Олий таълимда коррупцияни қандай тўхтатиш мумкин?

25 йил давомида таълимга етарлича эътибор берилмагани учун энг етакчи соҳа бўлиши лозим бўлган олий таълим тизими анча орқада қолиб кетди. Йиллар давомида олий таълим муассасалари битирувчиларининг аксарияти ўз иш ўрнига эга бўлолмади. Бир эслаб кўрайлик, 20 йил олдин туризм тушунчасининг қамрови бу қадар аҳамиятли эмасди.  Ҳозир эса талаб бутунлай бошқача, лекин бизда ҳали ҳам таълим эски технология бўйича ўқитилмоқда, яъни ўқитувчи ва ўқувчининг асосий ўқув қуроли дафтар ва ручка. Чунки ҳали ҳам олий таълимда замонавий жиҳозлар, лабораториялар, компьютер ва бошқа жиҳозлар етарли эмас ва уни ўргатадиган малакали кадрлар етишмайди.

Бу фикрлар бугун Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов билан вилоятимиздаги олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари, ўқитувчи ва профессорлари иштирокида олий таълим сифатини кўтариш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббус ва 24-28 май кунлари ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросига бағишланган тадбирда билдирилди.

Тадбирда олий таълимда шаффофликка эришиш, интернет ва ўқув лабораторияларидан фойдаланиш, имтиҳонлар жараёнида инсон омилини камайтириш, таълимда коррупцияга чек қўйиш, китоблар ва ўқув адабиётлари фондини мустаҳкамлаш бўйича фикрлар билдирилди.

- Олий таълим муассасаларининг ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиши соҳада коррупцияни камайтириш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади, - дейди А.Абдувоҳидов. – Тузилаётган рейтингларда олий таълим муассасасининг нуфузи унда қанча талаба ўқишига қараб эмас, балки битирувчилари қанчаси қаерда ишлаётганига қараб белгиланиши керак. Машҳур таълим даргоҳларини дунёга танитган жиҳат мана шу. Бизда эса аввал ректорлар яна квота қўшиб беришни сўрашарди, бу коррупцияга йўл очади. Жорий йилдан ректорлар қабулга аралашмайдиган бўлди. Қолаверса, олий таълимда сифатли кадрлар тайёрлаш ва рақобатни шакллантириш учун Германия давлати билан ҳамкорликда 2020 йилдан бошлаб бизда ўқитилмайдиган медицина инженерия, био инженерия каби 20 тадан  ортиқ йўналишда кадрлар тайёрлашни бошлаяпмиз.

Тадбирда Самарқанд давлат тиббиёт институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Самарқанд давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида талабалар ётоқхонаси етишмаслиги, лаборатория жиҳозларининг қаровсизлиги, ўқув биноларининг харобалиги каби ҳолатлар акс этган лавҳа намойиш этилди. Мутасаддиларга бу муаммоларни бартараф этиш, таълимда сифатга эришиш бўйича аниқ вазифалар топширилди.  

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.