Кенгаш қарорлари бажарилиши қатъий назорат қилинади

28 май куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз иккинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Депутатлар сессия кун ва иш тартибини, котибни тасдиқладилар.

Дастлаб, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Я.Мирзараҳимовнинг вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, товарлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортни оптималлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, вилоят божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг тўрт ойида 554,9 миллиард сўм божхона тўловлари (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 260,6 миллиард сўмга кўп) ундирилган. Вилоятда фаолият юритаётган 483 та ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига четдан олиб келинадиган товарларига қонунчилик талаблари асосида 325,6 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.

Божхона органларида жорий этилган “Хавфни бошқариш автоматлаштирилган” тизими томонидан “яшил” йўлакка 5364 та, “сариқ” йўлакка 7430 та, “қизил” йўлакка 3332 та божхона юк декларациялари тақсимланиб, тадбиркорлик субъектлари қарийб 80 фоиз ҳолатда ўзига тегишли бўлган товарларнинг соддалашитирилган тартибда божхона расмийлаштирувини амалга оширган.

2021 йил 4 ойида “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш йўналишида 231 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 9 миллиард 327 миллион сўмлик товарлар ушлаб қолинган. Шунингдек, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 21,5 миллиард сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланган.

  Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида 11 ҳолатда 14 килограмм 458 грамм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланувига чек қўйилди.

Шунингдек, 14 ҳолатда 288,1 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган, контрафакт дори воситалари ва буюмлари, биологик фаол қўшимчаларнинг ички бозорга истеъмолга киритилиши олди олинди.

  Товарлар ташқи савдоси 520,2 миллион (ўтган йил 414,7 миллион) АҚШ долларини, жумладан, экспорт 133,8 миллион, импорт эса 386,4 миллион долларни ташкил этди.

Депутатлар тадбиркорлик субъектларига енгиллик ва имкониятлар яратиш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга божхона бошқармаси бошлиғидан жавоб олиб, тегишли таклифларини билдирди.

Шундан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи А.Ҳалимов йилнинг биринчи чораги мобайнида вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш юзасидан ҳисобот берди.

Таъкидланишича, ҳисобот даврида вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бир қатор профилактик тадбирлар олиб борилган. Бунинг натижасида 1105 маҳалланинг 828 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, 26 тасида жиноятлар сони камайди, 61 тасида эса жиноятлар сони барқарор ҳолатда сақланди. 185 маҳаллада жиноятлар ошиши кузатилди.

– Ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда қотиллик жинояти 3 тага, оғир тан жароҳати етказиш 4 тага, номусга тегиш 1 тага, талончилик 3 тага, босқинчилик 8 тага, безорилик 14 тага, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 5 тага камайган бўлса-да, умумий жиноятчилик 193 тага ошди, – деди А.Ҳалимов. – Ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 24 тага камайди, аммо вояга етмаганлар жинояти 5 тага, муқаддам судланганларнинг яна жиноят йўлига кириб қолиши 61 тага кўпайди.

Депутатлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, бу борадаги профилактика ишларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Жойлардаги вазиятни таҳлил қилиш, нотинч оилалар, жиноятчиликка мойил шахсларни аниқлаш ва улар билан ишлашда маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари масъулиятини ошириш лозимлиги қайд этилди. Айниқса, криминоген вазият оғир ҳудудларда профилактика инспекторлари ишини кучайтириш, бу борада жамоатчилик билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қарор қилинди.

Сессияда ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Х.Тўхтаевнинг ёшлар фаолияти билан боғлиқ соҳаларда учраётган долзарб муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечими юзасидан, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий комиссияси раиси С.Рафиқовнинг вилоятда “Аёллар дафтари” бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборотлари ҳам эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Депутатлар давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари асосида вилоятимиз туман ва шаҳарларида 88  та янги кичик саноат зоналари ташкил этиш ва ер майдонларини белгилаш юзасидан қарор қабул қилдилар.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги айрим қарорларини бекор қилиш, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги балансидаги қозонхоналарни вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси балансига ўтказиш тўғрисида ва бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Сессия якунида депутатлар Кенгаш қарорлари ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш, бу борада ижро ҳокимияти органлари масъулиятини ошириш зарурлигини таъкидладилар.