Ноқонуний қарорга қўл қўйган ҳам, ҳужжатларни тайёрлаган ҳам бирдек жавоб беради
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг эллик тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Уни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошқарди.
Сессия ишида иштирок этган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги қарори асосида Омбудсман фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритди.
Диёр Ҳусанов Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили этиб тайинлангани маълум қилинди.
Шундан сўнг депутатлар вилоят ҳокимининг жорий йил 9 мартдаги “Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошқарув аппарати ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги ҳамда Зебинисо Раҳмоновани вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига тасдиқлаш тўғрисидаги қарорларни тасдиқладилар.
Шунингдек, бир қатор ташкилий масалалар кўрилди.
Вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш бўйича тақдимотини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокамалар ўтказишга рухсат бериш, умумий майдонининг 60 фоизида кўкаламзорлаштириш объектлари мавжуд бўлган истироҳат боғлари, парклар ва тематик хиёбонларга ҳамда уларни ишончли бошқарув ва ижарага олган тадбиркорларга нисбатан ушбу фаолият тури бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкаларига камайтирувчи коэффициентларни қўллаш ҳақидаги масалалар юзасидан ҳам тегишли қарорлар қабул қилинди. Жорий йилда вилоятдаги қишлоқ аҳоли пунктларида минтақавий йўллар (ички кўчалар)ни таъмирлашнинг манзилли рўйхатлари тасдиқланди.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимизда “Обод қишлоқ” ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида жорий йилда қишлоқ аҳоли пунктларида минтақавий йўллар (ички кўчалар)ни таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар учун республика бюджетидан 186 миллиард 900 миллион сўм маблағ ажратилган, – деди Э.Турдимов. – Шаҳар ва туманлар ҳокимларининг, депутатларнинг таклифларига асосан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ва туман сессияларида кўриб чиқилган.
Сессияда вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев вилоят маъмурий судларининг 2021 йил давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиши тўғрисидаги ҳолатлар ҳақида ахборот берди.
Таъкидланишича, вилоят маъмурий судлари томонидан ўтган йили кўриб чиқилган 1148 та маъмурий ишларнинг 419 тасини ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ тоифадаги ишлар ташкил қилган. Шундан 114 та иш бўйича ҳокимларнинг қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган.
- Ўтган куни Самарқанд туманидаги Қорасув массивида бўлганимда шунга гувоҳ бўлдим, - деди ҳоким. – Эни 36 метрлик йўл ёқасида бир фуқаро дўкон қурса-да, ҳеч ким индамаган. Кейин иккинчиси, учинчиси қурган ва йўл торайиб кетган. Дўкон ёки бошқа қурилишлар ҳисобига 52 нафар шахс йўл четини ноқонуний тарзда эгаллаб олган. Нега бундай қилдинг, десангиз, “қўшним қурувди, мен ҳам қурдим”, дейди. Ачинарлиси, уларга ҳокимият қарор чиқариб берган. Бу қайси контур эканлигини ҳоким билмаслиги мумкин, аммо кадастр, архитектор қаерга қараган? Бундай ҳолатларга йўл қўйган одам ҳам, ҳужжатларни тайёрлаган шахс ҳам бирдек жавобгар бўлиши керак.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи И.Исмоилов вилоят аҳолиси ва ҳудудларни сел, тошқин ва кўчки ҳодисалари хавфи билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар бўйича ҳисобот берди. Вилоятдаги дарё, канал ва сойларнинг муҳофаза зоналарига ноқонуний қурилмалар қурилишининг олдини олиш, сел сувларини ўтказувчи канал, сой ва ариқлар, коллекторларни ўз вақтида тозалаш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга кўчириш, тоғ ва тоғолди ҳудудлардаги хавфли участкаларнинг фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ўзлаштирилишига йўл қўймаслик масалалари белгилаб олинди.
Шунингдек, сессияда вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Н.Сулаймоновнинг 2022 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Самарқанд шаҳридаги “Геофизика” оқова сувларни тозалаш иншоотида қўшимча суткасига 3 минг/метр куб оқова сувларни тозалашга мўлжалланган замонавий иншоот қуриш объектининг манзилли рўйхатини тасдиқлаш, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йил 25 декабрдаги “Самарқанд вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун шаҳар ва туманлар кесимида иқтисодий-ижтимоий ривожланишига қараб ер солиғи ставкаларини белгилаш тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масалалар ҳам депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Сессия кун тартибидаги масалалар бўйича Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.