Самарқандда қурилиш ишлари кўлами кенгаяди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг етмиш олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 8 ноябрдаги “Маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича белгиланган лойиҳалар ижросини назорат қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 октябрда қабул қилинган “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокимининг 4 ноябрдаги қарори билан вилоятда 585 маҳаллада 588 та лойиҳа амалга оширилади.

Жумладан, бу лойиҳаларнинг 296 та ички йўллар, 189 таси ичимлик суви ва оқова сув таъминоти, 51 таси электр энергияси ва 5 таси газ таъминоти билан боғлиқ.

Маҳаллаларда бу ишларнинг амалга оширилиши республика ва вилоят даражасида масъуллар томонидан назорат қилиб, мувофиқлаштириб борилади.

Хусусан, Олий Мажлис Сенатидан палатанинг ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев вилоятга масъул этиб белгиланган.

Сессияда Ф.Боқиев иштирок этиб, белгиланган вазифаларни амалга оширишда мутасадди ташкилотлар ҳамда депутатлар масъулияти ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 ноябрдаги “Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан вилоят аҳолиси турмуш шароитини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури доирасида маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари, ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминоти ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда модернизация қилиш объектларига бош лойиҳачи ташкилотлар ва бош пудратчи ташкилотларни тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Депутатлар лойиҳа ва пудратчи ташкилотларни тасдиқлаш билан бирга белгиланган ишларни ҳалол-пок, давлатнинг пулига хиёнат қилмай бажариш юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ажратилган республика бюджети маблағларининг 2022 йилда иқтисод қилинган қисмини вилоятда ички йўлларни таъмирлашга йўналтириш тўғрисидаги, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисидаги, 2022 йил III чорак якунлари бўйича вилоят ҳокими ўринбосарларининг фаолияти самарадорлиги натижаларини тасдиқлаш ҳақидаги, вилоятдаги айрим номсиз аҳоли пунктларини номлаш тўғрисидаги, вилоят маҳаллий бюджетнинг 2022 йил харажатларини мақбуллаштириш ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги ва бошқа бир қатор масалалар тасдиқлаб олинди.

Ушбу масалаларни тасдиқлаш жараёнида вилоят ҳокими Э.Турдимов кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама бўлаётган Самарқанд шаҳри кўчаларидаги тирбандликлар, Амир Темур кўчаси реконструкцияси бўйича ўз фикрларини билдирди.

– Амир Темур кўчасини реконструкция қилиш бўйича халқаро даражада танлов ўтказилди ва ҳозирда бу ишларни амалга оширадиган лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар аниқланди, – деди Э.Турдимов. – Йил якунига қадар кўчада ишлар бошланади. Шунингдек, Гагарин кўчасида – Рудакий ва Мирзо Улуғбек кўчалари билан кесишган чорраҳаларда иккита туннел, шу йўлнинг Қорасув массивигача бўлган қисмида - темирйўл ва Сиёб ариғи устида иккита кўприк қурилади. Бу ишлар ҳам халқаро стандартлар бўйича, хориждан мутахассислар жалб этилган ҳолда бажарилади.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, учинчи сектор раҳбари Р.Маматов давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан ҳисобот берди.

Қайд этилишича, жорий йилда давлат дастурлари асосида вилоят учинчи сектори ҳудудида 43 та объектни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган бўлиб, 1 ноябрь ҳолатида 33 та объектда ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилган. 4 та объект йилдан йилга ўтади, 6 та объект эса 1 декабрга қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ушбу объектларни қуриш учун 6 та буюртмачи ташкилот белгиланиб, 213 миллиард 375 миллион сўм маблағ ажратилган.

Сектор ҳудудий ишчи гуруҳи ҳамда ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қурилиш ишлари бориши ўрганилганда, мисол учун, Ургут тумани Мерганча маҳалласи ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массивида янги мактаб қурилишида, Самарқанд тумани Гулобод қўрғонидаги Президент таълим муассасалари тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб қурилиши ва жиҳозланишида, Нуробод тумани Саройқўрғон қишлоғидаги 39-мактаб филиали қурилиши жараёнида камчиликларга йўл қўйилгани аниқланиб, улар бартараф этилди.

Сессияда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 апрелдаги “2022-2026 йилларда Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган йўл харитасида белгиланган туризм, маданият, маданий мерос йўналиши бўйича топшириқларнинг ижроси бўйича ҳисобот берди.

Самарқанд халқаро туристик маркази қурилиши, Самарқанд халқаро аэропорти, Имом Бухорий мажмуасининг янгидан бунёд этилиши, яратилган қулайликлар туфайли вилоятда туризмни жадал ривожлантириш имкониятлари туғилди.

- Ҳозирда Самарқанд халқаро аэропорти орқали ҳар ҳафта Москва шаҳрига 15 та, Истанбулга 6 та, Краснодар ва Екатеринбург шаҳарларига 5 тадан, Сочи ва Олма-Ота шаҳарларига 4 тадан, Санкт-Петербург ва Красноярск шаҳарларига 3 тадан, Дубайга 2 та ва бошқа авиақатновлар амалга оширилмоқда, – деди Р.Қобилов. – Йил бошидан буён 4248 ўринли 32 та  янги меҳмонхона очилди ва меҳмонхоналар сони 154 тага етиб, бир вақтнинг ўзида 10 733 нафар сайёҳни қабул қилиш имконияти  яратилди. Йил якунига қадар яна 310 ўринли 5 та меҳмонхона фойдаланишга топширилади. 2022 йил ноябрь ойига қадар вилоятга 114 давлатдан 613 минг нафар хорижий туристлар ташриф буюрди. Айни пайтда сайёҳларнинг вилоятда ўртача қолиши 2,6 кунни ташкил қилмоқда. Бу муддатни беш кунга етказиш учун туристик маршрут ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Вилоятда давлат бюджети ва маҳаллий бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичларининг III чорак якуни бўйича ижроси тўғрисида вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаевнинг ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланишича, ҳисобот даврида даромадлар режаси 3 триллион 10 миллиард сўм этиб (113 фоиз) бажарилди. Маҳаллий бюджетнинг харажатлар қисми эса 99,7 фоизга ижро этилиб, 5 триллион 497 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилди.

9 ойда 38,2 миллиард сўм қўшимча даромад манбалари аниқланган. Жумладан, 2726 корхонада 8594 нафар норасмий ишлаб келаётган ишчи-хизматчилар белгиланган тартибда расмийлаштирилди.

Шунингдек, йилнинг олти ойида 6115 та юридик ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилган бўлсада, дастлабки тахлил жараёнида 5195 таси солиқ тўламасдан келаётганлиги аниқланди. Ўрганишлар натижасида 2358 та субъектдан 1659 таси фаолият кўрсатиб келаётганлиги ҳамда 3636 нафар ходим норасмий ишлаб келаётганлиги маълум бўлди.

Б.Мирзаевнинг қайд этишича, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳолати ўрганилганда туманлардаги таълим ва тиббиёт муассасаларида ойлик ва устамаларни нотўғри ҳисоблаш, қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган. Бундай ҳолатларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилган.

Сессияда халқ таълими тизимини 2022 йилда ривожлантириш бўйича вилоят дастури ижроси юзасидан вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази раҳбари А.Ибрагимовнинг ҳисоботи эшитилиб, мазкур муассаса фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича депутатлар томонидан таклифлар билдирилди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.