Мактаб туғилган кун ўтказадиган маскан эмас. Уни қачон чинакам таълим муассасасига айлантирамиз?

Ота ҳовлимизга келсам, укамнинг 2-синфда, тушдан кейин ўқийдиган қизчаси одатдагидан 2 соат олдин мактабга кетяпти.

- Тинчликми?

- Тинчлик, бугун бир синфдошининг туғилган куни экан. Синфдошининг онаси торт ва салқин ичимликлар олиб келармиш. Булар синфида ўтириб, дарс вақти бошлангунча туғилган кун нишонлашармиш, - деди укамнинг хотини.

Бу гапни эшитиб, тепа сочим тикка бўлди. Қачон мактаб чинакам таълим муассасасига айланади?

Шу пайтгача ўқитувчига металлом, макалатура йиғдиришди, уларни намунали уй-жой қурилишига ҳашарга олиб боришди, пахта йиғим-теримига жалб қилишди – хуллас тинчлик беришмади. Кейинги икки-уч йилда барчаси ўрнига тушди, ўқитувчилар ҳаммасидан қутулди. Бугун улардан талаб қилинадигани фақат сифатли дарс бериш. Энди ота-оналарнинг турли қилиқлари бошланяпти.

Укамнинг хотинидан эшитишимча, бир ҳафта олдин ҳам шу қизчаси ўқийдиган синфда қайсидир ўқувчининг туғилган куни бўлган, унинг ҳам онаси торт ва муздай салқин ичимликлар олиб келган. Муздай салқин ичимликни ичиб, қизчасининг 2-3 кун томоғи шишиб, оғриб юрган.

Айрим ота-оналарга тушунмайман, сал бўш кетилса, янгича урфларни ўйлаб чиқаришади. Туғилган кун ўтказишига қарши эмасмиз. Ахир мактаб мактаблигини қилиши керак. Унинг таълим муассасаси деган номи бор.

Ажабланганим, нега ўқувчиларнинг синф раҳбари, мактаб маъмурияти бу ишга йўл қўйиб беряпти? Нега фарзандининг туғилган кунини мактабда, синфда ўтказиш учун торт ва салқин ичимлик кўтариб келаётган ота-оналарни қайтаришмайди?

"Ўқувчилар туғилган кунини синфида, синфдошлари даврасида ўтказса, нима бўпти?", дейишингиз мумкин. Аммо ўйлаб кўринг, бугун ҳар бир синфда 35-40 нафардан ўқувчи бор. Дейлик, ўртача мактабларда 800-1000 нафар ўқувчи ўқийди. Уларнинг ҳар бири туғилган кунини мактабда нишонлайверса, мактабнинг мактаблиги қоладими?

Bugunnung gapi Uz.