажратилиши кўрсатилмаган.
Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан ер участкалари фақат аукцион орқали сотилиши белгиланган.
Учинчидан, 0,72 гектар ер майдони қурилиши тугалланмаган бинони Тожи Саидов қонуний асосда сотиб олган бўлса ва бино унга тегишли эканлигини тасдиқловчи кадастр идорасининг гувоҳномаси бўлса, туман ҳокимлиги нимага асосан бинога қарашли ер майдонининг бир қисмини захирасига олди?
- Ҳақиқатан ҳам И.Саидовга қарашли бинонинг атрофида ер майдони бўлган, лекин ҳуқуқий томондан бу ер унга тегишли эмас, яъни туман ҳокимининг қарори бўлмаган, - дейди туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Ҳусниддин Остонов. – Шунинг учун бу ер майдони туман ҳокимлигининг захирадаги ери ҳисобланган ва низога барҳам бериш учун уйи бузилган оилалар шу ерга кўчирилган. Ҳозир ҳам маъмурий бинонинг атрофида 22 сотих ер қоляпти. Лекин ҳалиям бу ерга эгалик қилишга И.Саидовнинг ҳуқуқи йўқ. Чунки ерга бўлган ҳуқуқ туман ҳокими томонидан белгиланади. Кимошди савдоси, нотариал, ҳадя, олди-сотди шартномалар орқали фақат мулкка нисбатан битим тузилиб ҳуқуқ белгиланади, холос. Лекин И.Саидов ер ва мулкни ютиб олганидан сўнг туман ҳокимлигига бу ҳужжатларни тақдим этмаган ва ҳокимнинг қарорини чиқартирмаган. Т.Саидов ва унинг ўғли И.Саидов ўртасидаги ҳадя шартномасига кўра умумий майдони 315,7 квадрат метр, фойдаланиш майдони 263,7 квадрат метр бўлган бино ҳадя қилинган. Бу шартномада унинг атрофидаги ерга ҳуқуқ берилмаган.
Шахмат ўйинида рақибга кутилмаган комбинациялар қилинади ва унинг оддий пиёдасини олсангиз у сизнинг каттароқ донангизни олиш билан бирга бошқа жойингизни “қамал” қилади. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. И.Саидов аукцион орқали қонуний ютиб олган ер участкаларини суд орқали қайтариб олгач, туман ҳокимлиги уйсиз қолган фуқароларни И.Саидовга тегишли бўлган маъмурий бино атрофидаги майдонга жойлаштирган. Лекин бундай ҳолат учун қонунларда нима дейилган?
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 22-моддасида “Корхонага, бинога, иншоотга ёки бошқа кўчмас мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектлар билан биргаликда мазкур объектлар жойлашган ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади...
Корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мол-мулк жойлашган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши мулкдорларнинг ёки улар ваколат берган органлар ҳамда шахсларнинг тегишли шартномалари, қарорлари асосида туман, шаҳар ер-кадастр дафтарига ернинг янги эгаси ёки ердан янги фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотларни киритиш ва уларга ер участкасига доимий эгалик қилиш, ундан доимий фойдаланиш ёки ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳномани топшириш йўли билан расмийлаштирилади”, дейилган.
- Тўғри, шу моддага асосан ер бир шахсдан иккинчи шахсга ўтади, - дейди Ҳ.Остонов. - Фақат аввалги эгасига ҳуқуқ белгиланган бўлса, бино олди-сотди қилинганда бино билан биргаликда ер ҳам янги эгасига ўтади. Лекин бу ер аввалги эгасига ҳам ҳуқуқий асосда тегишли бўлмай, фақат бино тегишли бўлган. Бу ҳам бўлса, 2014 йилгача И.Саидов томонидан бинога бўлган ҳуқуқ рўйхатдан ўтказилмасдан келган, суд жараёнида камчилик аниқланиб, мутахассис томонидан тушунтириб берилгандан сўнг бинога бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказишга ариза берган. Аммо бино атрофидаги ер майдонига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ҳозиргача туман ҳокимига ариза билан мурожаат қилмаган.
Унда туман кадастр хизмати идораси томонидан Тожи Саидовга тегишли маъмурий бинонинг 0,72 гектар эканлигини тасдиқловчи 2000 йил 5 февралдаги ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нимага асосан берилган?
Кадастр хизмати ўз ҳужжатини тан олмайдими?
- Бу гувоҳномада олди-сотди шартномасига асосан, дейилган, шунинг учун туман кадастр идорасининг ўша пайтдаги мутахассислари хатоликка йўл қўйган, - дейди Ҳ.Остонов. – 0,72 гектар ерга биржанинг олди-сотди шартномаси асос қилиб гувоҳнома берилган, бу гувоҳнома суд томонидан инобатга олинмаган. Чунки шартномада ер участкаси киритилмаган ҳолда фақат бинога нисбатан тузилган битим тасдиқланган.
Агар майдоннинг ўртасида жойлашган маъмурий бино атрофидаги ер унга тегишли бўлмаса мулк эгаси ўз биносига қаердан киради? Бу савол ҳам жавобсиз қолди?
Яна бир ҳужжатга кўра, 2000 йилда туман ҳокимлиги ва Т.Саидов ўртасида бинодан фойдаланиш бўйича ижара шартномаси тузилган, лекин бирор жойда ошкор этилмаган бу ҳужжатда фойдаланувчиларнинг имзоси ҳам, хабари ҳам йўқ.
Хуллас, саволлар кўп, аниқ жавоб йўқ. Хўш, бу масаланинг ечими борми, қўшнилар низоси қачон якун топади?
Туман ҳокимлигига айтар сўзимиз
Аслида бу маҳаллий ҳокимлик ва тумандаги тегишли ташкилотлар томонидан ўзаро ҳал этиладиган масала. Лекин шикоят хатини ўрганишга борганимизда туман ҳокимлигидан бирор масъул келмади, ҳатто улар билан телефон орқали боғланишнинг имкони бўлмади.
Туман ҳокимлиги шу ҳудуднинг эгаси. Лекин фуқаролар туман ҳокимлиги, ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида йиллар давомида сарсон. Кўтарилаётган масаланинг ечими эса туман ҳокимлигига бориб тақалмоқда. Лекин ҳокимлик бу мавзуга беэътибор бўлмоқда. Агар фуқаро вақтида ариза бериш керак эканлигини билмаса ёки унутган бўлса, унга тумандаги тегишли ташкилотлар, ҳокимлик масъуллари бу ҳақда огоҳлантириши, тартиб қоидаларини эслатиши, шунда ҳам ариза берилмаса кейин ерни захирага олиши керакмасмиди?
Туман ҳокимлиги ва кадастр хизмати раҳбарига “Барака топкурлар, шу “савобли” тушунтиришни олдинроқ қилсангиз бўлмасмиди?” дегандан кўра, «Уни қачон амалга оширасиз?», деб савол бермоқчимиз.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
«Зарафшон»нинг махсус мухбири.