Қотил ҳайкал

Бу дунёда қанақа ҳодисалар бўлмайди, дейсиз. Бир вақтлар Грециянинг Тасос оролида муштлашиш жангида донг таратган Теаген исмли жангчининг бронза ҳайкали қад ростлаб турарди.

У қадимги Грецияда кенг тарқалган спорт мусобақасининг кўп марта чемпиони эди. Шаҳар марказида ўрнатилган унинг ушбу ҳайкали билан фуқаролар фахрланишарди. Аммо Тасоснинг ҳамма аҳолиси ҳам ўз юртдошлари билан ғурурланишмасди. Улар орасида қандайдир сабабга кўра машҳур ватандошининг ҳайкалини кўргани кўзи йўқ кимса топилиб қолди.

Тўғри, унинг нафрати ҳар куни келиб ҳайкални тепкилаб кетиш билан чекланди. Охир-оқибат бу одат тунги безори учун аянчли якун топди. Бир куни тепкига дош беролмаган “бронза жангчи” - ҳайкал қулаб, безорини босиб қолди...

Қонун, қонун-да, ҳайкал қотилликда айбланиб, суд курсисига ўтқазилди. Қурбоннинг қариндошлари қотил ҳайкалнинг айбини исботлаб беришди. Бронза ҳайкал «ўлимга» маҳкум этилиб, денгизга улоқтирилди.

***

Биринчи музлатилган одам

1963 йилда дунёда биринчи марта ракдан вафот этган руҳшунос профессор Жеймс Берфорд жасади музлатилди. У келгусида тиббиёт ўликларни тирилтира олиш даражасига етгунча мурдасини сақлашни васият қилганди.


Мижоз сунъий нафас олиш аппаратига уланди, унинг қони махсус суюқлик билан алмаштирилди. Сўнгра тана совутилиб, суюқ азот билан тўлдирилган криоген камерага жойлаштирилди. Ўшандан буён музлатилган пионер «Америка крион жамияти» лабораториясида «уйқуда» ётибди. Бундай охиратга маҳкум бўлишни истовчилар кўп экан. Шу боис ана шундай хизмат курсатувчи биринчи фирма пайдо бўлди.

Миш-мишларга қараганда, Салвадор Дали, Уолт Дисней ва ХХ асрнинг бошқа таниқли кишилари билан ҳам шундай операция ўтказилган. Вақти келиб тиббиёт музлатилган мурдаларни тирилтиришга ишонувчилар кўп.

Т.Шомуродов тайёрлади.