СамДЧТИда қўшни давлатлардан ўқишини кўчирган талабаларга дарс машғулотлари бошланди
Самарқанд давлат чет тиллар институтида жорий йилнинг 12 март куни қўшни давлатлардан ўқишини кўчириб келган талабаларга дарс машғулотлари бошланди.
Ҳозирча 281 нафар талабанинг 10 нафари кундузги таълим, қолган 271 нафари эса кечки таълим йўналишида ўқишга қабул қилинган.
- Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига ҳужжат топшириб, ўқишга киролмагач, Қозоғистон Халқлар дўстлиги университетига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиндим. У ерда 1 семестр ўқидим, 800 АҚШ доллари миқдорида контракт пули тўладим, - деди Зуҳра Сангирова. – Мана бугун ўқишимни таълим йўналишим бўйича инглиз тили факультети, хорижий тил ва адабиёти таълими йўналишига кўчирдим. Бизга берилган бу имкониятдан жуда хурсандман.
- Сотим Улуғзода номидаги Душанбе давлат институтига 6 минг сомон контракт пули асосида ўқишга киргандим, - дейди Азиз Муҳиддинов. – Мен ҳам Самарқанддаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, ўқишга киролмагач, Тожикистонга суҳбат асосида ўқишга кирдим. Ўқишимни ватанда давом эттириш имконияти туғилганидан ота-онам жуда мамнун.
Институтда кечки таълим йўналишида талабалар 4 йилу 6 ой ўқийди. Дарслар соат 17:30 дан 20:20 гача давом этади. Шунингдек, улар кундузи ишлашлари ҳам мумкин.
- Биз ҳозирча 15 февралгача ҳужжат топширганлар учун дарс машғулотларини бошладик, - деди институтнинг инглиз тили факультети декани Отабек Юсупов. – Ўқишини кўчиришни истовчилар учун ҳужжат топшириш 15 мартгача давом этади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 4 мартдаги буйруғига асосан талабаларнинг ҳужжатлари институт томонидан тўлиқ текширилади. Талаба қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида камида охирги бир семестр ўқиган бўлиши, шунингдек, кўчирилаётган таълим йўналишига мос (турдош) таълим йўналишида тўлиқ ўқиган бўлиши керак.
Қўшни давлатларда ўқимаганлиги ёки қалбаки ҳужжатлар аниқланган тақдирда талабаларнинг ўқишини кўчиришга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида мусофавий таълим шакли бўйича ва онлайн тарзда таҳсил олаётган талабаларнинг ҳам ўқишини кўчиришга рухсат этилмайди. Талабалар ҳужжати тўлиқ текшириб бўлингач, улар расман талабаликка қабул қилинади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.