Осмондан кўринадиган улкан табассум: Америкалик ўрмончиларнинг ижод маҳсули
АҚШнинг Орегон штатида одамлар кайфиятини кўтарадиган ўрмон бор. Ҳар кузда дарахтлар билан қопланган тоғ ёнбағрида улкан сариқ табассум пайдо бўлади.
Диаметри тахминан 100 метрни ташкил қиладиган табассум икки хил турдаги – бири кузда рангини ўзгартирадиган, иккинчиси эса доим яшил игнабаргли дарахтлардан тайёрланган.
Гигант “смайл” қаердан пайдо бўлди?
Орегон смайликининг тарихи 2011 йилга бориб тақалади. Ҳудудга эгалик қилувчи “Hampton Lumber” компанияси ўрмонларни тиклаш жараёнида бироз “ҳазиллашиш”га қарор қилди. Режалаштирилган ишлар тугагач, ўрмончилар соғлом дарахтлар ўстиришини таъминлаш мақсадида чоралар кўра бошлашди. Одатда турли хил дарахт турлари ва кўчатлар жойлашуви атроф-муҳитга қараб экилади.
- Табассум ўрнатиш ғояси компания раҳбари Девид Хемптон ва ўрмон хўжалиги ходими Деннис Крилдан чиққан. Иш жараёнида биз бу ҳудуд катта йўлда кетаётган одамларга яхши кўриниб туришини билардик. Шундай қилиб, Девид ва Денис яхши кайфият яратиш имкониятидан фойдаланишга қарор қилди, – дейди “Hampton Lumber” вакили.
Табассум қандай “ўтқазиб қўйилди”?
Дастлаб арқон ёрдамида айлана чегаралари белгилаб олинди, сўнг кўз ва оғиз ўрнига доим яшил Дуглас оқ қарағайи экилиб, қолган қисми игнабаргли дарахтлардан фарқли ўлароқ, кузда игналарини йўқотиб, сарғайиб қоладиган тилоғоч (игнабарглиларга мансуб дарахт) билан тўлдириб чиқилди.
Кайфиятни кўтаради
Бугунги кунда баҳайбат “смайл” маҳаллий аҳоли кайфиятини кўтаришга ёрдам беради.
- Аслида бу жуда депрессив ҳудуд. Аммо машина ҳайдаб кетаётганингизда албатта у (табассум) кўзга ташланади, бу албатта кайфиятингизни оширади. Бехосдан иқрор бўласиз: “бугун куним яхши ўтади, чунки ўрмон менга улкан табассумини ҳадя қилди”, - дейди маҳаллий аёл.
Табассумли юз вақт ўтиши билан ўз қиёфасини ўзгартириши мумкин, аммо “Hampton Lumber” мутахассисларининг таъкидлашича, у камида яна 10 йил давомида аниқ тасвирини йўқотмайди. Тахминан 30-50 йилдан кейин эса дарахтлар кесилиб, ўрнига янгилари ўтқазилади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.