Пайариқми, Пойариқ?!
Мени кўп йиллардан буён айрим масалалар қийнаб келади. Масалан, жой номларининг тўғри айтилиши ва ёзилиши.
1990 йилда Пойариқ тумани сув хўжалиги бошқармасига янги муҳр олиш учун эскиз тайёрлаган пайтимизда эскизни туман ҳокимиятидан тасдиқлатиб олиш шарт экан. Эскизни тасдиқлатиш учун туман ҳокимининг ўша пайтдаги ўринбосарига олиб кирдим. У киши мен тайёрлаган эскиздаги Пойариқ сўзини Пайариқ деб тузатди. Иккаламиз анча тортишдик. Туман ўтган асрнинг 70-йилларидан буён Пайариқ деб ҳужжатлаштирилган деб туриб олди. Мен ҳамма ҳужжатлар рус тилида юритилгани учун «Пайарик» бўлиб кетган, деб тортишдим. «Ёшлигимиздан қулоқларимиз радиодан Пойариқ сўзига ўрганиб қолган» дедим. Лекин Пайариқ деб муҳр олдик.
Газетамизда ҳам деярли ҳар сонида Пайариқ тумани ҳақида мақола чиқади. «Яна Пайариқми?» дейман. Пой билан пайнинг фарқига борадиган пайт келмадимикан? Болаликдан эшитиб келганим - Яканшиқ қишлоғидан сал нарида Мирзаариқ билан Булунғур ариқлари кесишар экан. Ўша жойдан Мирзаариқдан ўтган сув Пой канали деб аталади ва 27,4 километрга оқади. У канални бир бой кампир туя етаклаб бориб (туялар сув юрадиган йўлларни тезроқ кўрсатиб беришар экан деган фикр бор) ўша ердан унинг изидан қадамлаб, яъни пойма-пой юриб, каналнинг режасини тузиб, ариқ қаздириб қишлоғига сув олиб борган экан. Шундан Пой ариқ сўзи пайдо бўлган. 1960 йилларда қишлоқ марказидаги симёғочда 1 дона радиокарнай бақириб турар эди. Ўша пайтлар пахта мавсумида қишлоқ хўжалик ходимлари учун эшиттириш чоғида Пойариқ, Норпой туманларининг пахта тайёрлаш режасини бажарганликлари тўғрисида эшитганмиз. Норпой сўзининг ўзи ҳам туя қадамига тўғри келмайдими? Уни ҳам русчалаб Нарпайга айлантирдик. Ҳатто айрим донолар уни Наҳрпайга ҳам айлантиришди. Шу аснода Тайлоқ ҳам Тойлоқ сўзидан келиб чиқмадими?!
Вилоятимизда қанча тилшунос олимлар, мутахассислар бор. Шу масалада улар нима дейишар экан?
Раҳматулла Қоржовов,
Пойариқ тумани, Хоса қишлоғи.