Кадастри йўқ хонадонлар муаммоси ҳал этилади(ми)?
Ёхуд миллионлаб одамларнинг оғирини енгил қилиши мумкин бўлган янги қонун лойиҳасида нималар акс этиши керак?
Яқинда Президент раҳбарлигидаги йиғилишда шу ҳақда гап борди. 2 миллион 600 мингта аҳоли хонадонининг кадастр ҳужжати йўқлиги ва кадастри бўлмагани учун ер солиғи 3 карра миқдорда ҳисобланаётгани айтиб ўтилди. Мутасаддиларга республиканинг барча ҳудудларида кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага киритиш вазифаси топширилди.
Фаолиятимизда яқин йилларда айнан шу масалада фуқаролардан қатор шикоятлар тушгани ва муаммо ўрганилгани учун янги қонуннинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Хўш, янги қонун нима учун керак? Бунга қандай эҳтиёж бор? Муаммо нимадан иборат эди? Аввало, кўплаб фуқароларни қийнаб келаётган муаммо ва унинг келиб чиқиши ҳақида тўхталсак.
Гап шундаки, ер-мулк билан боғлиқ ҳар қандай низо ва муаммоли ҳолатда биринчи навбатда эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилгани (давлат рўйхатидан ўтказилгани) сўралади. Бироқ истаган ҳудуддаги аҳолининг анчагина қисмида ўзи яшаётган уйда эгалик ҳуқуқи йўқ. Қатор ҳолатларда эса, оддий, қишлоқда яшовчи фуқаро учун уй-жойини давлат рўйхатидан ўтказиб, эгалик ҳуқуқи расмийлаштириш деярли имконсиз аҳволга келиб қолган эди. Қандай қилиб дейсизми?
Айтайлик, маълум фуқарога уй-жой учун 1995 йилда туман ҳокимининг қарори билан ер ажратилган. 10 йил ичида у уйини қуриб битказган ва яшаб келмоқда. Кўплаб хонадонлар каби унда ҳам эгалик ҳуқуқи йўқ. Энди эса эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлмаган фуқаролар амалдаги Солиқ кодексининг 437-моддасига кўра, уч баравар кўп миқдорда ер солиғи тўлашларига тўғри келади. Уч баравар солиқни тўлашнинг ўзи бўлмайди. Табиийки, кўплаб фуқаролар ўз уйига эгалик ҳуқуқи ва кадастр расмийлаштиришга ҳаракат қилиб кўришди. Аммо асосий муаммолар ана шундан кейин бошланди.
Фуқаро ўзи яшаб келган уй-жойга эгалик ҳуқуқини олишида мантиққа зид бўлган бир қатор тўсиқларга дуч келаётганди. Биринчи тўсиқ шуки, фуқаро яшаётган уйига эгалик ҳуқуқини олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қиларкан, ундан уй-жой лойиҳа ҳужжатлари талаб қилинади.
Тасаввур қиляпсизми? Қуриб бўлинган уй-жой учун!
Яна бир аниқлаб оламиз: Лойиҳа бу — бино қурилишидан олдин қилинадиган энг дастлабки ҳужжатлардан бири. ДХМ қандай қилиб 30 йил олдин қурилган, шунча йилдан бери фуқаро яшаб келаётган уйнинг лойиҳасини сўраяпти? Чунки қоида шунақа.
Эгалик ҳуқуқини тиклаш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарори асосида амалга оширилади. Қарорда эса эгалик ҳуқуқини тиклаш учун лойиҳа ҳам тақдим этилиши белгилаб қўйилган. Аллақачон қуриб битказилган уйни рўйхатга олишга қурилиш лойиҳасининг талаб этилиши мантиққа зид бўлиб келмоқда.
Ана шу тарзда фуқаро ўз уйини ҳужжатлаштиришда дастлабки қадамни ҳам қўя олмайди. Қоидаларки шундай бўлгач, фуқаро қандай тутиши керак? Дарвоқе, фуқаронинг муаммосини ҳис қилиб, унга ёрдам бермоқчи бўлган соҳа вакили эса бу ҳолатда ўз-ўзидан қоидабузарга айланиб қолади. Ким айбдор? Фуқаро ҳам, кадастр идораси ҳам! (Ўзи истамаган ҳолда).
Қонун-қоидалар мана шу алфозда бўлгани ҳолда эгалик ҳуқуқи бўлмаган уйлар учун уч баравар миқдорда солиқ солиниши бирин-кетин одамларнинг норозилигига сабаб бўлиши ва бу охир-оқибат Президент даражасига чиқиши ҳам тайин эди.
Шу вақтгача мутасаддилар мазкур ҳолатга тушиб қолган фуқароларга масалага ечим топиш учун судга мурожаат қилишни маслаҳат берарди. Аммо аҳолининг 40 фоизи бу муаммога дуч келиб турганда, суд ечим эмас. Умуман, низоли ҳолатларда судга мурожаат этишни тушуниш мумкин. Аммо бу ерда гап қоидалар ва тизимнинг ислоҳотга муҳтожлиги ҳақида бормоқда.
Ана шу нуқтаи назардан юқоридаги, Президент айтган янги қонун лойиҳаси айни вақтда энг долзарб ҳужжатлардан бири. Эндиги масала давлат раҳбаридан топшириқни олган вазирлик, қўмита ва агентликларнинг (янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага қўйиш топшириғи Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлигига берилди) топшириқни қачон ва қай даражада бажаришларида!
Чунки айни шу масаланинг дастлабки ечими бўйича топшириқлар 2020 йил 15 октябрда давлат раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда алоҳида тилга олинганди. Мазкур йиғилишда давлат раҳбари мутасаддиларга “2021 йилнинг 1 мартига қадар эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган кўчмас мулк объектлари муаммоларини ҳал этиш чораларини кўрсин”, деб аниқ вазифа қўйганди. Афсуски, бу муддатда муаммо ҳал бўлмади.
Иккинчи томондан, мазкур йиғилиш баёнида айтилган муаммони бартараф этиш учун тегишли қонунчиликка ҳам ўзгартиришлар киритиш керак эди. Янги қонуннинг нечоғлик муҳимлиги борасидаги иккинчи жиҳат мана шунда. Чунки эгалик ҳуқуқи бериш тартибини маҳаллий ҳокимликлар ёки тегишли идоралар мустақил эмас, айнан ҳукумат даражасида, аниқ тизим асосида амалга ошириши талаб этиларди.
Содда қилиб айтганда, эгалик ҳуқуқини тиклаш учун уй эгасидан биргина лойиҳа сўралиши шунча муаммони келтириб чиқармоқда. Холбуки, лойиҳа энди қуриладиган уйлар учун керак.
Вазирлар Маҳкамасининг биз назарда тутган 370-сонли қарори 2018 йилда қабул қилинган ва эгалик ҳуқуқи олиш учун лойиҳа сўраш амалиёти ўтган йилдан бошланди. Энди ана шу қарор асосида ундан олдин қурилган уйларга ҳам лойиҳа сўралмоқда ва фуқаролар имконсиз ҳужжат учун 3 баравар солиққа тортилмоқда.
Ечим эса аслида анча оддий — уй-жойга эгалик ҳуқуқини тиклашда бу амалиёт ислоҳ қилиниши керак. Умид қиламизки, юқоридаги санаб ўтилган ташкилотлардан иборат ишчи гуруҳ Президент назарда тутган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда муаммонинг ана шу жиҳатига албатта, эътибор қаратишади.
Модомики, соҳадаги бу муаммо энди ислоҳ қилинар экан, таклифлар тайёрланар экан, яна бир масалага эътибор қаратилишини истардик. Уй-жойларга эгалик ҳуқуқини олишдаги муаммо фақатгина юқоридаги жиҳат билан тугамайди. Аксарият одамлар ота-бобосидан қолган каттароқ ҳажмдаги, дейлик, 20 сотих майдондаги уй-жойда яшаб келади. Уларнинг ҳам аксариятида эгалик ҳуқуқи йўқ. Ана энди, эгалик ҳуқуқи бўлмаган ерлар учун солиқ ставкаси уч баравар бўлгач, улар ҳам бу ҳужжатни расмийлаштиришлари керак.
Бундай вазиятда, қоидага кўра, ер ажратиш қарорини топиб келиш керак. Тўғри, собиқ СССР давридаги колхоз қарорлари ҳам давлат рўйхатидан ўтказишга асос ҳисобланади. Муаммо ва фуқаролар учун мушкуллик шундаки, ўтган асрнинг иккинчи ярмига оид бу каби ҳужжатларни топиш деярли имконсиз иш.
Бу тоифадаги фуқаролар ҳам ўз уй-жойларини давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликка дуч келмоқда. Демак, бу бўйича ҳам янги қонунда бандлар бўлиши керак.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.