Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарор ривожлантиришга немис олимлари бефарқ эмас

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида “Аграр тармоқда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция иш бошлади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали, Германиянинг Вайенштефан – Триездорф амалий билимлар университети ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуманда қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарор ривожлантириш бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий самараси, қўлга киритилаётган ютуқлар ва ечимини кутаётган муаммолар, шунингдек соҳа учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Халқаро илмий-амалий конференция Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган “Эрасмус +” дастури доирасидаги “TOPAS” лойиҳаси асосида ташкиллаштирилди. Ушбу лойиҳа республикамизда 2017 йилда бошланган ва айни кунда якунига етиб бормоқда.

- Лойиҳанинг асосий мақсади қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ОТМлар ўқув дастурларини ишлаб чиқаришга, амалиётга яқинлаштириш ва аграр соҳа учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашдан иборатдир, - деди лойиҳа координаторларидан бири Фарҳод Аҳроров. - Лойиҳа 5 йилга мўлжалланган бўлиб, ўтган давр мобайнида Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг 9 нафар профессор-ўқитувчи ва 6 нафар талаба-ёшлари Европанинг ривожланган малакатларида малака ва амалиёт ўтади. Хорижлик профессор-ўқитувчилар томонидан ўқитувчилар учун семинарлар ташкил қилинди. Институтга 24 минг евро қийматидаги компьютер жиҳозлари, серверлар келтирилди. 300 (+150) нусхада ўзбек ва инглиз тилларида ўқув-услубий қўлланмалар чоп этилди.  

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларини жадал ривожлантириш, аграр соҳада рақамли технологияларни қўллаш кўламини кенгайтириш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаш ва жаҳон стандартлари бўйича қадоқлашга замонавий технологиялар кенг жорий этилмоқда. Ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти ва халқаро экспертлар томонидан эътироф этилаётгани эса, қувончли ҳолдир.

Конференцияга 200 тадан зиёд илмий мақолалар юборилган ва улар алоҳида қўлланма тарзида чоп этилади.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати.