СамДЧТИ ўзини ўзи молиялаш тизимига ўтишга тайёрми?
Институт ректори Илҳомжон Тўхтасинов қандай режаларни амалга оширмоқчи? Қуйида шу ҳақда.
Бошқа давлатлар 20-30 йилда эришган ютуқларга 3-4 йилда эришишга ҳаракат қилишимиз керак
Давлатимиз ривожланяпти, имкониятларимиз кенгайяпти. Мамлакатимизда уч йил олдин бу даражада ўсиш кузатилмаганди. Айниқса, таълим тизимига катта эътибор бериляпти. Президентимиз Мурожаатномада: “Биз янги Ўзбекистонни очдик”, деди. Биз янги Ўзбекистонни очганимизга ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Қисқа вақт ичида бошқа давлатлардан узиб кетишга, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнимизни, нуфузимизни оширишга бел боғлаганмиз. Бошқа давлатлар 20-30 йилда эришган ютуқларга 3-4 йилда эришишга ҳаракат қилишимиз керак.
Яқинда республикамиздаги баъзи олий таълим муассасаларини тубдан такомиллаштириш мақсадида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиш тартиби жорий этилди. Тажриба тариқасида ўтказилаётган ушбу синов республикамиздаги ўнта олий таълим муассасасига юкланди. Шулардан бири – Самарқанд давлат чет тиллар институти. Сабаби, соҳамизга бўлган эҳтиёж борган сари ошяпти. Энди ўзини ўзи молиялаштираётган институтлар ўз муаммоларини мустақил бартараф этишга ҳақли бўлади. Лекин бу институт тўлиқ мустақил бўлди, дегани эмас.
Ўзини ўзи молиялаштиришнинг яна бир афзаллиги, молиявий мустақил бўлганлигимиз сабабли келажакда топадиган даромадларимизни камбағал оила фарзандлари бўлган талабаларга сарфлашимиз, уларга моддий ёрдам бериш, рағбатлантириш имкониятига эга бўляпмиз.
Бу йил камида 1200 нафарга яқин талабани ўқишга қабул қилиш имкониятига эгамиз
Президентимиз айтганидек, бу йил олий ўқув юртига ўқишга кирувчи талабаларнинг квоталари беш фоизга оширилади. Ўтган йили институт 1066 нафар талабани ўқишга қабул қилган бўлса, бу йил камида 1200 нафарга яқин талабани ўқишга қабул қилиш имкониятига эгамиз. Бу албатта, моддий техник база, профессор-ўқитувчиларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб белгиланади.
Бундан ташқари, биз ўз имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда яна контракт ёки қўшимча контракт асосида талабаларни ўқишга қабул қилишимиз мумкин. Шунингдек, хорижий нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 2+2, 3+1 дастурлари асосида ҳам чет элдан талабаларни ўқишга қабул қиламиз.
Агар талаба тўлов шартномаси асосида қарздор бўлиб қолган бўлса, уни курсдан қолдиришимиз мумкин
Контракт асосида ўқийдиган талабани ўқишдан ҳайдаш мумкин эмас, деган ҳужжат йўқ. Талаба институтнинг меърий ҳужжатлари асосига жавоб бермаса, албатта, уни курсдан-курсга қолдирамиз. Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарорига асосан талаба узлуксиз равишда, сабабсиз дарсларга келмай қўйган бўлса ёки институт билан алоқани узса, уни талабалар сафидан четлаштиришга мажбурмиз. Бундан ташқари, талаба контракт тўловларини ўз вақтида бажармаса, у билан шартномани тўхтатишга ёки узишга тўғри келади. Тартиб ҳаммага бир хил, қонун ҳамма учун баробар. Лекин бизда талаба учун яна бир имконият бор. Агар талаба тўлов шартномаси асосида қарздор бўлиб қолган бўлса, уни курсда қолдиришимиз мумкин. У кейинги йилга келиб ўша курсни давом эттиради.
Хорижлик талабалар суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади
Институт юзга яқин нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаган. Унда талаба алмашинуви, ўқитувчилар алмашинуви, уларнинг малакасини ошириш ёки биргаликда конференцияларни ташкил этиш белгиланган. Хорижлик талабалар суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади. Улар ўз ҳисобидан контракт асосида ўқийди. Институт ўз талабаларини грант асосида хорижга ўқиш ёки малакасини оширишга юборади. Бунда иқтидорли, билимли талабалар саралаб олинади.
Журналистика факультетига 10-20 нафар талаба қабул қилинади
Талаб ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда 2020-2021 ўқув йилида институтда журналистика факультетини очмоқчимиз. Факультетга 10-20 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Кўпи билан 30 нафаргача талабани ўқишга қабул қилишимиз мумкин. Биз талабаларнинг сонига эмас, сифатига эътибор қаратамиз. Уларга профессор-ўқитувчилар ҳамда тажрибали журналистлар дарс беришини таъминлаймиз.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА
ёзиб олди.