Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд саноати салоҳияти бугунги кун талабларига мосми?

Қайси давлатда бўлмасин саноат соҳаси ҳақида гап кетганда иқтисодиётнинг муҳим соҳаларидан бири сифатида қаралади. Негаки, саноат ривожланиши пировардида кўплаб янги иш ўринлари яратилиши, четдан валюта кириб келиши ва бошқа йўналишлар равнақига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис, юртимизда ҳам соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хўш, шундай бир шароитда Самарқандда саноат салоҳияти қай ҳолатда? Шу ва бошқа саволлар билан вилоят иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилшод Шакарбоевга мурожаат қилдик.

- Айни пайтда вилоятимизда 7753 та саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда, - дейди Д.Шакарбоев. – Мазкур корхоналар томонидан жорий йилнинг январь-июнь ойларида 9 триллион 492,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари 3319,4 миллиард сўмни, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари 2388,1 миллиард сўмни, металлургия маҳсулотлари 641,3 миллиард сўмни, электротехника ускуналари 151,9 миллиард сўмни, чарм-пойабзал маҳсулотлари 114,9 миллиард сўмни ва бошқа саноат маҳсулотлари 2877,3 миллиард сўмни ташкил этади. 

- Шу ўринда соҳанинг вилоят иқтисоётидаги ўрни ва пандемиядан олдинги давр билан солиштирганда қандай ҳолатда эканлигини ҳам айтиб ўтсангиз.

- Ярим йиллик якунларига кўра, вилоят иқтисодиётида саноатнинг улуши 14,7 фоизни, ишлаб чиқариш индекси эса 108,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Келинг, содда ва тушунарли бўлиши учун пандемиядан олдинги давр ва ўтган олти ойдаги ишлаб чиқаришни киши бошига қанчадан тўғри келгани билан солиштирайлик. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврида 1 миллион 927 минг сўмни ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 миллион 394 минг сўм бўлди. Яъни, пандемиядан олдинги даврдаги кўрсаткич қайта “забт” этилиб, саноат ишлаб чиқаришида ўсиш кузатилмоқда.

Чарм саноатимиз яхши эмас

- Вилоятимизда саноатнинг қайси йўналиши яхши ривожланган? Қайсики, муайян йўналишда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозорни тўйинтириш билан бирга хорижда ўз харидорларини топиб улгурган.

- Албатта, саволга жавоб беришдан олдин саноатнинг барча тармоқларини ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар яратилганини алоҳида қайд этиш лозим. Негаки, турли бюрократик тўсиқларнинг қисқартирилиши, ер ажратиш, экспортга чиқариш ва бошқа йўналишларда берилган имтиёз ва преференциялар соҳа равнақида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бунинг натижасида йилдан-йилга вилоятимизда саноатнинг барча йўналишлари ривожланиб бормоқда. Хусусан, гилам ва гилам маҳсулотлари, тайёр тикув-трикотаж ишлаб чиқариш ва мева-сабзавотни қайта ишлашни алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин.    

Рақамларга келадиган бўлсак, фақатгина 2020 йилда қиймати 917 миллиард сўмлик 31,8 миллион квадрат метр гилам ва гилам маҳсулотлари, 358,9 миллиард сўмлик 43,7 миллион дона тайёр тикув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Шунингдек, 962 миллиард сўмлик 107 минг тонна мева-сабзавот қайта ишланган. Асосийси, 22,5 миллион долларлик гилам ва гилам маҳсулотлари, 15,7 миллион долларлик тайёр тикув-трикотаж ва 31,8 миллион долларлик қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларига экспорт қилинган.

- Барибир саноатнинг барча йўналишлари бирдек мавжуд салоҳият ва имконият даражасида ривожланяпти, деб бўлмайдику...

- Тўғри айтдингиз. Бу биринчидан мантиқан ҳам тўғри бўлмайди. Қолаверса, муайян соҳада объектив ва субъектив сабаблар билан ўсиш, ривожланиш кузатилмайди.

Шу маънода бугун терини қайта ишлаш саноатида ҳал этилиши керак бўлган масалалар бир талай эканлигини қайд этиш мумкин. Негаки, вилоятда йилига ўртача 1,5 миллион дона тери хом ашёси етиштирилса-да, унинг 200 минг донаси қайта ишланмоқда. Бундан ташқари, болалар ва аёллар учун сифатли чарм оёқ кийимлари ишлаб чиқариш талабга нисбатан бор-йўғи 4,2 фоизни ташкил этмоқда.

55 та янги турдаги маҳсулот тайёрланади

- Балки янги саноат лойиҳалари ишлаб чиқиш, соҳада тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ишлари етарли бўлмаётгандир. Айрим йўналишларда мавжуд имконият ёки талаб даражасида маҳсулот ишлаб чиқарилмаётгани шу омил билан боғлиқ эмасми?

- Бу фикрингизга қўшилмайман. Негаки, жорий йилда фақат Ургут туманининг ўзида 5 гектар майдонда чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Келгуси йилларда вилоятнинг бошқа туманларида 20 гектар майдонда мазкур йўналишдаги кичик саноат зоналари фаолияти йўлга қўйилади.

Аслида жорий йил саноат тармоғини ривожлантириш бўйича 1627,9 миллиард сўмлик 275 та истиқболли лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Бунда 162 турдаги (шундан 55 та янги турдаги маҳсулот) йилига 993 миллиард сўмлик тайёр ва ярим тайёр саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Хусусан, йилига 5,6 минг тонна ўсимлик ёғи, 4 минг тонна ип калава, 2,9 миллион квадрат метр гилам ва гилам маҳсулотлари, 15 минг тонна гипс, 288 минг тонна асфалть, 6,8 минг дона маиший техникалар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, янги турдаги 8,8 минг тонна гипс картон учун картон қоғоз, 500 дона ТМГ русумли трансформаторлар ва 32 минг дона биометалл радиаторлар тайёрланади. 

Таҳлилларга кўра, ўтган 6 ойда 340,1 миллиард сўмлик 75 та лойиҳа, шундан 19 таси муддатидан аввал ишга туширилди. Ушбу корхоналарда 42,8 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Асосийси, 913 та янги иш ўринлари яратилди.

- Суҳбатимиз сўнгида Самарқанд саноати салоҳиятини янада ошириш борасидаги истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Вилоятимизда саноатни ривожлантириш бошқа соҳалар билан узвий олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мисол учун, соҳада юқори қўшилган қиймат улушини ошириш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича жорий йилда умумий майдони 210 гектар бўлган 88 та кичик саноат зоналари ташкил этилди. Бундан ташқари, барча туманларда “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг филиаллари ташкил этилмоқда.

Умуман, 2021-2023 йилларда қиймати 2 583,8 миллиард сўмлик 30 та саноат кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунда бошқа тармоқлар билан бевосита боғлиқ бўлган озиқ-овқат, енгил ва қурилиш материаллари саноати асосий ўрин эгаллайди.

 - Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Ё.Марқаев суҳбатлашди.