СамВМИда Латвия университети билан ҳамкорликда қўшма факультет очилади

Бугун Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори Латвия табиий  фанлар ва технологиялар университети халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Волдемарс Барисс ва халқаро алоқалар бўйича координатор Лигита Ваита ҳамда “Baltik Center” ташкилоти вакили Ксения Долченкони қабул қилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Латвия университети билан “Озиқ овқат хавфсизлиги ва инновациялар” таълим йўналиши бўйича халқаро  қўшма факультет ташкил этиш борасидаги музокаралар ўтган йилдан буён давом этмоқда. 2019 йилнинг куз фаслида Болтиқбўйидаги мазкур университет ректори, профессор Ирина Пилвере бошчилигидаги делегация  мамлакатимизда меҳмон бўлган ва институт ректори Худойназар Юнусов билан музокаралар олиб борганди. Шундан сўнг Латвиядан яна бир делегация келди. Хуллас, йил давомида ўтказилган музокаралар давомида ҳар иккала олий таълим муассасалари мутасаддилари келишуви бўйича институтда қўшма факультет фаолияти йўлга қўйилмоқда. Янги 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб бу факультетга талабалар қабул қилинади.

Учрашувда мутасаддилар шартнома-битим шартлари асосида молиявий, ҳуқуқий томонларни муҳокама қилиб олишди. Унга кўра, таълим инглиз тилида олиб бориладиган, 12 кишидан кам бўлмаган гуруҳлар ташкил этилади. “2+2” дастури бўйича ёшлар икки йил СамВМИда, яна икки йил  Латвияда ўқишади. Битиргач, бир вақтнинг ўзида иккита дипломга эга бўлади.

Шунингдек, мулоқот давомида ҳамкорликнинг янги босқичи, магистратура таълим йўналишини “1+1” дастури бўйича ташкил этиш борасида ҳам фикр-мулоҳазалар алмашинди.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.